Маъмурий қамоқ: у қандай ўталади?

43

Президентимиз томонидан 2017 йил 9 январь куни имзоланган «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатимизда маъмурий жавобгарлик тўғрисида қонун ҳужжатларининг такомиллашуви борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол намунаси бўлди.

Шу вақтга қадар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 23-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий жазо чораларидан бири сифатида маъмурий қамоққа олиш жазоси белгиланган эди. Мазкур кодекснинг 346-моддаси учинчи қисмида маъмурий қамоқни ўташ Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган қоидалар асосида амалга оширилиши қайд этилган бўлишига қарамасдан, ушбу нормани амалга оширувчи ҳуқуқий механизм мавжуд эмас эди.
Янги қонун маъмурий қамоқни ўташ тартиби билан боғлиқ бўлган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, маъмурий қамоқни ўташ принциплари, тартиби, маъмурий қамоққа олинган шахс­ларнинг ҳуқуқий ҳолати, қонуний манфаатларини белгилаб беришни ўзида акс эттирди.
Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ маъмурий қамоққа олиш – маъмурий жазо тури бўлиб, у шахсни жамиятдан вақтинча ажратиб қўйиш шароитларида сақлашдан иборат. У 3 суткадан 15 суткагача бўлган муддатга, фавқулодда ҳолат режими шароитида эса жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун 30 суткагача бўлган муддатга қўлланилади.
Маъмурий қамоқни ўташ учун асос туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйи­­ча судьясининг қарори, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, шунинг­дек, ҳарбий комендантнинг ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори ҳисобланади.
Қонунда белгиланишича, маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхоналарнинг умумий камераларига ёки бир кишилик камераларга жойлаштирилади. Камераларда бир кишига тўғри келадиган майдоннинг нормаси камида 2,5 квадрат метр, аёллар учун эса камида 3 квадрат метрни ташкил этади. Юқумли касалликларга чалинган беморлар сақланадиган камераларда бир кишига тўғри келадиган майдон 4 квадрат метрдан кам бўлмаслиги керак.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари берилади. Маъмурий қамоққа олинган шахс­ларга ўзининг кийим-боши, пойабзали ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланишга ҳам рухсат берилади.
Қонун талабига мувофиқ маъмурий қамоққа олинган барча шахслар учун шахсий хавфсизлик таъминланади.
Қонуннинг 22-моддасига кўра, махсус қабулхона маъмурияти ва ходимларига маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ёзма розилигига кўра уларни ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб этиш ҳуқуқи берилган (меҳнатга қобилиятсиз шахс­лар бундан мустасно). Бунда уларга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан – Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаган ҳақ тўланиши лозим.
Давомийлиги суткасига икки соатдан кўп бўлмаган махсус қабулхона хоналаридаги санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, шунингдек, ички ишлар органи ёки махсус қабулхона ҳудудини ободонлаштириш билан боғлиқ бўлган ишларга ҳақ тўланмайди.
«Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонуннинг 40-моддасида у расмий эълон қилинган санадан йигирма тўрт ой ўтгач кучга кириши (2019 йил 11 январдан) белгилаб қўйилди.
Мазкур қонун маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ҳимоя қилиш кафолатини мус­таҳкамлаш, мавжуд қонунчиликдаги «ҳуқуқий бўшлиқлар»ни тўлдириш, жазони ижро этишда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ва мазкур органлар ходимларининг жавобгарлигини оширишга кўмаклашиши билан аҳамиятга моликдир.

Ғуломжон ҲАКИМОВ,
Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ,
юридик фанлари номзодлари

Бошқа хабарлар