45 дақиқалик масофа… бироқ йигирма йил кутилган дийдор

726

Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерация­сининг таклифига биноан қўшни мамлакатга тажриба алмашиш мақсадида сафарга боришимизни эшитиб ич-ичимиздан ўзгача туйғуларни ҳис этдик. Гапнинг очиғи, бир неча йил олдин бу ҳақда гапириш эртак тинглаш билан баробар эди-да… Ўтмиши, ҳаёти, урф-одатлари бир-бирига уйғун бу икки халқ ­кейинги йигирма йилда турли сабабларга кўра бир-биридан йироқлашган, Ўзбекистон ва Тожикис­тон ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг деярли йўқлиги сабабли бундай ўзаро ҳамкорлик қилишнинг имкони йўқ эди.

… «Тошкент — Душанбе» йўналишидаги учоққа чиқар (бундай рейслар ҳам яқинда йўлга қўйилди) эканмиз, сафардошларимизнинг ҳам кўнглидан шундай туйғулар кечаётгани сезилиб турарди. Кимдир Тожикистонга борганига қарийб чорак аср бўлганини сўзларди. Бошқа биров эса Душанбега илк сафари эканини айтарди.
Учоқ кўкка чиққанида парвознинг 45 дақиқа давом этишини эълон қилишди. Қаранг, масофа қанча яқин?! Самодамиз. Пастда фақат пурвиқор тоғлар, юксак қоя­лар, оппоқ қор ва музликлар кўринади. Эътиборимизни тортгани оппоқ музликлардан қуйи­­га қараб тортилган кўм-кўк чизиқлар бўлди. Бу жилғалар, дарёлар – эриётган музликлар суви… Улар гўё бизга икки халқ, икки давлат ўртасидаги музлаган муносабатларнинг эриётганига ўхшаш маънони англатиб турарди.

… Душанбе аэропорти. Бизни минг йил кўришмаган қадрдон дўстлардек қарши олишди. Кутиб олувчилар орасида кўзларига қувонч ёшлари инган ҳамкасбларимиз ҳам бор эди. Улар билан яқинда – жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиё­сат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги халқаро конференцияда учрашгандик. Ўшанда қўшни давлатлар касаба уюшмалари делегациялари билан режалаштирилган учрашувга барча меҳмонлар ташриф буюрган, бироқ негадир тожикистонлик­лар кечикаётган эди. Ўзаро ҳурмат юзасидан меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам тожик биродарларимизни кутишга қарор қилишди. Ҳолбуки, Тожикистон мус­тақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қодири Қосим раҳбарлигидаги меҳмонлар роппа-роса икки соат кечикишди. Улар ўша кунлари самолёт рейси бўлмагани сабабли автотранспортда йўлга чиқишган, аммо йўлдаги айрим сабаб­ларга кўра, мўлжалдаги вақтга улгура олмаган эди.
Машинадан тушар экан Қодири гапни узр сўрашдан бошлади:
– Минг бор узр…
Шунда узрхоҳликка ўрин қолдирмаган жавоб бўлди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков меҳмонга қарата:
– Биз Сизнинг ташрифингизни 20 йил кутган эдик, икки соат нима деган гап, –дея қучоқ очди.
Бу сўзларда ниҳоятда улкан маъно бор эди: икки халқнинг дилидаги сўзлар эди улар.
… Сафар дастури жуда тиғиз эди. Назаримизда мезбонлар узоқ кутилган шу ташриф баҳона бизга бугунги Тожикис­тон ҳаётининг қувончларини тўлиқ кўрсатишни исташарди.
Тожикистон ҳудудининг 90 фоиздан ортиқ қисми тоғлар эканини билардик. Қарангки, Душанбе шаҳрининг ҳам уч томони тоғлар билан қуршалган экан. Пойтахтдаги салобатли, ҳашамдор, ўзига хос меъморий ечим касб этган кўплаб иншоотлар, янгидан бунёд этилаётган замонавий бинолар бизда ажиб таассурот қолдирди. Шаҳар кўчаларига кундузи қуёш тушмайди ҳисоб – дарахтлар билан тўла. Гулзорлар яшнаб турибди.
Пойтахтдан 60 чақирим масофада жойлашган Турсунзода туманига йўл олар эканмиз, ўзимизни хорижда эмас, юртимизда кетаётгандек ҳис этардик. Чунки атрофдаги одамларнинг юз кўриниши, кийим-кечаклари, яшаётган уй-жойлари, бажараётган уй юмушлари – ҳамма-ҳаммаси ўзимизники каби эди. Чор-атрофда эса жўшқин ҳаёт. Одамлар бир жойда ҳашар уюштириб, томсувоқ қиляпти, яна бир жойда аҳоли икки ­қишлоқ ўртасидаги кўприкни тикламоқда. Бепоён боғу-роғларда одамлар мўл ҳосилни йиғиштириб олмоқда.
Турсунзода туманининг ифтихорига айланган миришкор Неъмат ҳожи Усмонов бизни «Хуш келибсизлар, азиз меҳмонлар, жигарларим», дея кутиб олди. 72 ёшни қаршилаган отахон суяги меҳнатда қотган, ҳаётнинг анчагина аччиқ-чучугини тотиб улгургани яққол кўриниб турарди.
– Ота-боболаримиз асли Олтиариқдан, – дейди у кўзига ёш олиб. – Отам шу ерларга келиб қолган. Олтиариқда кўп­лаб қавм-қариндошларимиз яшайди. Йиллар давомида борди-келди қилинмагач, қариндошлик ришталари ҳам узилиб кетар экан. Ўтган вақт ичида ҳаётимизда нималар бўлмади, дейсиз. Мана, Сизлар – ватандошларим билан дийдорлашиш насиб этди. Жигарларимиз билан дийдорлашиш қиёматга қолар экан-да, деган некбин орзуларимиз ушалди. Бунинг учун музларни эритган Ўзбекистон раҳбари муҳтарам ­Шавкат Мирзиёевни туну-кун дуо қилмоқдамиз. Икки давлат йўлбошчиларидан чексиз миннатдормиз.
Неъмат Усмонов билан гурунглашдик. Ҳаёт йўлларини гапириб берди. 90-йилларда у яқин келажакда катта эҳтиёж туғилиши мумкин бўлган нарсаларни чамалаб, боғ яратишга аҳд қилади. Ўзига тегишли бир неча гектар ерда манзарали дарахт кўчатларини етиштиради. Бир неча йил ота-боболаридан мерос бўлган деҳқончиликни давом эттиради – ­бодринг етиштиради. Мана, охирги ўн йилликда узумчилик билан машғул. «Шохон», «Кардинал», «Ғалаба», «Кишмиш» каби узум навларига хорижда ҳам талаб юқори. Экспортдан ортган ҳосил эса янгидан барпо этилган музлаткичда сақланмоқда. Бугунги кунда унинг хўжалигида 160 нафар киши иш билан машғул. Узум етиштириш катта меҳнат талаб қилади. Бироқ заҳматига яраша фойдаси ҳам яхши. Йиллар давомида қилинган ҳалол меҳнатнинг баҳоси ўлароқ, Тожикистон Президенти унинг хўжалигига шахсан ташриф буюриб, унга миннатдорчилик билдирган.
Турсунзода туманида истиқомат қилаётган 300 минг нафарга яқин аҳолининг қарийб 80 фоизи ўзбек миллатига мансуб. Биз тумандаги ўзаро аҳиллик, жипслик ва ҳалол меҳнатни кўриб томирдош­ларимизга юрагимизда энг эзгу тилак­ларни истаб қолдик.
Навбатдаги манзилимиз – Ҳисор қалъаси бўлди. Пойтахтдан 25 километр­лик узоқликда жойлашган бу қалъани очиқ осмон остидаги музей дейиш мумкин. Ҳисор қўрғони ўрта асрларда ўша даврнинг йирик шаҳарларидан бири бўлган. Қўрғонда йирик бозор бўлиб, унда кўп сонли ҳунармандлар савдо-сотиқ билан шуғулланган. Бухоро амирлигига бўйсунган Ҳисор беклиги маркази Ҳисор қалъасининг дарвозалари Тожикистонда муомалада бўлган 20 сомоний пул бирлигида акс этган. Дарвозалар қаршисида жойлашган қадимги мадраса ХVI асрда қурилган бўлиб, 1921 йилга қадар фаолият юритган.
Бу ерда олган таассуротларимиз натижасида икки халқнинг ўтмиши нақадар чамбарчас боғланиб кетганини ҳис этдик.
8 август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси билан Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ходимларининг расмий учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си фаолияти, ҳамкор ташкилотлар билан ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш, меҳнат хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси, ишчи-ходимларнинг муносиб ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, болаларни соғломлаштириш, ёшларни касаба уюшмаларига жалб этиш, халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, мамлакатимизда юритилаётган изчил ижтимоий-сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар, яқинда бўлиб ўтган халқаро конференция, санаторий-курортлар фаолияти, федерация нашри бўлган «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарининг ижодий ишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Ўзаро мулоқотлар чоғида Федерация­лар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини ҳудудлар ва тармоқлар ўртасида мустаҳкамлаш, вилоятлар касаба уюшма бирлашмалари ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашишларни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар ўтган йиллар давомида хусусийлаштирилган ёки бошқа ташкилотлар ҳисобига ўтказиб юборилган. Шу боис, тожикистонлик касаба уюшмалари вакиллари санаторий-курортлар бошқармаси фаолиятига катта қизиқиш билдирдилар.
Делегация очиқ акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритаётган «Хожа Оби Гарм» санаторийсига ҳам ташриф буюрди. Мамлакат пойтахтидан 50 чақирим масофада жойлашган Варзоб дарасида денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда жойлашган ушбу сиҳатгоҳ 80 йиллик тарихга эга бўлиб, юқори ҳароратдаги сув манбалари ва табиий буғ билан 10 дан ортиқ касаллик турларини даволашга мўлжалланган. Санаторийда родонли сув мавжуд. Унинг довруғи узоқ-узоқларга етиб борган. Шу сабаб бу ерда ўз саломатлигини тиклаётган ўзбекистонликлар ҳам борлигини эшитганимизда ажабланмадик.
Тожикистон ҳақидаги тасаввурларимиз ташрифнинг иккинчи кунида янада бойиди. Душанбе шаҳридан Хўжандга автотранспортда йўлга тушдик. Тожикистон пойтахтида транспорт оқими унчалик катта эмас. Душанбедан чиққандан сўнг эса йўлларда тирбандликлар деярли йўқ. Шу ўринда, тожикистонлик йўл қурувчиларига таҳсинлар айтиш керак. Қарийб 300 километрлик фақат тоғлар орасидан ўтган йўлда узунлиги 200-300 метр­дан 10 километргача бўлган ўнлаб тунеллар бор. Йўллар равон, биронта чуқурчага дуч келмадик. Бу йўлларни қуриш учун давлатнинг юксак эътибори ва йўлсозларнинг ишга виждонан ёндашганидан гувоҳлик беради. Йўл хизмати пуллик экан, лекин бу ўзини тўлиқ оқлайди.
Уч кунлик қисқа сафар бизда ёрқин таассурот қолдирди. Мамлакат пойтахти Душанбеда ҳам, унга ёндош Турсунзодада ҳам, Хўжанд вилоятида ҳам мезбонларнинг биз қўшниларга бўлган интиқлиги, қайноқ меҳри, дўстона самимиятига гувоҳ бўлдик. Дарҳақиқат, давлат чегаралари очилгач, ўтган қисқа муддат ичида чегаралардан қарийб ярим миллион нафар киши ўтган. Уларнинг аксарияти Ўзбекистонга келган – ўз қавм-у қариндошларини излаганлар сайёҳат қилган, зиёратга чоғланган… Қизиғи, ким билан суҳбатлашманг, яқинда Тошкентга боргани, Ашхобод паркини кўргани, Самарқандда бўлгани, Фарғонани кўриб қайтгани каби сафар таассуротлари билан ўртоқлашади. Мамлакатимизнинг Тожикистондаги фав­қулодда ва мухтор элчиси Э. Шоисматовнинг айтишича, Ўзбекистонга қўшни мамлакатдан келаётган туристлар сони бир неча баробарга ортган.
Дарвоқе, тожикистонлик санъаткорлар, «шошмақом» санъати билимдонлари жорий йилнинг сентябрь ойида Шаҳрисабз­­да ўтадиган мақом фестивалига жуда катта тайёргарлик кўрмоқда экан. Демак, бундан буёғи ҳаммаси яхши бўлади!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Тожикистонга сафари ҳамкасблар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, юксак марралар сари елкадош бўлишда ўзига хос пойдевор бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Ҳусан ЭРМАТОВ
Тошкент — Душанбе — Хўжанд — Тошкент

Бошқа хабарлар