Беором қалб даъвати

140

Лев Толстойнинг биринчи ўқиган ва ёдимда қолган бадиий асари «Болалик. Ўсмирлик. Ёшлик» қиссалари бўлган. Шундан бери мен адиб билан мулоқотдаман. Нимададир унинг қаҳрамонлари Иртеньевга («Ёшлик»), нимададир  Оленинга («Казаклар»), нимададир Андрей Болконский («Уруш ва тинчлик»), Левин («Анна Каренина») ёки  Нехлюдов («Тирилиш»)га ўхшатардим ўзимни. Улар орқали ўзимни англагим, ёшликка хос бесабрлик билан ҳаёт  йўлимни топгим келарди. Бироқ 1985 йили чоп этилган «Биз нима қилишимиз зарур?» публицистик асарлари тўпламини ўқидим-у ҳаёт билан баҳслашиш одатимга айланди. Мен, Толстой ижодга, маърифатга ўргатади,  деб ўйлардим, англадимки, у ҳаёт ва ўзинг билан баҳслашиб яшашга ҳам ўргатар экан.

Тўплам «Иқрорнома» билан бошланади. Асар ҳеч қандай бадиий тўқималарсиз, содда ва равон тилда ёзилган. Адибнинг ўз ҳаёти ҳақидаги ҳикоялари қалби каби дардчил, ўйлари каби изтиробли, ҳаёти каби зиддиятли. Дардчиллиги шундаки, у ишонган, эъзоз­лаган идеаллар сохта экан. «…Проваслав мазҳабини тан олувчилар ва уни ўзларининг имони деб билганларнинг кўпчили­­ги ақли ноқис, бағри тош ва виждонсиз одамлардир. Улар ҳаддан зиёд ўзларига бино қўйишган». Бундай сўзлардан кейин мазҳаб қўриқчиси бўлган черков тинч турармиди? Изтироблиси шундаки, узоқ йиллар давомида адибнинг ўзи, барча аслзодалар, киборлар каби ҳаётдан завқ-шавқ излаб, шон истаб, иллатларга ботиб яшаган экан. «Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни қартага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман, фаҳш ишлар билан шуғулланганман, алдаганман. Ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик… Мен қилмаган жиноят қолган эмас…». ­Зиддият­ли томони шундаки, бу ҳаёт тарзидан воз кечиш осон эмас экан. Умри охирида адиб, реал борлиқ билан орзу-тилаклари ўртасидаги зиддият­ларни енголмай, ўз руҳини озод этиш учун, уйидан қочади. Бот-бот ўзини ўзи ўлдириш фикри ҳам уни таъқиб этганини эсласак, у ҳаётдан излаган маъно – пуч, бесамар, бемаъни. Ушбу бемаъниликка ақл-у идрок чидолмайди, ҳаётни асраш учун нимадир қилиш зарур. Лекин нима? Бу саволга жавобни у на Сулаймон пайғамбардан, на Шопенгауэрдан тополган.
На фикр излаш, на ижод, санъат унинг беором қалбига таскин беролган. Толс­той иқрор бўлади: «Ҳаётни ижод қилувчи меҳнаткаш халқнинг хатти-ҳаракати эса менга бирдан-бир арзийдиган ҳақиқий иш бўлиб кўринди. Шунда анг­ладимки, шу ҳаёт­­га ато қилинган маъно ҳақиқатдир. Ва мен бу ҳақиқатни қабул қилдим». У бу хулосага келганида «Уруш ва тинчлик» эпопеясини ва «Анна Каренина» романини эълон қилган, рус халқи дуч келаётган чексиз-чегарасиз муаммолардан яхши хабардор ижодкор эди. Унинг назарида, рус мужики ва деҳқони ўта адолатсиз муҳитда яшашга маҳкум этилган, адолатсизликнинг негизи – халқнинг эрксизлиги ва саводсизлигида. Бу эрксизлик ва саводсизликни жамиятнинг маърифатпарвар, халқпарвар, «Яқинларингни сев», деган там­ойилни ўз эътиқоди деб билган юқори табақа, айниқса, шоҳ, унинг атрофидагилар қўллаб-қувватлаб келаётгани аянчли. Шу тариқа у Россиянинг поёнсиз ҳудудларида эрксиз, ҳуқуқсиз, мададсиз яшаётган «юз миллионларнинг адвокати»га, эрк ва ҳуқуқларининг ҳимоячисига айланади.
«Очарчилик», «Ўлдирма», «Шоҳ ва унинг ёрдамчиларига», «Жим яшолмайман» каби публицистик асарларида адибнинг гражданлик позицияси, омма билан тузум ўртасидаги зиддиятлар ва зўравонликларга муносабатлари ёрқин ифодасини топган. Баъзан менда шундай таассурот уйғонадики, мазкур пуб­лицистик асарларини яратиш учун адиб романлар машқ қилгандек гўё… Биламан, катта ижодкорда бадиият билан пуб­лицистика бир-бирини тўлдириб келади, кейингисида ҳаётий муаммолар аниқроқ, реалроқ тас­вирланса-да, улар бадиий асарлардек қадрли, боқий эмас. Истаган ўқувчи ёки ижодкордан, Толстойнинг қайси асарларини биласиз, деб сўраб кўринг, у, аввало, адибнинг роман ва қиссаларини эслайди. Ваҳоланки, мутахассислар фикрича, Толстой 90 жилд­лик тўла асарлар тўпламининг ярмидан зиёдини публицистика, мактублар ва кундаликлар ташкил этади. Толстойнинг деярли 230 бетлик «Биз нима қилишимиз зарур?» деган публицистик асарида адиб тилга олган оммавий қашшоқлик, тубанлик шунчалик долзарб эдики, улар ҳақида жар солмаслик мумкин эмасди. Ёзмаслик виждонга, эътиқодга, пировард натижада инсон деган юксак номга хиёнат эди. Унда адиб деҳқонни қарамликда тутган крепостнойликни ҳам, ишчи меҳнатидан фойда орттиришга қурилган капитализмни ҳам танқид қилади, ҳар икки тузум ҳам – инсон эркига тажовуз. «Бехато айтиш мумкин: агар қуллик мавжуд бўлса, яъни биров ўз иродасига қарши, бошқанинг иродасига кўра, ўзи ёқтирмайдиган, номақбул ишни қилишга мажбурланса, бунинг боиси, ўз аҳамиятига кўра, кишини ҳаётидан маҳрум этувчи фақат зўравонликдир. Агар киши бутун меҳнатини бошқага берса, ўзи етарли овқатланмаса, кичик болаларини оғир меҳнатга ундаса, бизнинг ҳаётимизда (биз маърифатли деб атаётган, чунки унда биз яшаяпмиз), кўз олдимизда бўлаётганидек, ҳаётини ўзи нафратланадиган ва нокерак меҳнатга бағишласа, бу тақдирда айтиш мумкинки, бу меҳнатни у ҳаётдан маҳрум қилиш билан қўрқитаётганлари учун қилади. Шунинг учун ҳам бизнинг маърифатпарвар дунёмизда аксарият кишилар ўзлари нафратланадиган ва нокерак ишларни бажарадилар, кўп кишилар ҳаётдан маҳрум этиладиган хавф мавжуд қулликда яшайдилар». Ҳаётдаги ушбу адолатсизлик ва зўравонлик бошқа адолатсизлик ва зўравонликни келтириб чиқариши турган гап эди. Ахир кучни қарши куч билан енгиш мумкин эди-да. Адиб эса кучга қарши куч ишлатмасликка, «ўнг чаккангга урганга чап чаккангни тут» даъватига мувофиқ яшашга ундайди. Натижада асрлар давом этган қуллик, мутелик исавийликдаги нореал, ҳатто сохта даъват билан хаспўшланди, Толстой ижтимоий борлиқни қайта қуриш бўйича самарали бирор усулни, йўлни таклиф қилолмади. Унинг деҳқонларга ер бериш, кишиларни маърифатли қилиш, тенг ҳуқуқли қилиш ғоялари гуманистик аҳамиятга эга бўлса-да, уларни ўша пайтдаги жамият ҳам, адиб назарда тутган ва ўзи хизмат қилмоқчи бўлган «юз миллионлар» ҳам қабул қилмади. Баъзилар эса буни ҳақоратомуз тарзда «толстойщина», яъни «толс­тойчилик» деб баҳолади. Шоҳ ва унинг яқинларида, Толстой ғояларини тинглашга ҳам, уларни ҳаётга татбиқ этишга ҳам истак туғилмади. Натижада жамиятда, омма орасида норозилик, зўравонлик, исён кайфияти ўсаверди…
Ҳаёт ва ўлим масаласи адибнинг ­деярли барча асарларида, у ёки бу мавзу доирасида, тилга, тасвирга олинади. Уни даҳшатга солгани инсон умрининг боқийлик олдидаги «бир он»лиги эмас, балки ушбу «бир он»нинг ҳам ёвуз, қотил куч томонидан янада қисқа қилиниши, яъни илоҳ инъом этган умрга, ҳаётга инсоннинг тажовузидир. У машҳур мақоласини Исога тақлидан «Ўлдирма» деб номлаган. Унда Инжилдаги «Қилич кўтарган бари қиличдан ҳалок бўлур», деган сўзларни эпиграф қилиб келтиради ва бу билан таъкид­лайдики, ҳар қандай зўравонлик, одам ўлдириш, ҳатто қонунлар номи билан уюштириладиган қатллар оқланиши мумкин эмас, улар – инсондаги энг бад, ёвуз инстинкт, жонли ҳаётни мутлақ маҳв этишга қаратилган жиноят. Инсон бу жинояти билан Муқаддасга, Унинг олижаноб тартибларига қарши чиқади, бу – кечирилмайдиган даҳрийлик, бедиллик. Қотиллик! Бундай қотилликнинг пайдо бўлишига, Толстой фикрига кўра, аввало, тузум айбдор. Одамларни одамлар ўлдиради. Бу қотиллик қироллар, императорлар, президентлар, яъни давлат тепасидаги ўз осойишталиги, мавқе, мулки ва жонини асраши учун ҳар нарсага шай кучлар амри, қўллаб-қувватлаши ва даъватлари билан амалга оширилади. Ўша кучларнинг истаклари билан миллионлаб кишиларнинг ёстиғини қуритувчи урушлар олиб борилади, адолат талаб этганлар ҳибсга олинади, сургун қилинади, уларнинг фаоллари осилади ёки отилади. Ҳукмдорларнинг бу ҳаракатларини черков оқлайди, ваҳоланки, у Исо пайғамбарнинг «Ўлдирма!» даъватига хизмат қилиши лозим эди. Бироқ, Толстой гуманист сифатида, ҳукмдорлардан ўч олишни номақбул ҳол деб билади, балки уларни қотилларга айлантирган муҳитни, жамиятни ўзгартиришга чорлайди. Ушбу муҳитни, жамиятни ўзгартириш учун «жуда оз нарса керак, – деб ёзади адиб. – Кишилар нарсаларни борлигича тушунишлари ва уларни ҳақиқий номлари билан аташлари керак».
Толстой публицистикаси XIX ва XX аср бошидаги ўта зиддиятли, беадад муаммолар қаърига ботган, оддий ақл анг­лаши мушкул рус халқи ҳаёти билан уйғун. Даҳо адиб тафаккури ва қалби, руҳи ушбу ҳаётни қамраб олишга, уни инсонсевар қилишга интилди, аммо ҳаётнинг ўжар, бераҳм қонунлари унинг истакларини топтади. Бироқ бу истаклар ҳаётнинг ўша ўжар ва бераҳм қонунларидан юксак, эъзозли экани туфайли Лев Толстой буюк сиймолар галереясидан жой олган. У қуюқ қошлари тагидан осуда, лекин тийраклигимизни синаётгандай тикилади.

Виктор АЛИМАСОВ,

фалсафа фанлари доктори

 

Бошқа хабарлар