Ўзбек адабиёти жаҳонга бўйламоқда

112

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати раиси Н. Йўлдошев ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раи­­си Анор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат ва бошқалар сўзга чиқиб, барчани ушбу нуфузли тадбир билан муборакбод этишди.

Конференция ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирди. «Ўзбек мумтоз адабиётини хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш масалалари», «Ўзбек адабиётини хорижий тилларга таржима қилиш ва таржималарни тарғиб қилиш масалалари» каби бир қатор мавзулардаги маърузалар тингланди.
– Ушбу нуфузли анжуманда олимлар ўртасидаги дўстона мулоқотлар, уларнинг мазмунли маърузаларидан бошим кўкка етди, — дейди Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан келган ёзувчи Абдулло Руин.
– Ҳар қандай миллий адабиёт, бадиий тафаккур тараққиёти халқаро алоқалар, дўстлик учрашувлари, ижодий мулоқотлар билан бойийди. Интернет орқали қанчалик кўп мулоқот қилмайлик, барибир бу юзма-юз дийдорлашув ўрнини босолмайди, – дейди ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад. – Ўзбек бадиий тафаккури ­дунёга чиқишга тайёр. Бугунги анжуман айнан шунга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. Маърузаларни эшитиб шундай хулосага келдимки, турли миллат вакиллари бўлсак-да, қалбимиз деярли бир, ўхшаш тарафларимиз бисёрдир.
Конференцияда ўзбек адабиёти намуналарини чет элларда нашр қилиш масаласида бир қатор давлатлар билан меморандумлар имзоланди. Шунингдек, баъзи адабий нашрларимиз ҳамда хорижий нашрлар ўртасида ҳамкорликка келишиб олинди.
– Ўзбекистон ва хориж олимларининг ўзбек адабиётини дунёга танитиш йўлида амалга оширилаётган ишлар, қилинаётган таржималар ҳақидаги маърузаларининг юқори савияда тайёрланганидан мамнун бўлдим. Айниқса, мумтоз адабиётимиз намуналарининг Швейцария, Германия, Туркия, Афғонистон сингари мамлакатларда таржима қилинаётганлиги биз учун катта шараф, – ­дейди филология фанлари номзоди Ваҳоб Раҳмон. – Хусусан, Абдулло Руиннинг маш­аққатли меҳнати таҳсинга лойиқ. У Мозори Шарифда Навоийнинг тўла асарлар тўпламини 28 та китоб ҳажмида нашр эттирган. Унинг матншунослик нуқтаи назаридан юқори савияда эканлиги барча зиёлиларни хурсанд қилади, албатта. Бугунги анжумандан кейин ўзбек адабиётининг жаҳон миқёсида янада кенг­роқ тарғиб этилишига ишончим комил.
Анжуман қатнашчиларини кузатар эканмиз, бу ерда нафақат адабиёт аҳли, балки адабиётга ошно турли касб эгаларини ҳам учратдик. Бундан кўринадики, халқимиз адабиётга ташна, унинг жаҳон майдонида ўз ўрнига эга бўлишига бефарқ эмас.
Конференция якуни олдидан меҳмонлар Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Имом Бухорий, Амир Темур, Имом Мотуридий мақбараси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ансамбли сингари тарихий обидалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шаҳзода ҲАКИМОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар