Аёл тўғри йўлдан нега тойди?

167

… М. исмли акушер-гинеколог аёл, туғруқхонада ўн икки йилдан буён илоҳий бир ҳодиса – таваллуд онларига гувоҳ бўлиб юрган мутахассис бола олди-сотдисига аралашиб қолиб, жазога ҳукм этилди. Икки вояга етмаган норасидаси ортидан изиллаб қолди.

Қайнонаси:
– Менга қамоқда ётиб чиққан келин керак эмас, – деб эълон қилди.
Эри ҳам онасининг гапини гап деб турибди.
Аслида, М.нинг жинояти қаердан, қайси нуқтадан бошланган? Ким туппа-тузук шифокорни жарга итарди?
… Аччиқ-аччиқ сўроқлар изидан юриб, уларга жавоб топишга ҳаракат қилар эканмиз, сабаб ва оқибатга қараб юраверамиз.
М. оддий оиланинг қизи эди. Аммо Яратган уни сулув яратган эдики, бадавлат хонадоннинг ўғли ўша гўзалга ошиқ бўлди.
– Ўғлим тузук-қуруқ сарпо кўрмади. Онасининг менга атаганларини эл кўзида очгани уяламан… тарзидаги гап-сўзларни келинига «елим» лаб ёпиштириб, уни «паст» дан олиб, «паст» га соладиган қайнонанинг тили иккинчи ўғлига келин туширгач, яна ҳам қайрала ­бошлади.
– Ана, қудамисан, дегани шунақа бўлади. Иккинчи келинимнинг онаси туғилган кунимда бриллиант кўзли узук совға қилди. Гавҳарнинг ёнида миснинг нималиги кўриниб қоляпти…
«Болаларим, севимли касбим бор, бир куни қайнонам ҳам чарчаб, бас қилар» , дея умид қилиб юрган М.нинг қалбида камситилиш, хўрлик жароҳатга айлана боради. Худди шу кунларда унга:
– Истамаган болалар туғилади. Бири – гуноҳ меваси, бошқаси ўғил кутаётган хонадонга қиз, қиз кутаётганга ўғил келади… Хоҳласангиз, уларни тирноққа зорларга топшириб, пул қилиб бераман. Олган одам расмийлаштириш ташвишидан қутулади, сен қайнонангнинг оғзини ёпасан… деган таклиф бўлади.
М:
– Йўқ, бу ноқонуний иш – охири вой. Шу пайтгача этагимга чанг, хас илаштирмадим, буёғига ҳам шундай бўлади, – дейиши мумкин эди.
Лекин у аввал ўйланди ва: «Бир марта қилсам… нима бўпти», ­деди-ю жиноятга қўл урди.
Муқаддас чизиқни бир кесиб ўтдингми, у ёғига соҳил, қирғоқ борми? Шундай қилиб, «олди-сотди» авжланди.
Қайнона қўша-қўша тиллолардан мамнун… Лекин ҳар қандай жиноятнинг охири панжара бўлганидек, М. ҳам қора курсига ўтириб, қилмишига жавоб берди.
Ким айбдор? Бу жиноят юз бермаслиги мумкин эди-ку, деган фикр­ларга ўтмасдан аввал яна бир муд­ҳиш воқеани келтиришни жоиз билдик. С. эгиз болалари билан уйда, ўзи вақтинча ишсиз. Масъулиятсиз эр кўчадан ҳаловат, роҳат излайди. С. ота-онасидан бир марта ёрдам олади, икки марта. Сўнг келинойисининг:
– Бу қизни узатиб ҳам тинчимадик, – деган маломатидан сўнг ота-она уйидан қадами узилади. Эрга ялинади:
– Алвастига ўхшайсан. Бу ойда сочингга тароқ тегдими ўзи? Кийимингни қара, ҳидингдан кўнглим айнийди?
Эри уни сўз билан «тепиб» чиқиб кетади. С.нинг дилида қасос алангаланди. «Сени бир умр пушаймонлик ўтида ёндираман», дейди… Кечаси ўзини унутиш учун умрида қилмаган ишини қилиб сархуш қилувчи ичимлик ичади. Болалари устига болта билан бостириб боради…
Ҳозир иккала маҳкума билан суҳбатлашсангиз ҳам кўзидан ёши тинмайди, пушаймонлик тошларининг остида эзилади. Ростдан ҳам, улар аёл-ку!
Лекин яна бир ҳақиқат шуки, бир одам содир этган жиноят ҳам якка содир этилмайди. Унинг орқасида суд залига олиб келинмайдиган, қора курсига ўтирмайдиган гуноҳкорлар бўлади. Тўғри, бўладиган ишга эгаси сабабчи, деган тўхтамни ҳам инкор этиб бўлмайди. М. ҳам сабр-бардош қилса, шу пайтгача юриб келган тўғри йўлидан тоймаса бўларди. Шунча йил вайсаган қайнонаси яна жавраб ўтираверарди. С.га ҳам тирикчиликнинг бирор йўли топиларди. Қирқ эшик ёпилса, қирқ биринчиси очиларди. Лекин инсон тош эмас, ҳамиша ҳамма нарсага чидайвермайди. У кўпроқ яккаланганда, атрофидагиларнинг меҳр қўллари узилганда руҳан ёлғизликда хатога йўл қўяди.
Ҳикоя қилганимиз икки жиноят ҳам тўсатдан қилинган қарор эмас. Йиллар, ойлар давомидаги изтироблар натижаси. Ўша икки аёлнинг атрофи ҳам бўм-бўш эмасди. Опа-сингиллари, бош­­қа жигарлари бор эди. Улар бу бугунги маҳкумаларнинг бирор марта бўлса-да, кўзида ёш, сўзларида изтироб кўргандир, бирор марта бўлса-да, ҳаср­атини эшитгандир. «Нима қилай?» деган сўроғига дуч келгандир.
Жиноят нариги қитъада содир этилмаётган экан, ёнимизда, рўпарамизда юз бераётган экан, ўзимизни шу жиноят учун озгина бўлса-да, айбдор ҳисоб­лайлик! «Менга нима?» деган бўлувчи, ажратувчи, яккаловчи кайфиятдан узоқлашайлик!

Қутлибека
РАҲИМБОЕВА

Бошқа хабарлар