Оқинлар оқини

324

Улуғ мутафаккир Абай ­Қўн­онбой ўғли ўланлари орасида фикрлар, ўйлар, таҳлилий изланиш­лар жуда кўп. У адабий чиқиш­ларининг бирида шундай деган: «Биз олис-олисларни бориб кўрмоғимиз керак. Бизни ҳам олисдагилар кўришсин. Вазифамиз – узоқ-узоқларга қараб сузиб боришдир. Қозоқнинг ҳосилдор ерларини чуқурроқ ҳайдаб, ундан мўл ҳосил олишдир. Шу йўсинда қозоқ хонадонларини юксакликларга кўтаришдир».

Дарҳақиқат, ўз она юрти билан алоқасини ҳис қилмайдиган одамлар баҳорги тош­қин вақтида илдизи билан қўпориб ташланган дарахтни эслатади. Миллий маҳдудлик ва чучмал ватанпарварлик она юртга муҳаббат билан қараш эмас. У кўр-кўрона бўтана кучдан бош­­қа нарса эмас. У фақат ўзиникини тан оладиган, уни дунёда ҳамма нарсадан ортиқроқ кўрадиган мажруҳ туйғудир. Миллий маҳдудлик дегани, руҳий қашшоқлик, савиясининг торлиги, ўз-ўзини ҳаммадан ажратиб қўйиш билан баробардир. Шу боисдан ҳам Абай шеър­ларида она юртга муҳаббат билан миллий мутаассиблик ўртасида жуда катта фарқ кўрган. Бу Абайнинг етук­лик белгисидан далолат қилади.

Насрий асарларининг бирида у ўз ўтови олдида барг ёзиб турган олма дарахтига ­эътиборини қаратади: «Унинг ўнлаб шох-шаб­балари Қозоғистон харитасидаги йўллар каби бир-бири билан чатишиб кетган. Деярли кўз илғамайдиган минглаб иплар орқали шу дарахт озиқланади», дейди.
Абайнинг ватан ва миллат ҳақидаги ўйлари, турли-туман ҳаётий мазмундаги парчалари, таассуротлари кузатишларини бирлаштириб турадиган асосий куч нимада? Уларни Абайнинг бутун ижоди давомида эркин, бемалол жавлон уриб турадиган ўткир фикрлари бирлаштириб турган. Унинг аксарият шеърлари баҳс, мунозара ва ҳаяжонларга бой. Ҳар бир ўланининг ўзида шоир муҳаббатининг аниқлиги ёрқин кўриниб туради. У қозоқ юртига садоқати, муҳаббати ҳақида, она диёри олдида тиз чўкиб, уни ўпиб, қақраган кенг чўл-у биёбонларига қараб, ўз муносабатини изҳор қилади. Тақдир Абайни Қозоғистоннинг қаерига олиб бориб ташламасин, ҳамма жойда у ўзини юртининг вакили, биринчи марта тетапоя қилиб қадам босган тупроғи, илк дафъа от эгарлашни ўрганган овулининг вакили деб билади. У ҳамиша ўзини қозоқ юртининг махсус мухбиридек ҳис қилади. Ана шу аниқ, муайян ва умум­инсоний туйғулар, ҳислар, тасаввурлар шоир онгида биргаликда яшайди. Аҳиллик бўлмаган жойда ҳеч нарса негиз тутмаслигини яхши англаган шоир, бу ҳақда куюниб шундай ёзади:

Ўзи билан ёвлашган
юртим, тингла!
Ўзи билан довлашган
юртим, тингла!
Дардингга даво бўлсин ўланларим,
Бир-бирини овлашган
юртим, тингла!…

Абай зиёлилар тўпланган катта бир анжуманда сўзга чиқиб, шундай деган: «Ҳурматли қардошлар, сизлар бу йиғинга турли шаҳар ва овуллардан келиб йиғилгансизлар. Бу ерда бошқа турли халқларнинг вакиллари ҳам ўтиришибди. Мен эса ўзимни ҳамма миллатлар, ҳамма мамлакатларнинг вакили сифатида биламан. Мен, энг аввало, оқинлар оқиниман. Ҳа, мен ўланчилар ўланиман».
Ўз миллатини севмаган одам, ўз миллатидаги энг яхши, соғлом хусусиятларни ардоқламаган киши, бош­­қа халқларни сева оладими? Абай, шубҳасиз, Ўрта Осиёнинг турли шаҳар ва қиш­лоқларини кезган. Бу ердаги ҳар бир яхши ва ёмон нарсалар, унинг нигоҳидан қочиб қутула олмаган. Агар Абайни пиёда сафар қилувчи сайёҳга ўхшатсак, у бошқа халқнинг ҳузурига меҳмон бўлиб борар экан, ўзи билан туғишган қозоқнинг қўшиқларини, расм-русумларини олиб борган. Она юртга муҳаббатини тарғиб қилишда Абай чарчоқ нималигини асло билмаган. Яшил яйловда ўтлаш керак бўлган отдай бир жойга бойлаб қўйилишини ёки оёғидан тушовланишини истамаган. У отининг оғзидан сўлиғини, жилов­ини олиб, унинг нам тортган бўйнига тапиллатиб уриб, «бор, ўтлайвер, кучга тўлишавер» деб қўйиб юборади. Абайнинг ватан туйғуси ана шундай эзгу ва вазмин. Бу туйғуда муболағалар, ошириб-­тоширишлар, мас­тона талвасалар йўқ.
Она юртга муҳаббат, унинг ҳамма томонларини кўр-кўрона илоҳийлаштириш, беадад мақтовлар ёғдириш, мамнуният туйғуси эмас. Абай ўз давридаги ўланчи ижодкорларнинг енгил-елпи мақтовли сатрларидан беза­­ди, уларга қараб киноя ва пичинглар отиб, шоирларни ростгўйликка, ҳаётийликка, ундайди. Мана ўшандай бебурд шоирларга қарши айтилган ўтли сатрлар:

Ўлан-сўзнинг подшоси, сўз сараси
Қийинидан қийиштирар эр доноси…
Сараланмай, булғонса сўз ораси,
Бу – оқиннинг билимсиз бечораси….

Она юртга муҳаббат, унинг ҳамма томонларини кўр-кўрона мадҳ этишга ишониш жуда қийин. Негаки, Абай ижод қилаётган паллада, кўпинча, фожиавий воқелик­лар тез-тез содир бўлиб турган.
«Инсон зоҳиран меҳрибон-у, аслида ёвуздир» деган гаплар ҳам бор. Дунёнинг чор тарафини эгаллаб ётган ёвузликнинг сабаби шунда эмасмикан? Ниҳоясиз урушлар, нифоқ, зўрлик, хўрлик, норозилик, ҳуқуқсиз кишиларни таҳқирлаш. Эҳтимол, булар ҳам инсон табиатида мавжуддир?! Абайнинг бу хилдаги фалсафий ўйлари кўп йиллар давомида қарор топган ва амал қилаётган тартибларни тубдан ўзгартириш зарурлигини англаш оқибатида туғилган. Абай ўз шеърларида тилга олган бой-бадавлат кишилар, маҳаллий ҳокимларнинг мунофиқлиги, чор амалдорларига қилаётган хушомадгўйлик­лари устидан кучли киноя ва кесатиқлар қилади.
Дарҳақиқат, Абай даврида ҳокимларнинг зуғуми, ёмон социал ­шароитларнинг урчиши натижасида аҳоли орасида ҳам бидъат ва жаҳолат, бемеҳрлик, келишмовчилик ва душманлик, бир-бирини алдаш, юлғунчилик анчагина кенг ёйилган эди. Бу ҳол тўғридан-тўғри жамият ва халққа жуда катта зиён етказаётган эди. Абай бундай ҳолатни ғазаб билан фош қилади ва унга қарши кескин зарба беради:

Отаси ўғлидан ор қилади,
Оғаси инисини хор қилади,
Бирови мол учун виждон сотиб,
Ёпирай, йўқ ердан бор қилади.

Абай халқ бахти ва озодлиги, ватан манфаатларининг оташин курашчиси эди. У ­ёвузликнинг, нодонлик ва зулмнинг доимий эмаслигига, қозоқ элининг қобилияти ва инсон ақлининг куч-қудратига, бир кун келиб адолатнинг қарор топишига, разиллик ва қолоқлик ўрнини яхшилик ва тараққиёт эгаллаган даврнинг келишига астойдил ишонган. Шоирнинг 1896 йилда ёзган бир шеъри бунга далилдир:

… «Гоҳ бетоқат кутасан,
Дилдан ғашлик аришин,
Бошинг узра тутасан,
Тиниқ илҳом парисин.
Қонинг ўйнаб туради,
Чашма суви тошгандай,
Талпинади юрагинг
Нур қўйнига шошгандай.
Ёруғ дунё чироғидан.
Кўнгул кўзин очади.
Кучли ўйлар булоғидан,
Сўз ирмоғи тошади».

Сўнгра у асосий мақсадга кўчиб, фикр­ини давом эттиради:

…«Шунда шоир бел боғлаб,
Кўз ташлаб келажакка.
Дунё поклигин чоғлаб,
Далда берар юракка.
У сезади оламнинг
Аламини, дардини,
Эшитади оламнинг
Фарёдини, арзини.
У жар солиб тўлгандир,
У ишонар ақлга.
Адолат руҳ уйғонар,
Янграр узоқ-яқинга!»

Ҳа, қозоқ халқининг заковатли, содиқ фарзанди ўз башоратида янг­лишмаганини исботлади. Қозоғис­тон ва Марказий Осиё халқлари охир-оқибат мустақилликка эришди, кўп асрлик азоб-уқубатлардан халос бўлди. Бу ижтимоий ҳаёт ва онгда туб ўзгариш даврини бошлаб берди.
Абай яна шундай деган эди:

Ўлим — нима, ўйланг-чи,
ўлмас сўзлар,
Қолдирганнинг ўлганин
ким ҳам кўрган?!
Ҳа, Абай ўзининг ўлмас асарларида ҳамон барҳаёт.

Маҳмуд НАЗАРОВ,
филология фанлари номзоди

Бошқа хабарлар