Бахт мезони

28

Бахт нима? Унинг чегараси борми? Агар бўлса, қаердан бош­ланади-ю қаерда тугайди? Яна бир жиҳати, аксар инсонлар ўзи бахтли бўлса-да, чинакамига бахтиёр эканини англамайди ёки ҳис этмайди (билмайди.) Ёки аксинча, «мен бахтлиман» дейди-ю, аммо бахти нимада эканини айта олмайди. Бахтнинг ўлчови қандай?

Бойликми ё камбағаллик? Агар чинакам бахт бойликда бўлса, дунё­даги энг бой инсон Билл Гейтсни (молиявий ҳолати 80 миллиард доллардан ортиқ) энг бахт­­ли инсон дейиш мумкин. Дунёга машҳур «Форбес» журнали мухбири «борди-ю эрта тонгда туриб ҳисобингизда 2-3 миллиард маблағингиз камайиб (қимматли қоғозларингиз нархи тушиши эвазига) дунё рейтингида 1 поғона пастласангиз қандай ҳолатга тушган бўлардингиз?», дея сўраганда, у «Мен биринчи бўлишга ўрганиб қолибман, шекилли. Агар шундай бўладиган бўлса, унда ўша заҳотиёқ психолог­ларим ёнига югураман ёки уларни зудлик билан ёнимга чорлайман», деган жавобни берган. Ер юзидаги жами аҳолини 10 кун боқишга қурби етадиган инсон ўзининг молиявий ҳолати учун «арзимас» бўлган 2-3 миллиард долларни деб ўзини йўқотиб қўйишига нима дейсиз? Бундай инсонларнинг бахти қанчалик ҳавас қиларли? Сиз ўша ер юзининг энг бой одамини энг бахтли инсон ҳисоб­лармидингиз?
Бахт балки тинчликдадир? Чин бахтини соғлиқда ҳам, беморликда ҳам топганлар озмунчами? Нафақат тана соғлиғи, балки қалб соғлиғи бахтнинг янада тўкис бўлишини ­таъминлайди. Қалб хотиржамлиги ҳамиша ҳалол ва имонли бўлишни талаб этади.
Айримлар наздида, ўзгаларнинг сени тушуниши – бахт.
Шундай тоифа инсонлар борки, улар наздида мол-у дунё ва давлат, мансаб – бахт. Лекин энг катта нуфузли ташкилот-корхона ёки давлат идорасида мансабдор шахснинг жамоа билан орадаги муносабатларида иллат, фисқ-у фасодлар бўлса, унинг хатоларини қидириб, оёғидан чалиш пайи­­да бўлсалар, бундай мансабдорни бахтли дея оламизми?
Инсон Аллоҳ яратганлари ичида онгли, ақл-у зеҳн эгасидир. Шунинг ўзи омад, шунинг ўзи бахт. Бинобарин, бахт – кичик-кичик хурсанд­чиликлар йиғиндиси, улкан келажак бош­ланиши учун туртки, чақалоқлар йиғиси, ёшлик кулгиси, ўспиринлик орзуси – олий таълим ҳужжати, эришаётган муваффақиятлардан қувониш, фарзандлар ва набиралар ардоғи…
Бахт, бу – омаддир. Қашшоқ ­оилада туғилиб Жанубий Корея президенти даражасигача етган Корея давлатининг ривожланиш асосчиси Ли Мён Бак ўзининг ҳаёти ҳақида «менинг бахтим замирида омадлар яширин. Бежизга айтишмас, омади келмаган инсон оёғи остидаги олтинни ҳам ололмайди», ­дейди.
Зеро, ҳар қандай буюк мақсадларни шакллантирувчи ва амалга оширувчи куч, бу – ишончдир.
Менинг наздимда эса бахт шук­роналикда. Умрингиз йўлларини сарҳисоб қилинг-а? Сиз эришган кўп нарсаларга бошқалар эриша олмаган. Бугунги синовлар эртанги муваффақият гарови. Сиз ишонингки, сиз бахтлисиз. Ана шу ишонч сизни бахтга етак­лайди.

Завқиддин НАСИМОВ

Бошқа хабарлар