Аҳил ва соғлом оила — мустаҳкам қўрғон

143

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги ­«Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-­амалий тадқиқот маркази ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, айни вақтга қадар оилаларни алоҳида ижтимоий институт сифатида мониторинг қилувчи ва бу борадаги ягона сиёсатни амалга оширувчи давлат органи мавжуд эмас эди. Оилалар билан ишлаган ташкилотлар тарқоқ равишда фаолият юритарди. Масалан, маҳалла институти оилаларни маҳалла кесимида, ­хотин-қизлар қўмитаси аёллар масаласида, соғлиқни сақлаш тизими она ва бола саломатлиги йўналишида ва шу каби бошқа қатор ташкилотлар ҳам ўз объекти тизимида давлат сиёсатида иштирок этиб келарди, холос.

Мутлақо янгидан шакллантирилган Марказнинг асосий вазифаси давлат ва жамоат ташкилотлари, парламент, сиё­сий партиялар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бош­­қа институтларини Ўзбекистон оилаларини мустаҳкамлаш ягона ғояси атрофида бирлаштириш, бу борада самарали давлат сиёсатини юритиш, мамлакатда фақат соғлом оила соғлом жамият устуни бўлиши тўғрисидаги тушунчани аҳоли онгига сингдиришдан иборатдир.

Кучли, барқарор ва фаровон давлат негизини ҳам, аввало, мустаҳкам оилалар ташкил этади. Таассуфки, ҳали- ҳамон ижтимоий оғриқларга сабаб бўлувчи эрта никоҳларнинг ортиши кузатилмоқда, ажрашишлар сони йил сайин 10-11 фоизга ошиб бормоқда, аёллар жиноятчилиги, вояга етмаганлар назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги кўп учрамоқда. Бундай нохуш манзараларга чек қўйиш ва олдини олиш учун оилалар билан ишлаш тизимига ҳаётий, самарадор механизмларни жорий қилиш зарур. Марказимиз тадқиқотлари айнан шу саволларга жавоб излашдан бошланди. Шу мақсадда замонавий усул ва ёндашувларни амалиётга татбиқ этишга киришилди.
Маҳаллаларда қийин аҳволга тушган оилаларни аниқлаш, уларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш, маълумотлар базасини тўп­лаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, давлат хизмати манзилли етиб бориши устидан мониторинг юритиш тизимини шакллантирмоқдамиз.
Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги қарори билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепция­­си фаолиятимизда янги йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди. Ўтган қисқа даврда оиланинг реп­родуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўргандик. Оиланинг ички ва шахс­лараро муносабатлари, бой маданий-тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказдик. Концепцияни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгилаб берилган вазифаларни бажармоқдамиз.
Хусусан, келгусида ўтказиладиган тадқиқотларни молиялаштиришнинг мослашувчан тизими шакллантирилиб, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати статистикасини юритиш ишлари такомиллаштирилмоқда. Қийин ҳаётий шароит­­га тушиб қолган, ижтимоий хавфли гуруҳларга мансуб оилалар, уларнинг аҳволи ва манзилли ёрдам хизматининг ҳар хил турларига эҳтиёжлари тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида олиш мақсадида «Оила» марказининг ягона идоралараро ахборот базаси яратилмоқда.
Тадқиқотларда ҳуқуқ­бузарликлар, жиноятчилик, оиладаги можаро ва зўравонликлар, оилалар ажрашиши ҳамда уларнинг ижтимоий оқибатларини комплекс тадқиқ қилиб, уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга эътибор қаратяпмиз. Жаҳон илм-фанида маҳаллий ишланмаларнинг рақобатдошлигини ошириш учун оилавий муаммолар бўйи­­ча магистрлик ва докторлик диссертациялари мавзулари доираси ва мазмуни кенгайтирилмоқда. Муқобил оилавий васийликни танлаш, қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, жумладан, бола асраб олувчи ота-оналарни топиш ва тайёрлашни йўлга қўйиш, фарзанд асраб олган оилаларни профессионал қўллаб-қувватлаш ва васийлик сифатини мониторинг қилиш тизимини яратиш ҳамда бу борадаги илғор хориж амалиётини Ўзбекис­тон шароитига мослаштириш бўйи­­ча таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, туғма нуқсонлар билан болалар туғилишининг олдини олиш бўйича ишларни такомиллаштиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ёшларни никоҳдан аввал махсус ўқув курсларида ўқитиш, умумтаълим мактаб­лари, коллеж ва лицейлар ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларининг дарс машғулотларига ўқув ­дастурларини жорий этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш кераклиги ҳақида Ҳукуматга таклиф тайёрланмоқда.
Оилаларда ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, можароли ва оғир турмуш шароити ҳолатларига барҳам бериш механизмларини ишлаб чиқмоқчимиз.
Фуқаролар йиғинлари қошидаги яраштириш комиссия­лари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиб, ишни ташкил қилишнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, оғир турмуш шароити­да қолган шахсларга мўлжалланган ижтимоий мослашув марказлари фаолиятини такомиллаштириш муҳим вазифаларимиздан биридир.
Ушбу Концепцияни амалга ошириш орқали фарзанд тарбиясида оиланинг жавобгарлигини ошириш, оилавий қадр­иятларни мустаҳкамлаш, сақлаш ва ривожлантириш, оила аъзоларининг ҳуқуқларига риоя қилиш, оилаларда тинч, дўстона ва аҳиллик муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларга аниқ мазмун бахш этиш, оила инс­титути соҳасидаги фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг аниқ мақсадга қаратилганини ҳамда долзарблигини таъминлайдиган тизимни жорий қилиш ва тадқиқотлар натижаларини амалиётда қўллаш назарда тутилган.
Марказимиз зиммасида ҳар бир оиланинг ижтимоий аҳволидан хабардор бўлиш, оилалардаги барқарорлик, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, оила-никоҳ муносабатларини яхшилаш, замонавий оилалар сафини кенгайтириш каби ўта муҳим вазифалар турибди.
Бу борада биз, энг аввало, оилалардаги муаммоларни тўлиқ ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга асосий эътиборимизни қаратяпмиз. Ходимларимиз Сирдарё, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Тошкент вилоятларида бўлиб, оилалардаги вазият билан яқиндан танишишди, мавжуд муаммолар юзасидан аҳоли турли қатламлари фикрини ўрганишди.
Ҳар қанча аччиқ бўлмасин, очиқ айтиш керак, ­кейинги пайтларда халқимизга хос бўлмаган айрим иллатлар тез-тез содир бўлмоқда. Дастлабки тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, оиланинг дарз кетиши, ишсизлик, оиладаги носоғлом муҳит, маънавий тушкунлик, эҳтиёжмандлик каби омиллар нотинч, ноқобил, кемтик оилалар вужуд­­га келишига сабаб бўлмоқда, бир қанча ижтимоий ва маънавий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ҳозир мамлакатимизда 7 миллиондан ортиқ оила мавжуд. Бу оилаларда камолга етаётган болалар эса — эртамиз эгалари, келажагимиз. Ҳар бир оиланинг мустаҳкам бўлиши, уларда соғлом муҳит қарор топиши фарзандлар тарбиясида муҳим роль ўйнайди. Хусусан, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, ижтимоий барқарорликни кафолатлашда ҳам катта ўрин тутади. Шундай экан, бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўламини кенгайтириш мақсадга мувофиқ ва бу зиммамизга катта масъулият юклайди.

Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори

 

Бошқа хабарлар