Қуёшни қучган манзиллар

103

Ёзёвон тумани аҳли мустақиллигимизнинг 27 йиллик шодиёналарини кўтаринки руҳ, бунёдкорлик салоҳияти, янгидан-янги мақсадлар билан қарши оляпти. Қай ҳудуд­­га борманг, Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган «Обод қишлоқ» дас­тури ҳақида катта-ю кичик тўлқинланиб сўзламоқда. «Уйларимиз, йўлларимиз, кўчаларимиз янги қиёфага кириб қолди, шукур», деган изҳорлардан кўнглингиз кўтарилади. Ёзёвоннинг Қатортол ва Қоратепа қишлоқларида ҳам ушбу Дастур ижросига мувофиқ ташаббуслар кенг қулоч ёзган.

Қатортол — мўъжазгина маҳалла. Ҳозир бу ерда 502 та оила истиқомат қилади. Ҳудудга кирибоқ қайта таъмирдан чиққан маҳалла фуқаролар йиғини биносининг кўркам қиёфасига гувоҳ бўласиз. Қишлоқдаги эзгу ҳаракатлардан яна бири текис ва равон йўллардир. Тинчлик, Бобур, Аҳмад Яссавий номли кўчалардаги ана шундай йўллар билан таништириш мақсадида йиғин раиси Алижон Мирзакаримов бизни саришта кўчалар сари чорлади. Ҳудуд профилактика инспектори Исҳоқжон Лобаров ҳам ҳамроҳлик қилди.
– Илгари бу йўллардан юриш анча машаққатли эди. Айниқса, қорли, ёмғирли кунларда ўзимиз қолиб болаларимизнинг ҳам тизза бўйи лойга ботиб мактабга қатнашидан ташвишга тушардик. Энди бу кўчаларни ҳавасга айланасиз, – дейди Алижон ака самимият билан. – Бундай юмушлар ҳозирда Шук­рона, Орзу, Эзгулик, Ифтихор, Ҳамжиҳат кўчаларида ҳам адо этиляпти.
Қишлоқда жойлашган 18-умумтаълим мактабида ҳам жараён қизғин. Асосий ўқув биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариляпти. Янги ўқув йилини маҳалла болалари кўркам ва ёруғ хоналарда бошлайди. Шунга ҳамоҳанг равишда 13-мактабгача таълим муассасасида ҳам реконструкция ишларига астойдил киришилган. 90 ўринли муассасанинг 2 та биносида тубдан таъмирлаш ишлари олиб бориляпти, эшик-ромлар алмаштириляпти ва, энг асосийси, боғчага сув келтириш масаласи ҳал этилди. Бу ишлар «Аббос-ишонч-қурилиш» хусусий корхонаси қурувчилари томонидан бажарилмоқда. Эски гузарнинг қайтадан тикланаётгани, қабрис­тондаги ободлик ишлари ҳам Дастурда белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ амалга ошириляпти.
Қоратепа қишлоғидаги жараёнлар ҳам Қатортолдагидан қолишмайди. Ҳудуддаги ишлар ижтимоий ҳимоя масаласига эътибордан бошланди. Жумладан, кам таъминланган оилалар учун минг дона шифер етказиб берилгани туфайли обод хонадонлар кўпайди. Бунёдкорлик ишларига камарбаста бўламиз, деган яхши ният билан 939 оилада яшовчи аҳоли бир четда қараб тургани йўқ. Жамоат ишларига жалб қилинганлар қаторида катта-ю кичик кўчалар саришталиги, хонадонлар ободлиги учун астойдил меҳнат қилишяпти. Шунга мувофиқ, ички автомобиль йўлларига шағал ётқизилиб, шу кунгача 100 метр майдонда асфальтлаш ишлари амалга оширилди. 10,5 километр электр узатиш тармоқлари жорий таъмирланди ва 1 дона янги ТП ўрнатилди. Табиий газ ва ичимлик суви етказиб бериш масаласида ҳам худди шундай ибратли ишларни санаб ўтиш мумкин. Айни вақтда 280 дона кўча чироқлари ўрнатиш, 14 километр гулзорлар ташкил этиш давом этяпти.
140 ўринга эга 6-сонли мактабгача таълим муассасасида, 28-умумтаълим мактабида мукаммал таъмирлаш жараёни олиб бориляпти. Ушбу таълим даргоҳлари қаторига яқинда яна бири қўшилади. Тадбиркор Достонбек Бозоров давлат шерикчилиги асосида замонавий мактабгача таълим муассасасини ташкил этмоқчи…

Чевар қизлар – ҳунарини севар қизлар…

«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини яна бир ҳаётбахш ҳужжат десак арзийди. Буни қарорда акс этган имтиёз ва чора-тадбирлар ҳам тасдиқлайди. Аслида, ишбилармонларга ғамхўрлик қилиш Президентимизнинг доимий эътиборида. Ёзёвонда ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, солиқ ва мажбурий тўловлар борасида берилаётган имтиёзлар тадбиркорлик субъектларининг жадал ривожланиши, истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. «Қўрғонча» маҳалла фуқаролар йиғинидаги тадбиркор оилалар хонадонига ташрифимиз чоғида шу жиҳатларга гувоҳ бўлдик.
Ибн Сино кўчасининг 17-хонадонида Шокиржон Фозиловнинг саъй-ҳаракати билан ихчамгина тикувчилик корхонаси ишга туширилганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан бу ерда эркаклар футболкалари, ички кийимларини тайёрлаш қуввати ортиб боряпти. Хитойда ишлаб чиқарилган 10 дона замонавий тикув машинасини бошқараётганларнинг аксарияти ёшлар, маҳоратли чевар опа-сингилларимиздир. Маҳалладош аёлларнинг бандлиги таъминланаётгани эса тадбиркорни ҳам, қўни-қўшниларни ҳам қувонтирди.
– Фаолиятимизни кенгайтиришимиз учун қўшимча жой ажратиш масаласи ҳал этил­я­­пти, – дейди иш бошқарувчи Нодирахон Эгамова. – «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури эса корхонамизнинг ҳар томонлама ривожланишида дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Маҳалладаги қайси хонадонга бош суқманг, албатта, бир ишбилармон билан учрашасиз. Уларнинг меҳнатсеварлигини ­эътироф этиш асносида маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Рисолатхон Маҳмудова, котиба Саидахон Усмонова бизни бир қатор ана шундай тадбиркорлар билан таништирди. Масалан, Нодирахон Кабирова иссиқхонада етиштираётган лимон ва булғор қалампирлари оила­нинг муҳим даромад манбаига айланган. Шаҳзодахон Тўхлиева ҳам томорқада сархил лимон, помидор ва бодринг етиштириб, мўл ҳосил олишга эришяпти. Ҳунармандлар Неъматжон Ҳожибоев, Аҳмадилло Маматов, Носиржон Исоқов тайёрлаган турли мебеллар харидоргир.
Ёш оила бекаси, якка тартибдаги тадбиркор Иқболой Қўзибоева ҳам маҳалла аёлларини, коллеж битирувчи қизларини ўз ортидан эргаштирган маҳоратли чевар. Иш бош­лаганига эндигина 6 ой бўлган тикувчилик корхонасида ҳозирда 15 нафар қизнинг банд­лиги таъминланган. «Устоз-шогирд» тамо­йилига таяниб, бу ерда аёллар учун тўй либослари, миллий услубдаги оёқ кийимлар тайёрланиб, мижозлар меҳрини қозонмоқда.
– Фаолиятимизни ташкил этишда «Мик­рокредитбанк» сармоясига таяниб иш тутган эдик, – дейди Иқболой Қўзибоева. – «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурида белгиланган чора-тадбирлардан руҳланиб, мақсадларим янада кенгайди. Келгусида ўқув курслари очиш ниятим бор. Бунда яна маҳалла кафиллигидан фойдаланиб, банкдан сармоя олмоқчиман. Қолаверса, қиш­лоқдош опа-сингилларим учун янги иш ўринлари яратаман.
Ўз ҳунарини севган чевар қизлар ҳузуридаги суҳбатимиздан бир нарсани ҳис қилдик: тадбиркорлик бугун юртдошларимизнинг нафақат даромади ортишига, балки уларнинг қобилиятини намоён этишга ҳам хизмат қилмоқда.

Ёшлар тақдири –  ватан тақдири

Ёзёвон ёшлари ҳақида ҳар қанча гапирсак арзийди. Шоҳруҳмирзо Мамажоновнинг ўзбек жанг санъати бўйича халқаро миқёсдаги зафарлари нафақат туман аҳли, балки вилоят­нинг ифтихорига айланган. 14 карра Ўзбекистон чемпиони, деган шарафга мушарраф бўлган Шоҳруҳмирзо таэквондонинг ВТФ тури бўйича Италиянинг Линьяно-Саббьядорро шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида юртимиз ўғлонларининг қудратини яна бир карра намоён этиб, ғалаба қозонган эди. Айни вақтда тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Шоҳруҳмирзо сингари кўплаб ўқувчилар туман ва вилоят номини юксалтириш учун интилмоқдалар. Улар орасида айниқса, Баҳодир Ҳусанбоев, Омина Қодирова, Муҳаммадюсуф Турғунов, Муҳаммадрасул Усмонов, Мардонбек Сулаймонов кабиларнинг маҳорати эътирофга муносиб. 28-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўғил-қизларининг эришаётган ютуқлари ҳам бошқа таълим муассасалариникидан кам эмас. Ўтган йилларда истеъдодли раққосалардан иборат «Севинч» ансамбли миллий ва замонавий рақслари билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган «Окно в Европу» фестивали лауреати бўлди. Мактабнинг яна бир қобилиятли ўқувчиси Аброрбек Қодиров пуфлама ва зарбли чолғулар йўналишида «Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти фестивалида муносиб иштирок этди.
Президентимиз фармони билан ҳаётга татбиқ этилган «Ёшлар – келажагимиз» дастуридан ёзёвонлик ўғил-қизлар бир олам маъно топишмоқда. Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифаларга асосланиб, дастур ижросини мувофиқлаштириш бўйича ҳозирда туман ёшлар марказида ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Мунтазам ўтказиб борилаётган мониторинг натижалари истиқболда қандай ишларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Биргина ишчи гуруҳи вакиллари томонидан Қатортол, Ижодкор, Иттифоқ, Истиқлол, Тараққиёт, Дўстлик, Қорасой, Қоратепа, Порлоқ, Сувлиариқ, Тегирмонбоши, Сойбўйи ва Ёзёвон маҳаллаларида олиб борилган ўрганишларда 1217 нафар фуқаро билан суҳбатлашилди. Маҳаллалардаги ёшлар бўйича умумий таҳлиллар олиб борилди. Жонли мулоқотлар навқирон авлод вакилларининг қувонч-у ташвишларига шерик бўлиш, уларнинг мақсад-муддаолари билан яқиндан танишиш имкониятини бермоқда. Табиийки, асосий масалалардан саналган бандлик юзасидан ёшларга кўмак бериляпти. Юқоридаги маҳаллаларда қайд этилганидек, 165 нафар ёшлар тадбиркорлик, 15 нафари ҳунарманд­чилик, 25 нафари фермерлик фаолиятини бош­лашда сармоя, жой масалаларида муаммога дуч келмоқда. 41 нафар ўғил-қиз эса хорижий тилларни ўрганишни истайди. Шулардан келиб чиқиб ишчи гуруҳи вакиллари 98 нафар ёшни иш билан таъминлаш, 89 та ҳолатдаги банк кредити масаласини ҳал этиш ва бошқа масалаларда амалий ишларни олиб боришяпти. Дастурда белгиланганидек, ҳозирда туманда «Ёшлар меҳнат гузари», «Ёш тадбиркорлар» коворкинг марказларини ташкил этишга киришилди. Бу саъй-ҳаракатлар ёшларнинг тадбиркорлик саводхонлигини юксалтиришга, уларнинг ғояларини ривожлантиришга, янги иш ўринларини жорий этиш ва бошқа мақсадларга хизмат қилади.
Сирасини айтганда, туманнинг истиқлол туфайли юз очаётган жамоли, аввало, шу халқнинг бунёдкорлигидан. Қуёшни қучган манзилларда қум устида гул ундирган халқнинг азму шижоати ва қудрати билан яна буюк эзгуликлар амалга оширилади. Бунга ишончимиз комил.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ,
Жамшид ЭРГАШЕВ

Бошқа хабарлар