Жомий ва Навоий адабий ва абадий дўстлик тимсоли

128

Дунёда бир-бирига яқин миллатлар кўп. Бироқ тили бош­қа-ю дили бир бўлиб кетган икки халқнинг жипслиги борасида ўзбек билан тожикка етадигани йўқ.

Уларни кўринишидан ажратиш мушкул. Либос, урф-одат – бир хил. Бундай уйғунлик адабиётда ҳам яққол намоён бўлади. Ўзбек ва тожик адабиёти бир муҳит, бир мезон, бир ғоявий-мафкуравий майдонда ривожланиб келган. Хусусан, XV асрда икки буюк зот – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий пир-муридлиги, устоз-шогирдлиги, ижодий ҳамкорлиги мисолида ўзининг юксак даражасини намоён этди.
Нуриддин Абдураҳмон Жомий гарчи Хуросоннинг Жом қишлоғида туғилган бўлса ҳам Ҳиротда яшаб, ижод қилган эди. Ёш жиҳатидан Жомий Навоийга ота қатори эди. Чунки Навоий туғилганида Жомий 27 ёшда эди.
Жомий ва Навоий ҳаёти ва ижодини бир-бирисиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар ўша давр адабий-маданий, маънавий-маърифий муҳитининг икки буюк устуни эди. Ҳамма нимаики ёзса, аввал шу икки зотнинг назаридан ўтказиб олишни истар, уларнинг гапи асарга берилган асл баҳо ҳисобланарди.
Жомий ва Навоий каби бир-бирининг ижодига таъсир ўтказган замондошлар адабиёт тарихида ноёб ҳодиса ҳисобланади.
Навоийнинг

Очмағай эрдинг
жамоли оламоро, кошки,
Солмағай эрдинг
бори оламға ғавғо, кошки, –

матлаъси билан бошланадиган ғазали эл орасида катта шуҳрат қозонади. Ҳатто, у султон Ҳусайн Бойқаро ҳузурида ҳам ўқилади. Жомий худди шу қофия ва радиф асосида тожик тилида бу ғазалга ўхшатма (назира, татаббуъ) битади. У

Дидаме дидори он
дилдори раъно, кошкӣ,
Дида равшан кардаме
з-он рӯйи зебо, кошкӣ, –

матлаъси билан бошланади. Атоқли олим Нажмиддин Комилов таъкидлаганидек, «Жомийнинг татаббуъ тариқида ёзган ғазали ҳам эл орасида шуҳрат топиб, Ҳусайн Бойқаро эътиборини қозонади ва подшоҳ Навоийга ушбу форсий ғазалга мусаддас боғлаш (ҳар бир байтни олти мисралик бандга айлантириш)ни амр этади. Ҳазрат Навоий бу амрни бажарадилар – яна янги бир ажойиб асар вужудга келади».
Мазкур мусаддаснинг биринчи банди қуйидагича жаранглайди:

Кардаме дар хоки кӯйи
дӯст маъно, кошкӣ,
Судаме рухсори худ
бар хоки он по, кошкӣ.
Омадӣ берун зи кӯй
он сарви боло, кошкӣ,
Бурқаъ афкандӣ зи
рӯйи оламоро, кошкӣ,
Дидаме дидори он
дилдори раъно, кошкӣ,
Дида равшан кардаме з-он
рӯйи зебо, кошкӣ.

Жомий ва Навоий ижодида умумий руҳий яқинлик бор эди. Навоий «Маҳбуб ул-қулуб»да форсийзабон шоирларни беш гуруҳга бўлиб тасниф этади. Биринчиси – ишқи ҳақиқийни куйлаган шоирлар. Иккинчиси – ҳақиқий ишқни мажозий ишқ маҳсули сифатида ёритган шоирлар. Учинчиси – мажозий ишқни куйлаган шоирлар. Тўртинчиси – ҳам ишқи ҳақиқий, ҳам ишқи мажозий тас­вирида комил, иккаласи тасвирини ҳам юксак даражага кўтарган шоирлар. Навоий пири ва устози бўлмиш Жомийнигина шу гуруҳга қўшади. Бешинчиси – назмни фақат кўнгилларни хушнуд, хурсанд ва рози қилишнинг воситасигина деб биладиган шоирлар. Навоий уларни энг паст табақа деб ҳисоблайди. Чунки уларнинг «сўзларида не ҳақойиқ (Худо) ва маориф (Худога яқинлик, тасаввуф) нўшидин ҳаловат ва назмларида не шавқ ва ишқ ўтидин ҳарорат» бор.
Шу ўринда ўта муҳим бир масалани фаромуш қилмаслигимиз зарур: Навоий Жомийни қайси гуруҳга киритган бўлса, унинг ўзини ҳам шунга мансуб деб ҳисоблаш лозим. Чунки, биринчидан, Навоий адабиётда илоҳий ишқ ёритилишини асосий мезон қилиб олиб, бу борада пирининг йўлидан юргани аниқ. Иккинчидан, адабиётнинг Ҳаққа ишқ масаласига муносабатида бу икки замондош ­шоирда муайян бирхиллик юзага келган бўлиши табиий. Учинчидан, таснифга асос бўлган масала учун адабий асар қайси (форсийми, туркийми) тилда ёзилганининг сира аҳамияти йўқ эди. Тўртинчидан, Навоийнинг бундай таснифни амалга оширишдан кўзлаган бир илинжи ўзининг бу борада айнан қайси гуруҳга мансублигини келажак учун билдириб ўтишдан иборат эди. Бешинчидан, Жомий Навоийнинг пири эди, муриднинг ижодий йўли муршиднинг йўлига мувофиқ бўлиши лозим эди.
Бироқ бундан Жомий билан Навоий ҳар тарафлама айнан бир йўналишдаги шоир эди, деган хулоса чиқармаслик керак. Навоий таснифида гап фақат Аллоҳга ишқни ёритиш бўйича адабиёт турлари ҳақида боряпти. Жомий ва Навоийнинг ўзига хосликлари ҳақида сўзланадиган бўлса, бир талай масалалар юзага чиқади. Жомий, аввало, олим, сўнг эса шоир эди, Навоий эса, аксинча, аввало, шоир, сўнг эса олим эди.
Қолаверса, ўртада тил фарқи бор эди. Бундан келиб чиқадиган ўзига хосликлар ҳам мавжуд. Жомий равон, силлиқ, илгари кўп ўтилган, очилмаган йўлаги кам қолган, шунинг учун янги йўл топиш мушкул бўлган йўлдан юриши керак эди. Навоий, ­таъбир жоиз бўлса, кўп жиҳатдан очилмаган қўриқда, кенг майдонда, деярли юрилмаган йўлдан юришга мажбур бўлди. Бу жиҳатдан иккаласи олдида турган мушкулот ҳам бир-­биридан қолишмас эди.
Шу ўринда Жомийнинг Навоийни эътироф этиб айтган мана бу фикр­и­­­ни келтириш ўринли: «Бу қаламга фалакдан офаринлар ёғилсин! Чунки бу ёқимли нақшни ўша қалам яратди ва форсий тил эгалари, форсча назм дурларини тизувчиларга раҳм қилди: агар у ҳам шу форсий тилда ёзганида, бошқаларга сўз айтишга мажол қолмасди. Бу мўъжизакор назм тарозиси қаршисида Низомий ким-у Хусрав ким бўлди?!» .
Ҳолбуки, Навоий шеъриятда эришган ютуқларини, айнан Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз Шерозий, албаттаки, Абдураҳмон Жомий ижодининг таъсири ҳосиласи, деб билади. Масалан, «Ғаройиб ус-сиғар» девонининг 650-ғазали мана бу мақтаъ билан тугайди:

Демангиз булбул Навоийни,
самандардекки, бор
Назми ичра шуълайи Жоми-ю
сўзи Хусравий.

«Бадоеъ ул-васат» девонининг 215-ғазал мақтаъсида яна икки устози – Жомий ва Хусравни тилга олади:

Эй Навоий, сен-у Хусрав била
Жомий таври
Санъат-у рангни қўй,
сўзда керак дард ила сўз.

Ёки «Хамса» достонларининг ҳар бирида Жомий ҳақида махсус боб бор. «Ҳайрат ул-аброр» да 65, «Фарҳод ва Ширин» да 34, «Лайли ва Мажнун» да 40, «Сабъайи сайёр» да 41, «Садди Искандарий» да 44 байтдан ташкил топган. Буларнинг жами 220 байт бўлишини инобатга олиб, навоийшунос Каромат Муллахўжаева «Агар ҳар бир достондаги бу мадҳлар жамланса, кичик бир достон ҳажмини олади», – деб ёзади. «Мажолис ун-нафоис», «Насойим ул-муҳаббат…» тазкираларида ҳам Жомий таъриф-у тавсифига алоҳида қисмлар бағишланган.
Навоий «Хазойин ул-маоний»ни Жомий маслаҳати билан тузган.
«Рисолайи мусиқий», «Рисолайи муаммо», «Нафаҳот ул-унс…» асарларини Навоий устозига илтимос билан ёздирган. Жумладан, «Нафаҳот ул-унс…»нинг ёзилишига сабаб бўлгани ҳақида Навоий «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват» тазкирасида бундай деб ёзади: «…Ҳазрат устозим, саййидим, ҳужжатим, махдумим ва шайх ул-исломим Мавлоно, миллат ва дин нури – Абдураҳмон Жомий (унга Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати, саломи ва ризоси бўлсин) хизматларида «Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс» китоби жамъ-у тартибининг боиси бўлдум» .
Жомий вафот этганидан кейин Навоий устозининг бу асарини айрим тўлдиришлар билан ўзбек тилига таржима қилди. «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват» тазкираси шу асосда юзага келди.
Жомий Муҳаммад пайғамбар ­­­(с. а. в.)нинг қирқ муборак ҳадисини форсийда шеърга солиб, ҳадислар мазмунини тўрт сатрлик қитъаларда баён этиб берди. Навоий устозидан рухсат сўраб, шу қитъаларни ўзбекчага таржима қилди. «Арбаин» тўплами шу тарзда дунё юзини кўрди.
1479–1485 йиллар мобайнида, яъни 65–71 ёшларида «Ҳафт авранг», («Етти тахт» ёки «Етти айиқ») деб аталган буюк мажмуа яратиб, хамсанавислар сафидан ўрин олди. Жомий «Хамса» анъанасига янгилик киритиб, яна икки достон қўшди. «Ҳафт авранг» «Туҳфат ул-аҳрор» («Нуронийлар туҳфаси», 1481/1482), «Сибҳат ул-аброр» («Тақводорлар тасбеҳи», 1482/1483), «Юсуф ва Зулайҳо» (1483), «Лайли ва Мажнун» (1484), «Саломон ва Абсол» (1479/1480) ва «Хирадномаи Искандарий» (1485), «Силсилат уз-заҳаб» («Олтин занжир», 1472) асарларидан таркиб топ­ган.
Навоий 1483–1485 йиллар орасида, яъни 42–44 ёшларида «Хамса» ёзди. Навоий 1485 йили «Хамса» сининг охирги достони бўлмиш «Садди Искандарий»ни Жомийнинг айнан ана шу 1485 йили яратилган «Хирадномаи Искандарий» достонига жавоб тариқасида татаббуъ қилиб битди.
Бу «Хамса»ларнинг ёзилиш ва тугалланиш муддати бир пайтга тўғри келганининг ўзидан ҳам билиниб турибдики, икки буюк қалам соҳиби ўртасида буюк ижодий мусобақа ҳам бўлган. Бундан фақат форсий ва туркий сўз санъати, балки жаҳон адабиёти ҳам ютган.
Абдураҳмон Жомий 1492 йилнинг 8 ноябрида вафот этди. Пири Саъдуддин Кошғарий ёнига дафн қилинди. Навоий шу муносабат билан таърих ва марсия ёзди.
Биз – ўзбеклар ва тожиклар абад ул-абад Жомий ва Навоий кўтарган дўстлик ва биродарлик, бирлик ва яқин қўшничилик байроғини қўлда маҳкам тутмоғимиз керак.

Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди

Бошқа хабарлар