«Биз оилавий ажримларга қаршимиз»

130

Мамлакатимизнинг оилавий ажрим кўрсаткичлари юқори бўлган ҳудудларидаги маҳаллаларда вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида «Биз оилавий ажримларга қаршимиз» шиори остида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ойлиги ўтказилмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан «Оилавий ажримларнинг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни» мавзусида амалий анжуман ҳам ушбу ойлик доирасида ташкил этилди.

Унда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар, никоҳ, оила, фарзанд тарбиясига дахлдор муаммо ва масалаларнинг ҳал қилиниши, эрта никоҳ оқибатлари, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик, ажримларнинг олдини олиш борасидаги ҳамкорлик ишларидаги камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари муҳокама этилди.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи кўрсаткичлари шуни кўрсатмоқдаки, бу даврда никоҳдан ажралганликни қайд этиш ҳолати 16 449 та бўлиб, ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 871 тага ошган. Суд қарори орқали ажрашган оилалар сони эса 11 925 та ёки ўтган йилга нисбатан 245 тага ошган. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллалар кенгаши томонидан 2 660 756 та оила ўрганиб чиқилди, шундан 7 679 таси носоғлом ғоялар таъсирига тушиб қолган, 10 287 таси жазо муддатини ўтаётган ёки ўтаб чиққан шахсларнинг оилаларидир. Уларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ўтказилди. Натижада 11 209 та оиладаги низоларга барҳам берилди, 4 414 та оиланинг ажралиб кетиши олди олинди.
– Оилавий ажримлар бугун ҳаммани ташвишлантираётган жиддий муаммо ҳисобланади, – дейди Тошкент вилояти маҳаллалари кенгаши раиси ўринбосари Зулхумор Жўраева. – Ҳозирги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ­бўйича туман (шаҳар) кенгашлари қошида яраштириш комиссияларини тузишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланиб, тегишли тартибда ваколатли идоралар билан келишилмоқда. Агар ушбу ҳужжат қабул қилиниб, ижрога қаратиладиган бўлса, яраштириш комиссияси фаолияти 2 босқичли тизимга айланиб, маҳаллада ҳал бўлмаган муаммоли масалалар туман (шаҳар) кенгашлари қошидаги Яраштириш комиссияси даражасида кўриб чиқилади. Бу эса оилавий муносабатларни барқарорлаштириш борасидаги яна бир муҳим ҳаракатлардан биридир.
Анжуманда Олий суд, Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари билан иштирок этди.

Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар