Иш ҳақи ундирилди

69

Шўрчи туманидаги Оққамар маҳалласида яшовчи Фарҳод Маматалиев Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг «ИШОНЧ» телефонига мурожаат қилиб, 2011 йилдан бошлаб Шўрчи тумани маданият бўлимида турли вазифаларда ишлаб келгани, иш берувчи жорий йилнинг 23 февраль куни унинг розилигисиз маданият ва аҳоли дам олиш маркази ­режиссёр-мутахассиси вазифасига ишга ўтказганини баён этган ва ўз вазифасига ишга тиклаб беришни сўраган.

Меҳнат Кодексининг 92-моддаси 1-қисмида «Бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) — унга бош­­қа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин», деб кўрсатилган. Бироқ иш берувчи Ф.Маматалиевни бошқа ишга ўтказишда розилигини олмасдан ҳамда меҳнат шартномасига ўзгартириш киритмасдан, МКнинг 92-моддаси талабларини бузган. Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан киритилган тақдимномага асосан, иш берувчи 2018 йил 1 майдаги 31-к-сонли буйруқ билан Ф.Маматалиев маданият-маърифат ишлари ­бўйича бош мутахассис вазифасига ишга тикланган. Аммо штат бирлигидаги ойлик иш ҳақининг бир миллион олти юз эллик минг беш юз эллик олти сўмлик фарқини тўламаган.
Меҳнат Кодексининг 112-моддасида меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилганлик ёки ходимни ғайриқонуний равишда бош­­қа ишга ўтказганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги кўрсатилган бўлиб, ишга тикланганда иш берувчига ходимга мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш мажбурияти юклатилган.
Бундан ташқари, мазкур Кодекснинг 275-моддаси 2-қисмида «Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги, бошқа ишга ғайриқонуний равишда ўтказилганлиги ёки ишдан ғайриқонуний равишда четлатилганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ходимга ҳақ тўлаш тўғрисидаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш чоғида меҳнат низоларини кўрувчи орган томонидан ходимнинг пул ундиришга доир талаблари бир йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун қондирилади», деб кўрсатилган.
Бу ҳолатда иш берувчи томонидан Меҳнат Кодексининг 112-ва 275-моддалари талаблари бузилган. Шу сабабли Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан Ф.Маматалиевнинг манфаатини кўзлаб иш берувчига янги тақдимнома киритилди.
Яқинда мазкур тақдимнома қаноатлантирилди. Шўрчи тумани маданият бўлими ҳисобидан Ф.Маматалиевнинг фойдасига мажбурий прогул вақти учун 1.650.556 сўм миқдорида ойлик иш ҳақи ундириб берилди.

Зариф ХОЛОВ,
Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик
бўлими мудири

Бошқа хабарлар