«Олим керакким, мутаққий бўлса ва огоҳ…»

53

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси ­институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашувда фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш, ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қараб, харидори олдиндан аниқ бўладиган тизим яратилсагина мақсадга эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Фаннинг долзарб вазифаларни ҳал этишда фидойи олимлар, ўз касбига садоқатли мутахассисларнинг меҳнатини рағбатлантириш, иқтидорли ёшларни илмга ва олий таълим фаолиятига жалб этиш катта аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари бу жараёнга алоҳида ­эътибор қаратиб келмоқда. Қатор фармон ва қарорлар билан илмий ҳамда илмий-техник фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий қилишнинг ҳуқуқий, моддий асослари белгилаб берилди.
Мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши негизида таълим ҳамда илм-фан ютуқлари марказий жой эгаллашини тўлиқ ҳис этган ҳолда соҳа вакиллари бу масъулиятни чуқур ҳис этмоқда.
Илмий фаолиятда муваффақиятни таъминлайдиган ички ва ташқи омиллар мавжуд. Ички омил – фандаги муайян масалани ҳал этишга қаратилган ҳаракатлар мажмуаси бўлиб, тадқиқотчининг мавжуд салоҳияти, фанда тутган ўрни, масалага бўлган муносабати ва психологик кечинмаларидан иборат. Ташқи омил эса илмий фаолият натижаларини рўёбга чиқаришга, ўсиши ва ривожланишига қаратилган ҳаракатлар жамланмаси бўлиб, илмий-тадқиқот фаолиятини рағбатлантириш, молиявий кўмак бериш, зарур шароитларни яратиш орқали кўпроқ намоён бўлади. Ҳар икки омилнинг уйғунлиги эса таълим ва илм-фандаги самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Ўтган 20-25 йил вақт оралиғида илмий тадқиқотлар савиясининг умумий даражаси тушиб кетиши, фандаги ўзбекис­тонлик олимлар улушининг бир мунча пасайи­­ши, илмий ишланмаларнинг жорийлаштириш механизмларининг маъқул даражада ишламагани каби ҳолатларни олимлар ўртасидаги ички рақобатнинг мавжуд эмаслиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Барчанинг меҳнати натижалари бир хиллаштирилиб, ойлик моддий даромадларнинг миқдори илмий фаолият самарадорлиги билан эмас, фақатгина илмий унвон ва даражаларнинг мавжудлиги билан чегараланиб қолди. Бунинг оқибатида эса тегишли илмий даражаларга етишган айрим олимларда бир оз «хотиржамланиш», «ўзибўларчилик» ҳолатига ўтиш, илм-фан соҳасида янги масалаларни қўйиш ва уларни ҳал этиш ўрнига ажратилаётган грант маб­лағлари доирасида чегараланиш каби ҳолатлар пайдо бўлди.
Табиийки, бу гаплар бутун илм аҳли учун умумий бўлган ҳолат ҳисобланмайди. Юзага келган вазият ва муаммолар ўз ечимини бир кунда топмаслиги барчага маълум. Бунинг учун тизимли равишда фаолият юритиш зарур. Шу ўринда мамлакатимизда илмий ва илмий-техникавий фаолиятни амалга ошириш, инновацион ривожланишни таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишда мавжуд молиявий ва моддий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган 14 июлдаги «Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу ҳозирги кунда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган ходимларнинг эртанги кунга бўлган ишончини орттиришга, илмий-тадқиқот муҳитини мус­таҳкамлаш ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш орқали моддий даромадларини орттиришга имконият яратади. Бу борадаги ислоҳотлар барқарорлигини таъминлаш ойлик иш ҳақлари ва бошқа моддий даромадларнинг миқдорини илмий тадқиқотларнинг самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда белгилайдиган ички рақобат тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан боғлиқ. Бунда хориж таж­рибасини чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш ва маҳаллий хусусиятларини инобатга олиш катта аҳамиятга эга.
Ички рақобат тизимини шакл­лантириш илмий-тадқиқот жараёнини бошқаришда бир қатор қулайликларни келтириб чиқаради. Маълумки, ҳозиргача мавжуд бўлган тизимга биноан илмий лойиҳаларнинг самарадорлиги оралиқ, йиллик ва якуний мониторинг кузатувлари орқали аниқланган. Илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг ҳозирги кунгача амал қилиб келган тизими соҳада мавжуд бўлган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни таъминламади. Айнан ички рақобат тизимининг жорий этилиши ва унинг амалдаги ижросини таъминлаш тегишли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари жавобгарлигининг оширилиши масаланинг ечими сифатида қабул қилиниши мумкин. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг мақсад ва вазифаларига монанд келади. Тизимнинг муваффақиятли ишлаши ушбу фаолият тури самарадорлигини назорат этишга қаратилган турли хил комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқаларни тубдан қисқартириш имкониятини беради. Энг муҳими, натижаларнинг сифат даражасини баҳолаш, самарадорлиги ва рақобатбардошлигини белгилаш жараёнига субъектив ёндашувларни чеклашга ёрдам беради ва коррупция элементлари улушларини камайтиришга хизмат қилади.
Илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, илмий-техник салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграция­сини кенгайтириш борасидаги қабул қилинаётган қарорлар мамлакатимизнинг эртанги кунидаги тараққиётининг замини ҳисобланади. Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кенг доирадаги масалаларни ҳал этиш имкониятини бермоқда. Энг аввало, бу фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни ривожлантиришга, мавжуд иқтисодий ва ижтимоий масалалар ечимига замонавий фан ютуқлари ва тажрибасини қўллашга, илмий билимларни тарғибот қилиш ҳамда жамиятда илмий фаолиятга бўлган ҳурмат ва муносабат даражасини орттиришга олиб келади. Зеро, олимларининг илмий салоҳияти юқори мамлакат ҳар қандай иқтисодий ва ижтимоий силсилаларга бардошли бўлади.
Ҳазрат Навоий «Маҳбуб ул қулуб» асарида илм ва олимлар ҳақида сўз юритар экан, «олим керакким, мутаққий бўлса ва огоҳ» дея алоҳида қайд этади.
Бугун биз, олимларнинг асосий вазифамиз шундай бўлмоғи керак: ҳар бир илм тараққиётга хизмат қилсин, элга наф келтирсин.

Комилжон ТОЖИБОЕВ,
Ботаника институти директори,
академик

Бошқа хабарлар