«ОБУНА»

66

Бўрибой Санақулов учун янги йил хосиятли келмади. Мана, бир неча кундан буён унинг боши ғавғодан чиқмаяпти. Уйда ҳам, ишхонада ҳам иши ўнгидан келмагани-келмаган.
Ҳаммаси янги йилнинг бешинчи кунидан бошланди. Кассирнинг мояна тарқатаётганини эшитган Санақулов дарров кассага келди. Тўлов қайдномасига имзо чеккач, хазинабоннинг ўн минг сўмни обуна учун олиб қолганини кўриб, капалаги учиб кетди:

– Мендан обуна-собунага пул олмайсан, чўз ўн мингни!
Хазинабон ҳам бўш келмади:
– Бўрибой ака, сиздек ёши бир жойга борган одам бошқаларга ўрнак кўрсатиш ўрнига жанжал чиқаришга уялмайсизми?
– Уялмайман. Биринчидан, сен қайси газитга обуна бўлишимни билмайсан. Иккинчидан, ўзим почтадан обуна бўлиб, паттасини олиб келиб бераман…
Хазинабон Бўрибой Санақулов билан тенг келолмаслигини тушунди шекилли, пулни қайтариб берди. Лекин муаммо бу билан тинчимади. Эртаси куни йиғилишда бошлиқ ходимлар олдида Бўрибой Санақуловнинг обрўсини бир пул қилди:
– Обуна учун пул бермабсиз, шохингиз борми?!
– Мен, ҳалиги…
– Эй қўйинг-е, Бўрибой ака, сиздан буни кутмагандим. Бирор ходим эътироз билдиргани йўқ. Демак, улар зиё олиш, қолаверса, матбуот соҳасига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида бу хайрли ишга қўл урган. Сиз эса…
Орадан бир неча кун ўтди. Лекин Бўрибой Санақулов бошлиқнинг таъналарини ҳалиям ҳазм қилолмас эди. Кассир ёки бош­лиққа кўзи тушган заҳоти асаби бузиларди. Кечга томон ишдан қайтгач, сандиққа солиб қўйган пулдан ўн минг сўмни «обуна учун» деб костюмининг чўнтагига солиб қўйди.
Санақулов тонг азондан почтага йўл олди. Тўғри обуна бўлимига кирди. Салом-алик қилгач, асосий масалага ўтди.
– Мен телерадиодастурлар газетасига обуна бўлмоқчиман. Патта ёзиб берсангиз.
Почта ходими чаққонгина бола экан, дарҳол паттани ёзиб берди:
– Тўққиз минг беш юз сўм бўлади, ака.
– Э, пулини ўйламанг ука, – дея Бўрибой Санақулов чўнтагига қўл суқди.
Во ажаб, кечагина чўнтагида солган пул йўқ. Санақулов ҳамма чўнтакларини бирма-бир ағдариб кўрди, лекин фойдаси бўлмади. Аниқ эсида: шу костюм чўнтагига солувди. Ҳангу-мангликдан каловланиб қолди.
Унинг ҳолини кўрган почта ходими истеҳзоли гап қотди:
– Ёшингиз бир жойга бориб қолганда одамни алдашга уялмайсизми!
Бўрибой Санақулов яна бир бор барча чўнтакларини титкилади – пул йўқ. Асабий ҳаракатлар билан почтадан чиқиб, ишга ҳам бормасдан тўғри уйига келди, ётоғига кириб, кўрпага бурканиб ётиб олди. Хотини кечки овқатга уйғотмагунча турмади.
– Ҳа, рангингиз сомондек, тинчликми? – деди хотини синчковлик билан унинг юзига тикилиб.
– Ҳа, ўзим шундай…
– Айтганча, кеча эрталаб костюмингиз киссасидан ўн минг сўм олдим. Айтиш эсимдан чиқибди. Чойнак-пиёла сотаётган одамлар келган экан, олдим-қўйдим. Ортиқчаси зарар қилмайди-ку, ахир?!
– Нима?! – Бўрибой Санақуловнинг кўзидан ўт чақнаб кетди. – Ҳали уни сен олганмидинг? Шуни бир оғиз айтиб қўйсанг ўлармидинг, хумгазак!
Хуллас, жанжал бошланди. Хотини тинмай жаврашга тушди. У бир жавраса, бир соатча жағи тинмайди. Хотин зоти шунақа яратилган экан шекилли… Ҳа, хомкаллая, шу пулни кассирнинг ўзига берса бўларкан, шунча бош оғриғи йўқ эди. Бўрибой Санақулов овқат ҳам емасдан, ичини ит тирнаб ухлаб қолди.
Эртаси куни яна мажлис бўлди. Яна Бўрибой Санақулов гап эшитди.
– Бўрибой ака, энди ишга сабабсиз келмасликни одат қилдингизми, обуна бўлса қолди-кетди. Ўзингизни ишхонанинг авлиёси деб ўйлаяпсизми! Йўқ, бунақаси кетмайди. Ишласангиз, тинчгина ишланг, бўлмаса жойингизни бўшатиб қўйинг! Ишлайдиганлар сон мингта.
Мана, шунақа гаплар…
Орадан бир ҳафта ўтди. Бошлиқ ходимларни яна мажлисга чақирди. Шукрки, бу гал Бўрибой ака гап эшитмади.
– Эртага ҳамма шу ерда бўлсин, комиссия келяпти, – деди бошлиқ. – Бўрибой ака, ишга барвақт келинг-а…
Ходимлар, негадир, бирдан кулиб юборишди.
«Нимаси кулгили экан-а шунинг?, – деб ўйлади Санақулов. — Майли, кулса кулаверсин, мавриди келса, уларнинг устидан кулиш имкони бўлар…».
Лекин эртаси куни Бўрибой Санақулов уйидан азонда чиқиб кетган бўлса-да, ишга бироз кечикиб келди. Мажлис бош­ланиб кетганини кўриб, юрагини ваҳима босди. Эшикдан секин мўралаб, энди ичкарига кирган эди ҳамки, барча ходимлар жойидан туриб самимият билан Бўрибой Санақуловни қарши олишди:
– Туғилган кунингиз билан табриклаймиз!
Бўрибой ака, аввалига, ҳеч нарсани тушунмади. Бошлиқ эса Бўрибой акани маҳкам бағрига босди-да, шундай деди:
– Бугун ташкилотимизнинг энг кекса, жонкуяр ходимларидан бири Бўрибой Санақуловнинг туғилган куни экан. Бу меҳнаткаш, фидойи инсон билан салкам ўн беш йилдан буён бирга ишлаяпмиз, аммо бирор марта «сан-ман»га бормаганмиз. Чунки Бўрибой ака ҳар доим ишга вақтида келиб-кетади, ўз ишини сидқидилдан бажаради, жамоат ишларидаям доим фаол…
Бўрибой Санақулов бундай самимий қутловлардан тўлқинланиб, кўзларига ёш олди.
Айтгандек, Бўрибой Санақуловнинг мажлисга кечикиб келишига почта идорасига бориб, тўққиз минг беш юз сўмга обуна бўлиб келгани сабаб бўлди. Бу билан у ўзининг зиёли инсон эканини, қолаверса, матбуот ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганини амалда намоён этди.

Умрзоқ МЕЛИБОЕВ
Бахмал тумани

Бошқа хабарлар