Дўстлик махзани

179

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўзбошиси билан нашр қилинган Абдураҳмон Жомийнинг ижод намуналари жамланган «Муҳаб­бат махзани» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, миллий маданият маркази фаоллари ва таржимонлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид Абдураҳмон Жо­мийнинг ҳаёти, ижодининг миллий ада­биётимиздаги ўрни, Алишер Навоий билан муносабатларининг маънавий ҳаётдаги инъикоси ҳақида сўз юритди. «Муҳаббат махзани» асарининг чоп этилиши халқларимиз орасидаги дўстлик алоқаларини янги босқичга кўтариши, ришталаримизни янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов бу ўзига хос салмоқли иш бўлгани, унинг ортида таржимонлар, олимларнинг заҳматли меҳнати ётганини таъкидлади. Тожикистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ва бошқалар мазкур асарнинг нашр қилиниши нафақат адабиёт, балки сиёсий, маънавий, ижтимоий ҳаётда ҳам ҳодиса бўлгани, бу билан ҳар икки миллатни табриклаш зарурлигини эътироф этишди.
Ўзбек ва тожик халқлари азалдан дўст бўлиб келган. Яшаш тарзи, кийиниш, муҳитдаги муштараклик адабиётда ҳам ўз аксини топган. Ўзбек ва тожик адабий алоқалари, ўзаро таъсирланишлар ҳар икки адабиёт ривожига хизмат қилган. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий устоз-шогирдлиги, ижодлари фикримиз далилидир. Халқларимиз ўртасидаги қардошлик алоқалари уларнинг ижодида кучли илҳом манбаи бўлган. Улар орасидаги самимий муносабатлар ҳар икки халқни бир-бирига қадрдон қилганини тадбирда сўзга чиққанлар алоҳида ­эътироф этишди.
мазкур китобдан Абудараҳмон Жомийнинг Қамчибек Кенжа, Шоислом Шомаҳмудов, Эргаш Очил каби моҳир мутаржимлар ўзбек тилида жило берган ғазаллари, қитъа­лари, мураббаълари, номалари ва достонлари ўрин олган. Мутолаа давомида Абдураҳмон Жомийнинг бетакрор ижодкор, қомусий аллома, тасаввуф илмининг чуқур билимдони, шоир ва мутафаккир сифатидаги қирраларини яна бир бор кашф этасиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолангани эса юқори руҳда ўтган тадбирнинг мантиқий якуни бўлди.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар