Отанг ким, болажон?

175

Оғриқли маълумот: жорий йилнинг ўтган олти ойида Самарқанд вилояти бўйича 2454 нафар аёл ФҲДЁ бўлимлари ва фуқаролик ишлари бўйича судларга оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган. Бу атиги олти ойлик кўрсаткич. Кейинги икки йиллик кўрсаткич эса ўн мингни қоралайди.

Оғриқли савол: шунча бола отасиз ўсаётган эдими? Яна ҳам оғриқлиси: уларнинг отаси ким экани номаълум эдими?
Бу – бир қарашда отасиз туғишни ор биладиган миллат учун исноддек туюладиган маълумот. Аммо бу рақамларнинг ортида бошқа бир бир оғриқли нуқтамиз ҳам бор: лоқайдлик, эртани ўйламаслик. Аслида, уларнинг барчаси ўз отасини билади. Никоҳ билан туғилган, фақат қонуний эмас…
– Оила кодексининг 13-моддаси талабларига биноан фақат ФҲДЁ идораларида тузилган никоҳ қонуний ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти давлат хизматлари агентлиги маслаҳатчиси Нодира Мирмуҳаммедова. – Аммо шаръий никоҳ асосида қурилган оилалар ўртасида оилани сақлаб қолиш ўта долзарб ва мураккаблигича қолаётир. Фарзандларни тирик етим қилишдан озорланмаётганлар кўпайиб кетаяпти. Бундан аксар ҳолларда аёл — она ва фарзанд жабр чекмоқда.
– Ўтган олти ойда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) судлари томонидан ажримлардан ташқари оталикни белгилаш ва алимент ундириш тўғрисида 532 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 498 таси қаноатлантирилди, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси Маъруф Тожибоев. – Жараёнлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, аксарият ҳолларда оила, никоҳ тушунчаларининг мазмун-моҳиятига етарлича масъулият билан ёндашилмаётгани кузатилади. Кўп ҳолларда биринчи никоҳдан ажрамасдан шаръий никоҳ асосида иккинчи оила қуриб кетилмоқда. Мана, масаланинг илдизи қаерда? Ваҳоланки, мамлакатимиз қонунлари асосида тузиладиган никоҳнинг ўзига хос тартиби ва шартлари бор.
Суд амалиётида кузатилган мана бу ҳолатлардан эса кишининг эти жунжикиб кетади. Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилганлардан бири биринчи қонуний никоҳидан ажрамасдан туриб, ўн бир маротаба шаръий никоҳ асосида турмуш қурган. Ёхуд ажрашган аёл собиқ эрини оталикдан воз кечишга ундамоқда…
– Ҳаётда бу бош нималарни кўрмас экан, – дейди каттақўрғонлик Абдулла исмли йигит. – Биринчи турмушдан омадим чопмади. Иккинчи бор уйланишим ҳам бахт келтирмади. Икки фарзандга алимент тўлайман. Бир куни собиқ хотиним учрашиб, оталикдан воз кечишга ундади. Шунда чет элда ишлаб келиш учун фарзандлар оёққа «тушов» бўлмасмиш. Ўзаро келишсак, бу масаланинг иложи бор эмиш. Ҳайронман. Қандоқ бўларкан, деб ўйлаб юрибман.
Шу ўринда яна бир маълумотга эътибор қаратамиз: Ички ишлар идораларининг маълумотига кўра, 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида 3 минг 666 нафар ўқувчининг дарсларга қатнашмай юргани аниқланган. 636 нафар назоратсиз, адашиб қолган вояга етмаганлар ВЕИҲЁК марказларига, 30 нафар тарбияси оғир, қаровсиз ва назоратсиз болалар ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга жойлаштирилган. Отасининг шарифига суд орқали эришган, онаси хориж ҳавосини олган боладан яна нимани кутиш мумкин? Онадан безган, отадан ҳафсаласи пир бўлган бола қай кўчани танлайди? Бугунги кунда вилоятда хорижда ишлаб оиласи билан мутлақо алоқасини узиб қўйган ота-­оналар сони 961 нафарни ташкил этар экан. Хўш, уларнинг болалари тақдирига ким масъул? Бу саволларга жавоб топиш амримаҳоллигича қолмоқда.
– Бу иллатга қарши чора кўришда маҳалла, қишлоқ оқсоқоллари, кўпни кўрган кайвонилар кўмагидан кенг фойдаланиш даркор, – дейди Қўшработ тумани ФҲДЁ бўлими мудири Гулсирой Ёрқулова. – Бизнинг бўлимимиз маҳаллалар билан яқин алоқа ўрнатган. Улар орқали биринчи ва такрор турмуш қураётганларга қонуний никоҳнинг аҳамиятини тушунтиришга интиламиз. Қайсидир маънода бу ҳам ўз самарасини бермоқда. Аммо аксарият фуқароларимизнинг шаръий никоҳ билан кифояланиб қолаётгани жуда ачинарли. Тўғри, мусулмончилик қоидаларига биноан бу ҳеч маҳал инкор этилмаган. Аммо турмуш чалкашликларига ана шу ҳолат сабаб бўлиб қолмаяптимикан, деган ўйга борасан киши. Туманимизда қайд этилган 56 та оталикни белгилаш тўғрисидаги мурожаат қаноатлантирилди. Аммо бу масалага ечим эмас. Отанинг фамилияси ёки у тўлаб бераётган алимент ҳеч қачон бола учун ота меҳрини, тарбия­сини боса олмайди. Назаримда, никоҳ шартномаси тузилиши мажбурийлиги қонунларимизга киритилса, айни кўнгилдаги иш бўлар эди.

Оила — муқаддас қўрғон. Фарзанд – улуғ неъмат. Давлатимиз томонидан инсон манфаатларини таъминлашда айни шу жиҳатлар устувор этиб белгиланган. Президентимиз ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди. Мутлақо янгидан шакллантирилган марказнинг асосий вазифаси бутун жамоатчиликни оилаларни мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштиришга қаратилган. Келинг, барчамиз уни қўллаб-қувватлайлик. Зеро, уларда, энг аввало, бизнинг манфаатларимиз акс этган.
Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар