Китоб кўргазма учун олинадими?

130

Ҳеч кимга сир эмас, бугунги ёшлар ўзларига керакли маълумотларни электрон воситалар орқали олишга ҳаракат қилишади. Албатта, бу усулнинг яхши ва қулай жиҳатлари кўп. Лекин…
ота-оналар болалари интернет тармоғидан қандай маълумот олаётгани билан ҳар доим ҳам қизиқишмайди. Айрим оила ­бошлиқларидан фарзандингизга охирги марта қачон китоб олиб бергансиз, дея сўрасангиз, жавоб бериша олмайди. Сабаби, ё олиб беришмаган ёки қачонлардир олиб бергани хаёлидан кўтарилган. Минг афсуски, ота-оналарнинг китоб­­га, мутолаага бундай эътиборсизлиги фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмай қўймайди.

Бир куни ишдан уйга қайтаётиб, тасодифан икки боланинг суҳбати қулоғимга чалиниб қолди. Қўлида таниқли ёзувчининг китобини кўтариб олган боладан шериги сўради:
– Бу китобни сотиб олдингми? Ўқишга вақтинг бўладими, компьютер хонадан чиқмайсан-ку?
– Э, жўра, биласан-у китоб ўқишни ёқтирмайман. Шунчаки, кўргазма учун. Дадам бирор-бир китоб сотиб олиб, сен ҳам ўқи, деб пул берганди. Олдингми, деб сўраб қолиши мумкин.
Ана холос! Бундан кўринадики, айрим ёшларимиз ота-онаси ёки устозларига гўё ўзларини «китобхон» қилиб кўрсатиш учун китоб харид қилар экан-да?!
Кейинги вақтда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан китобга, адабиётга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Айниқса, ёзувчи ва адибларимиз, ижод вакилларига катта эътибор қаратилиб, кенг имкониятлар яратилмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Китоб олами» савдо мажмуалари фаолияти кенг йўлга қўйилмоқда. Китоб ўқиган «Спарк» минмоқда.
Бироқ олдимизда турган яна бир муҳим масалалардан бири, бу – оилада китобхонлик маданиятини юксалтириш. Ўз исботини топган бир ҳаёт қонуни бор – ўзимиз амал қилмаган ишга фарзандимизни асло ўргата олмаймиз. Ахир ота-­онанинг ўзи телевизор томоша қила туриб, фарзандига китоб ўқи, деса тўғри бўлармикан? Ёки ўзимиз ўқимаган китобни болага «бу жуда яхши асар» дея тавсия қилишимиз-чи? Аслида, китобхонлик тарғиботини ҳар бир хонадон соҳиб­лари ўзидан бошлаши керак. Ахир, фарзандимиз китобдан оладиган маънавий зиёни бошқа ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Зеро, адиб Асқад Мухтор айтганидек, «Китоб бебаҳо хазина. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани».

Дилафрўз ЎРОЗОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар