Газетхон мурожаати парламент муҳокамасига чиқди

583

«Ishonch» газетасининг жорий йил 7 июндаги 67-68-сонларида чоп этилган фуқаро Г.Аннаҳасанованинг «Қонун талаблари нега бажарилмаяпти?» деб номланган мурожаати тегишлилиги бўйича Молия вазирлигига юборилган эди. Молия вазирлигимазкур масала Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклатилганини билдириш билангина чекланганди. Бу юзаки жавобдан қониқмаган таҳририят Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу ҳақда муносабат билдиришни сўради. Эътиборли жиҳати, Соғлиқни сақлаш
вазирлиги мутасаддилари масалага жиддий ёндашиб, муаммонинг ечимини парламент миқёсида муҳокама этишгамуваффақ бўлган.

Аниқроқ айтганда, масалага тез орада ижобий ечим топилади. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Бошқа мутасадди ташкилотлар ҳам мазкур вазирликдан ўрнак олса яхши бўлар эди. Чунки Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси газетада чоп этилган ­мурожаатларга ҳанузгача жавоб
бергани йўқ. Бундай беписандликнинг сабаби нима эканини ушбу ташкилот мутасаддилари қонун доирасида изоҳлаб беришади, деган умиддамиз.
Қуйида эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таҳририятга йўллаган жавоб хати билан танишасиз.
Унда жумладан шундай дейилади:

Меҳнат Кодексининг 214-моддасида иш берувчи меҳнат шартномасини тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўриқдан ўтказишни ташкил қилиши шарт экани ва тиббий кўрик­лардан ўтиш жараёнида ходимларнинг чиқимдор бўлмаслиги, шунингдек, зарарли омиллар билан мулоқотда бўладиган шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2012 йил 10 июлда «Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 200-сонли (Адлия вазирлигида 2012 йил 29 августда 2387-сон билан рўйхатдан ўтган) буйруғи қабул қилинган. Мазкур Низомга асосан юқумли ва паразитар касалликларнинг келиб чиқиши ҳамда тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек, касб касалликларининг олдини олиш мақсадида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган озиқ-овқат саноатида, савдо ва умумий овқатланиш ҳамда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, умумтаълим, мактабгача тарбия, даволаш-профилактика ва бошқа муассаса ходимлари рўйхати тасдиқланиб, иш берувчи томонидан ходимларни даврий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт экани белгиланган.
Меҳнат Кодексининг 216-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларига тегишли маблағлар ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, Адлия вазирлиги томонидан 2446, 2454, 2620-рақамлар билан рўйхатдан ўтказилган таълим муассасаларининг соҳалари бўйича меҳнатни муҳофаза килиш қоидаларида меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирлари таркибига ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам киритилган.
Бундан ташқари, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида «Меҳнатни муҳофаза қилишни молиявий таъминлаш давлат томонидан, шунингдек, мулк шаклидан қатъи назар, жамоат бирлашмалари, корхоналарнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига амалга оширилиши», 17-моддасида эса «Корхона соғлиқни сақлаш идоралари томонидан белгиланган тартибга мувофиқ равишда ходимларини вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт»лиги белгиланган.
Ходимларни даврий тиббий кўрикдан ўтказиш учун юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари таркибида тўлиқ хўжалик ҳисобида фаолият кўрсатувчи бюджетдан ташқари тиббий кўрик комиссиялари ташкил этилган бўлиб, ушбу комиссиялар томонидан ходимларни даврий тиббий кўриги пуллик асосда ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сонли «Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисидаги Низомнинг 65-бандида «Давлат мактабгача таълим муассасасидаги педагог ходимлар белгиланган тартибда соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтказилади», деб қайд этилган.
Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 25 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 14-бандида «Мактабгача таълим муассасасининг штатдаги ходимлари соғлиқни сақлаш органларида бепул тиббий кўрикдан ўтади, бунинг учун сарфланадиган харажатлар давлат томонидан ажратиладиган маблағлар доирасида белгиланади», деган қоида ҳозирда ўз кучини йўқотган.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, хорижий давлатларнинг қонунчилигида ҳам иш берувчиларнинг зиммасига ўз маблағлари ҳисобидан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурияти юкланган. Хусусан, Россия Федерацияси (Меҳнат кодексининг 212-моддаси), Қозоғистон Республикаси (Меҳнат кодексининг 312-моддаси), Озарбойжон (Меҳнат кодексининг 226-моддаси) ҳамда Украина (Меҳнат кодексининг 169-моддаси) давлатларида иш берувчи маб­лағлари ҳисобидан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказилиши мажбурияти белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасалар ходимларининг тиббий кўрикдан давлат томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўтказилиши кўрсатиб ўтилган бўлса-да, аммо тиббий кўрикларни ўтказиш учун тегишли иш берувчиларнинг харажатлар сметасида маблағлар ажратилмаган.
Оқибатда умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа соҳа ходимлари ўзларининг шахсий маблағлари ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Бу борада соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тиббий кўрикларнинг таҳлиллари ўрганиб чиқилган. Таҳлиллар натижасига кўра, Тошкент шаҳри бўйича мавжуд 447 та болалар боғчасида ходимларнинг 22 652 та штат бирлиги (шундан 5330 нафари тарбиячилар) ажратилган. 2016 йилда шаҳар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида 10 562 нафар мактабгача таълим ходимлари 2 маротаба тиббий кўрикдан ўтказилиб, режа қарийб 100 фоиз бажарилган.
Шаҳардаги 302 та мактабда 19 329 нафар педагог ходимлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, 2016 йил давомида уларнинг фақатгина 7 262 нафари (39,4 фоиз) давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказилган. Шу билан бирга, педагоглар ўртасида Шайхонтоҳур тумани бўйича 99 фоиз, Миробод, Юнусобод ва Яккасарой туманларида 50 фоиз доирасида тиббий кўриклар хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан ўтказилган.
Шу билан бирга ўрганиш жараёнида ўқитувчилар, боғча тарбиячилари ва ходимларининг тиббий кўрикларни ўтказиш учун сарф қилинадиган харажатлари ўрганиб чиқилиб, қанча керак экани юзасидан сарҳисоб қилинди. Бундан ташқари, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида тиббий кўрикни ўтказиш муассаса маъмурияти зиммасига юклангани, бюджет ташкилотларида ушбу тадбирларни молиявий таъминлаш давлат томонидан амалга оширилиши, соғлиқни сақлаш муассасаларида мактаблар ва болалар боғчалари ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш пуллик асосда ташкил қилингани ва, айниқса, тиббий кўрикларнинг асосий қисми хусусий тиббиёт муассасалари томонидан ўтказилаётгани муносабати билан Тошкент шаҳар молия ­бошқармаси томонидан ҳудуддаги барча мактаб ва болалар боғчаларининг 2018 йилги харажатлар сметасида педагог ва тарбиячиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши учун зарур бюджет маб­лағлари назарда тутилиши мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилган.
Шу билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасига ҳам Молия вазирлиги томонидан корхона, ташкилотларнинг харажатлар сметасига зарарли омиллар билан боғлиқ ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун тегишли маблағларнинг ажратилиши масаласида амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан хат киритилган.
2018 йил 4 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тиббий кўрикларни ўтказиш тартиби кўриб чиқилиб, ушбу кўрикларни ташкил этиш учун иш берувчининг харажатлар сметасида маб­лағ ажратилиши масаласи депутатлар иштирокида тегишли вазирлик идоралар билан биргаликда муҳокама қилинди.

Бошқа хабарлар