Мени ҳаётга қайтарган меҳр

128

Ҳаёт — ўйин эмас. Турмуш йўллари гоҳ чароғон, гоҳ қоронғу экан. Шу йўл бизга ҳаёт ҳикматларини уқтириб, кўрсатиб борар экан.
Яқинда тасодифан бир оёғи йўқ киши билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Унинг ҳикояларида ҳаёт ҳикматлари акс этарди:

— Оёқларим соғ бўлиб, дўконда ишлаб юрганимда, тўғрисини айтсам, турмуш ўртоғимни менсимасдим, уни бирор жойда ўқимаганликда, ҳунар ҳам ўрганмаганликда, фақат кетмон кўтариб, далада ишлаганликда айблардим. У эса ярим кечагача ухламасдан мени кутиб ўтирарди.
— Шу пайтгача ўтирибсанми? Ухлайвермайсанми? Келаман-да шу уйга. Ёки сенинг хаёлингда…
Хотиним кўзларини ерга тикканича лом-мим демасди. Бироздан сўнг «овқатингизни олиб келайми?» дея сўрарди, холос.
— Йўқ, заҳар олиб кел, заҳар!
Ҳаётимиз шу алфозда ўтарди. Бирин-кетин тўртта фарзандли бўлдик. Бироқ то ҳануз улфатларим билан чойхонама-чойхона ўтиришни канда қилмасдим. Бу орада укамни уйлантирдик. Алоҳида уй-жой қилиб чиқишга тўғри келди
Рўзғор алоҳида бўлгач, унинг «ғор»ини тўлдираман, деб анча қийналиб қолдим. Шунда аёлим эски одатига кўра қўлига кетмон олиб, далага чиқиб кетди.
Бир куни тунда тўйдан қайтаётиб, ҳалокатга йўлиқдим…
Кўзимни очиб шифохонада эканлигимни билдим. Бироздан сўнг палатага онам кириб келди.
— Жонинг омон қолганига шукр қил, ўғлим, кўргулик экан, — деди кўз ёшларини рўмолининг бир чеккаси билан артиб.
Мен эса дастлаб онамнинг нима учун йиғлаганини тушунмабман. Кейин ўрнимдан турмоқчи бўлдим. Аммо бир оёғимнинг тиззадан пасти йўқ эди…
Ўшанда эндигина ўттиз бешга киргандим. Ўзимни сираям бир оёқсиз тасаввур қила олмасдим. Орадан ойлар ўтди. Даволаниб, шифохонадан чиқдим. Уйимизга қўлтиқтаёқда кириб бордим.
Ҳеч ким тўшакка михланмасин экан. Энди эртадан кечгача чўзилиб ётаман. Қўлимдан бирор иш келмайди. Шундай кунларда жонимга турмуш ўртоғим ора кирди. У эрталаб мен ва болаларимга нонушта тайёрлайди. Кейин кетмонини олиб далага жўнайди. Тушликда ҳам шу аҳвол. Хамир қоради. Биз билан овқатлангач, яна даласига кетади. Кечқурун ишдан қайтгач, нон ёпади, сигир соғади, овқат тайёрлайди. Уни кузатиб ўтириб, бирор маротаба «уф, чарчадим» деган сўзини эшитмадим.
Дўконда ишлаб юрганимда чиройли кийиниб, уйга керилиб келардим. Гўёки ҳамма нарсани қотириб қўйгандек. Яна «Уфф, чарчадим! Тез-тез овқатингни олиб кел!» дея бечора хотинимга бақирардим.
Хуллас, тўшакка ётиб қолганимдан сўнг­гина аёлимнинг қадрини сеза бошладим. Кейин ҳеч бўлмаса ёрдам бўлсин, дея овқат маҳали картошка-пиёзини арчиб берадиган бўлдим.
Рўзғорнинг оғирлигини бутунлай елкасига ортган хотинимга раҳмим келиб, ўзимга енгилроқ иш қидирдим. Ва охир оқибат яна дўконга қайтдим. Энди кассада ишлаяпман. Ҳаётга меҳрим ошяпти. Ногиронлик бу ҳаёт тугади, дегани эмас, бир синов экан. Ҳар гал шу ҳақда ўйлаганимда ўзимга-ўзим дейманки: «Мен аёлимнинг меҳр-у муҳаббати, сабр-у тоқати билан яна ҳаётга қайтдим».
Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист

Бошқа хабарлар