Жакартага шонли йўл касаба уюшма қошидаги маскандан бошланмоқда

85

Ўзбеклар орасида «полвон» деган сўз эркак учун айрича шараф, улкан мақомдир. Полвонликнинг маънавий залвори билакдаги куч билан эмас, айни шу қувватнинг ақлга бўйсундирилгани билан ўлчанади.

Эътибор қилганмисиз: полвон «Бу дунё бир ўйин, қай ҳолатда бўлма – хоҳ ғолиб, хоҳ мағлуб, дунёнинг ўйинларини ўйиндек енг!» дегандек қўлларини ҳавода ўйната-ўйната майдонга тушади. Гилам усти гўёки ҳаёт: талаб – унда ҳамиша мардона, тик турмоқликдир. Кураш қоидаларини унутганга берилган огоҳлантириш эса ўзбекка ор бўлгани учун ҳам бу сўздан йироқ юришга тиришади. «Ғирром» – ҳамият, ғурур учун ёқилган ҳалокат чироғи гўё.
Миллат маънавиятининг ўзига хос қирраларини намоён этувчи бу спорт турининг халқаро мусобақалар кундалигидан жой олиши ҳаммамиз учун фахрли ютуқдир. Туркманистон пойтахти Ашхободда бўлиб ўтаётган Осиё Олимпия кенгаши бош ассамблея­сида ўзбек спорти учун тарихий воқеа содир бўлди. Ассамблеяда ўзбек миллий кураши 2018 йилги XVIII Осиё ўйинлари дастурига киритилгани ҳақида қарор қабул қилинди. Айни кунларда старт олган нуфузли мусобақада турли давлат вакиллари ўзбек кураши бўйича медаллар учун курашга киришишади.
– Бу мусобақа бизга ўзгача масъулият юкламоқда, – дей­ди биз билан суҳбатда кураш бўйи­­ча Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Ризамат Солиев. – Чунки ҳам иштирокчи сифатида мухлислар, ватандошлар ишончини оқлаш, ҳам кураш ватани вакиллари сафида полвонлик мақомини яна бир бор синовдан ўтказишимизга тўғри келади.
Якуний тайёргарлик машғулотларини ўтказиш учун спортчиларимиз билан биргаликда Ҳиндистон терма жамоаси ҳам Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси қошидаги «Зафар Олимпиячи» дам олиш масканига йўл олишди. Айни пайтда ўзбекистонлик 28 нафар, ҳиндистонлик 18 нафар йигит-қиз тоғли Мамай қишлоғининг сўлим ҳавоси, мусаффо суви, экологик соф ноз-у неъматларидан баҳраманд бўлиб, тайёргарликка зўр беришмоқда.
– Шогирдларимиздан умидимиз катта, – дейди Ризамат Солиев. – Гулнор Сулаймонова (52 кг.), Муҳсин Ҳисомиддинов (90+ кг.), Яҳё Имомов (90 кг.), Маъруф Ғайбуллаев (66 кг.) каби спортчиларимиздан олтин кутмоқдамиз. Қизларимизнинг ҳам тайёргарлиги жиддий.
– Мусобақада аёллар уч вазн тоифаси – 52, 63, 78 кг. бўйича баҳсларга киришишади, – дей­ди аёллар мураббийи Дилфуза Раҳматова. – Тайёргарлигимиз қизғин, барча шогирдларимдан яхши натижа кутмоқдаман.
– Мен ўзим мана шу баҳаво маскан Янгиқўрғон туманининг Заркент қишлоғида туғилганман, – дейди терма жамоа аъзоси Мухлиса Абдумаликова. – «Зафар Олимпиячи» масканида тайёргарлик кўраётган жамоадошларим ва меҳмонларимиз бундай гўзал табиат қучоғида ҳар қандай одам туғма ғолиб бўлиб етишишини билдиришганида қувончга тўлаётирман.
Дарҳақиқат, шундай. Мухлиса кураш бўйича 10 карра, дзюдо бўйича эса 3 карра, самбо бўйи­­ча 2 карра, белбоғли кураш бўйи­­ча 2 карра Ўзбекистон чемпиони. Халқаро мусобақаларда Ватанимиз мадҳиясининг янграшига ҳисса қўшган. 2012 йилнинг ­окт­ябрь ойида Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган миллий кураш бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медаль, 2015 йилнинг апрель ойида Италиянинг Казерца шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда ҳам ғолиб бўлган. 2015 йилнинг сен­тябрида Хитой Тайпейида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида чемпион, 2016 йил ноябрь ойида Ҳиндистонда ўтказилган ўсмирлар иштирокидаги VIII жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб­ликни қўлга киритган.
Халқаро тоифадаги спорт устасининг орзу-ниятлари бир олам.
– Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Осиё ўйинларида ғолиб бўлиш асосий мақсадим, – дейди у.
Тайёргарлик қизғин, шароит аъло, демак, мақсадлар ҳам юксак бўлиши табиий. Спортчиларимиздан миллий курашимизга хос мардонавор натижалар кутиб қоламиз.
Дилдора РАҲМОНОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар