Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди

180

Президентимиз раислигида жорий йил 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларга кўра, эндиликда жиноятчиликка қарши курашиш ва уни жиловлашда «Жиноят ҳақиқати ва адолат» деб номланган янги тизим асосида иш олиб борилмоқда. Унга кўра, нафақат ички ишлар идоралари, балки бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари масъул раҳбарлари ҳам жойларга бориб, жиноятлар сабабини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради.

Аёл нега жиноятга қўл урди?

Қўшработ туманида яшовчи М.Ҳамроева оилавий жанжал оқибатида турмуш ўртоғи Б.Абдиевни пичоқлаб қўйди. Бу бир неча йиллик оилавий низолар оқибати эди.
Жомбой туманида ўн йил бирга яшаган бир оила барбод бўлди. Не ажабки, ичкиликка ружу қўйган эр ўз турмуш ўртоғини икки ойда 17 маротаба хумордан чиққунча дўппослаган. Ушбу сатрларни ўқиб ярим тунда бечора аёл чеккан ­­нола-ю фиғонлар қулоқлар остида жаранглаб кетгандек бўлади. Аммо Жомбойда буни ҳеч ким эшитмаган. Ҳаётдан, турмушдан зада бўлган аёл ўзига жиноятни раво кўрди… Бир гўдак чирқиллаб етим қолди. Тўғри, ичкиликбоз эрнинг хурмача қилиқларига қонуний жазо берилди. Аммо бундан энди кимга наф?
Бу хонадонларда бўладиган ғала-­ғовурлардан қўшнилар бехабар эдими? Маҳалла-кўй, қариндош-уруғ эрнинг ичкиликбоз эканини билмасмиди? Ёки ўзимизга хос ­андиша – оилавий масалаларга аралашмаслик бизни ушлаб турармиди?
– Назаримизда, бундай масалаларни фақатгина муҳокама этиш ва муносабат билдириш билангина чекланиб қолмоқдамиз, – дейди халқ депутатлари Жомбой тумани кенгаши депутати Зулфия Отамуродова. – Низоли оилалардаги ­муаммоларни тегишли тарзда ўрганиш учун халқнинг ичига чуқурроқ кириб боришимиз даркор. Яқинда давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида барчамизни ҳушёр торттирди. Биз теварак-атрофга очиқ кўз билан қарашимиз, ҳар бир воқеа-ҳодисага чуқур ёндашишимиз зарурлигини уқтирди. Тўғри, тарғибот-ташвиқот ишлари амалга ошириляпти. Оилаларнинг ижтимоий муаммолари бартараф этилмоқда. Оддийгина бир мисол, туманимиздаги 150 тага яқин оилаларга 2017-2018 йиллар мобайнида бепул газ плиталари ва газ баллонлари етказиб берилди. Ўтган йили ўнта, жорий йилда 25 та кам таъминланган оилаларнинг хонадонлари бепул таъмирланди. Турмушда қийналганлар ҳар томонлама назоратга олинган. Аммо булар етарли эмас. Баён этилган ҳолатларда ижтимоий жиҳатдан эмас, ­маънавий томондан ҳам оқсоқликлар мавжуд бўлган маҳаллалардаги хотин-қизлар масаласидаги мутахассисларимиз янада фаолроқ бўлишлари лозим. Улар атрофига ҳудуддаги билимли, оқила, ҳурмат-эътиборга лойиқ аёлларни тўплаб, ҳар бир оила дардига шерик бўлиши керак.

Ривоят

Давлат ғазнасига тушган ўғри бор бойликни ўртага тўплайди. Энди тугунини тугиб кетар чоғида кўзи бурчакда турган бир нарсага тушади. Қизиқиши ортиб қўлга олади. Ушлаб кўрса, дур ҳам, жавоҳир ҳам эмас. Ҳидласа иси ҳам йўқ. Ялаб кўрса… Туз экан.
Эртаси куни хазинага ўғри тушганлиги маълум бўлади. Аммо ҳеч нарсага тегилмаган эди. Ҳайратда қолган шоҳ қандай қилиб бўлмасин ўғрини топишни буюрибди. Ўғрини тутиб, подшо ҳузурига келтиришибди.
– Ғазнага ўғриликка тушибсан, нега ҳеч нарса олиб кетмадинг, – дея сўрабди подшо.
Шунда ўғри бўлган воқеани сўзлаб беради ва «салтанатингиздан туз тотиб қўйдим. Туз ҳурмати барча нарсаларни жойида қолдирдим», дея жавоб берган экан.

Маҳаллага бегона маҳалладошлар

Ўз маҳалласини тўнаган, ён атрофдагиларга зиён-заҳмат етказган киши бегонами? Афсуски, бугун кўплаб жиноятлар маҳалладошлар томонидан содир этилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги Садаф маҳалласи шаҳарнинг қоқ марказидаги гавжум ҳудудлардан бири саналади. Маҳаллада ўтган йили 4 та, жорий йилнинг олти ойлигида 9 та жиноят содир этилган. Бу кўрсаткич билан садафликлар шаҳарда «карвонбошилик» қилиб келаётир.
Маҳаллада нега хотиржамлик йўқ? Маҳалла фаоллари билан учрашиб, мазкур ҳолатга ойдинлик киритишга уриндик.
«Садаф» маҳалла фуқаролар йиғини- нинг хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассиси Наргиза Усмонова билан мулоқотда бўлдик. Наргиза опа илгари ички ишлар тизимида ишлаган, тажрибали мутахассис экан.
– Маҳалламиздаги жиноятнинг аксарияти четдан келганлар томонидан амалга оширилган, – дейди у. – Биз ҳудуддаги жиноятчиликка мойиллиги бор кишилар рўйхатини тузганмиз. Мазкур ҳолатлар содир этган кишилар билан тизимли иш олиб боряпмиз. Маҳалламиздаги Севара Шавкатова, Назира Фахриддинова илгари ўғрилик, фирибгарлик жиноятларини содир этиб судланган. Уларни иш билан таъминлаб, яшаш шароит­ларига кўмаклашиб келяпмиз. Муҳаммадиевлар хонадони эса низоли оилалар таркибига киритилган. Бу оила билан жуда кўп ишлаяпмиз. Игор Ипалитовнинг эса ичиб олиб, унча-мунча хархаша қиладиган одатлари бор эди. У маҳалла кўмагида даволанишга юборилди. «Ўғригина бола» Д.М. устидан ҳам назорат ўрнатилган. Мактаб билан ҳамкорликда у билан ишлаяпмиз.
– Ҳудудимиз жиноятчиликнинг қайд этилиши бўйича ёмон кўрсаткичга эгалигини тан оламиз, – дейди ҳудуд профилактика инспектори Дилшод Суюнов. – бизда, асосан, ўғрилик ва автотранспорт ҳодисалари кўпроқ содир этилмоқда. Ҳудуддаги 4 та ўғрилик ҳолатининг барчасини ўзимиз фош этдик. Жиноятга қўл урганларнинг биронтаси ҳам ҳудудимизда яшамас экан. Маҳалла фаоллари билан ҳудуд осойишталиги учун қатъий ҳаракатга киришдик. Маҳаллага ким кириб, ким чиққанигача назоратга олишга ҳаракат қиляпмиз.
Аммо булар етарлими? Халқимизнинг шундай нақли бор: ўз уйингни ўзинг асра. Ахир, жиноят бўлаётганда кимдир уни сезгани, кўргани бўлиши мумкин-ку! Одамлар орасида «менга тегмасанг бўлди» қабилидаги тушунчалар шаклланиб қолган. Демакки, оқсоқлик шу ерда кўриниб турибди. Тарғибот ишларини янада кучайтириш керак. Хонадондаги безовталик, беҳаловатлик маҳалла аҳлининг ҳам дард-у ташвишига айланиши даркор.

Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, шарт-шароит­лари, омилларини таҳлил этиш учун ўзини ўзи бош­қариш органларига, корхона ва ташкилотларга 1584 та тақдимнома киритилиб, 1538 та жиноят иши муҳокама этилган.

– Маҳалла ҳамда оилаларда ­ижтим­о­­­ий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни жиловлаш мақсадида «Маслакдош, елкадош, рақобатдош» (МЕР) тадбирини ишлаб чиққандик, – ­дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Бобоёров. – Бу лойиҳамиз аҳолининг турли қатламлари ичига кириб бориш, халқ билан мулоқотнинг самарадорлигига хизмат қилмоқда.
Вилоятимизда 1086 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Уларда 673 мингта хонадон, 876 минг оила истиқомат қилиб келмоқда. «МЕР» лойиҳаси асосида маҳаллалар тажриба алмашиш баробарида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ва бошқа ижтимоий нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ташаббусларини ҳам оммалаштиради. Ҳар ойнинг охирги шанбасини «Маҳалла куни» деб белгилаганмиз. Шу куни профилактик ҳисобга олинган шахсларга бириктирилган мураббийларнинг ҳисоботи ҳам тинглаб борилади.
Тўғри, ютуқлар ҳақида гапиришга ҳали эрта. Аммо ижобий силжишлар бор. Масалан, ўтган йилга нисбатан профилактик ҳисобда турувчи шахслар 44, гиёҳвандлик касалига мубтало бўлган аёллар 5, ичкиликка ружу қўйган хотин-қизлар 9, профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар 218 нафарга камайган.
Фикримизча, эътиборимизни фуқароларимизнинг дахлдорлик позициясини янада мустаҳкамлашга қаратмоғимиз зарур. Жиноятчини жазолагандан кўра, жиноятнинг олдини олган маъқул. Энг ачинарлиси, бу қабоҳатга ён-атрофимизда бўлган шахсларнинг бири қўл урмоқда. Ҳеч ким очилмаган сандиқ эмас. Машъум фикр, режа ва ўйдан кимдир барибир воқиф бўлади. Бир оғиз таскин, тасалли сўзи билан ёмон ўй-у фикрларни тарқатиб юбориш мумкин.

Муқаддас қўрғон  дарз кетмасин

Оилавий муаммолар ва жиноятлар борасидаги ҳолатлар ҳам кишини ўйлантириб қўяди. Бугун отага қўл кўтарган ўғил, фарзандини сотган оналар ҳақида кўп эшитяпмиз. Яна бир ҳолат, жуда ҳам оғир ва уятли ҳолат… Ургут туманида оталикни белгилаш тўғрисидаги мурожатлар сони қарийб мингтага яқинлашиб қолган. Тумандаги кенг жамоатчиликни бу ҳолат безовта қилмаяптими?

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилояти бош­қармаси томонидан 1822 та нотинч оилалар рўйхатга олинган. Ўтган давр­­да 404 оиладаги беҳаловат вазият­ларга барҳам берилган. 1752 та никоҳдан ажралиш ҳақида мурожаат қабул қилиниб, марказ аралашуви билан 652 оила муросага келтирилган.

– Мавжуд ҳолатлар ташвишли, ­албатта, – дейди халқ депутатлари Ургут тумани кенгаши депутати Мадина Баратова. – Ҳозирда шу мақсадда туманимиздаги «Аёллар ижтимоий мослашув маркази»да руҳшунос шифокор, ҳуқуқшунос, маҳалла хотин-қизлар билан ишлаш мутахассислари томонидан кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган. Ўзининг илк фаолиятиданоқ марказ хотин-қизларимизни оғир руҳий, ижтимоий танг­ликдан олиб чиқишга кўмакдош бўлмоқда. Тушунтириш, тарғибот ишлари кучайтирилмоқда.
– Кузатишимизча, ижтимоий томондан ривожланган ҳудудларда бу ҳолат кўпроқ, – дейди «Оила» илмий-­амалий тадқиқот маркази Самарқанд вилояти бошқармаси бош мутахассиси Сожида Насриева. – Яшаш учун барча шарт-шароит, иш бўлса-да, аҳиллик масаласида нуқсонлар бор. Эндиликда ана шу жойларда кўпроқ иш олиб боришни режалаштиряпмиз.
Айтмоқчи бўлган фикримиз шуки, ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни шу йўлга киришга мажбур этадиган сабаблар аниқланса бас. Ҳар бир инсон тақдири ўзимизнинг ҳаётимиз ва юрт тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканини англаб етишимиз даркор. Шундагина жиноятлар ва жиноятчилар камайишига эришамиз.

Нурилла ШАМСИЕВ

Бошқа хабарлар