Поранинг энг ками қанча ?

263

Ғалати одатимиз бор: ишимиз тушган идорага тўғри мурожаат қилмай, таниш излаймиз. «Келиним институтни тамомлади. Ишга жойламоқчиман. Бирон мактабда танишингиз йўқми, сизни ҳам рози қилардим», дейди қўшнингиз. Ўғлини нуфузли университетда ўқитиш истагидаги ота пул йиғади. Қонуний ҳал қилишни маслаҳат берсангиз, ранжийди ёки ачиниб қарайди. Нега шундаймиз? Бу савол ўйлантириб юрганида бир отахон қизиқ гап айтиб қолди:

— Коррупция қонимизга сингиб кетган экан, уни йўқотиш қийин бўляпти. Айниқса, майда олди-бердилар ёмон. Одатда, уларга эътибор қаратилмайди.

Дарҳақиқат, ҳамшира «Қон олганим учун 2000 сўм ташлаб кетинг» деса, тўғри қабул қиламиз. Маҳалла фуқаролар йиғини котибига ярим қоғоз маълумотнома ёзиб бергани учун 3000 сўм берамиз. Кассир маошимиздан 5000 сўм олиб қолса, «қоидаси шундай» деймиз. Бир варақ қоғоздан нусха олиш учун 2000 сўмни пинак бузмай тўлаймиз. Банк ходимига ҳисобимиздан маблағ кўчириб бергани учун 5000 сўм ташлаб кетмасак, хижолат тортамиз. Булар гўё коррупция эмас, порахўрликка кирмайди. Аксинча, одамгарчилик қилдим, деб ўзимизни оқлаймиз. Аммо рақамлар катталашиб бораверади. Шифокорга рецепт ёзиб бергани учун 15-20 минг, электр ҳисоблагич кўрсаткичини камайтириш учун 50-100 минг, «аттестациядан ўтиш» учун 100 минг ва ҳоказо. 50 минг сўм пора давлатга камида 5 миллион сўмлик зарар етказишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Таъмагирликнинг бундай кўринишларига, аввало, фуқаролар барҳам беради. Ўзимиз бировларнинг чўнтагига пул солиб, жамиятда адолат йўқлигидан шикоят қилишимиз қанчалик инсофдан?

Поранинг энг кам миқдори қанча? 100 минг сўмдан кам бўлса, пора саналмаса керак. Ёки 50 минг, 10 мингдан ҳисобланармикан? Ўйлаб қарасам, таъмагирлик мақсадида олинган 1 сўм ҳам пора экан. Биз пора олиб, пора берар эканмиз, оёғимиз тушовланаверади. Маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда 1 триллион АҚШ долларидан зиёд маблағ нотўғри сарфланар экан. Бунинг ичида 5000, ҳатто 1 сўмимизнинг ҳиссаси бор. Коррупция давлатнинг камбағаллашуви, ҳаёт сифатининг пасайишига олиб келадиган иллатдир. Шу боис, бутун жаҳонда коррупцияга барҳам беришга эҳтиёж пайдо бўлган.

Коррупциядан, биринчи навбатда, ижтимоий соҳа азият чекар экан. Дори-дармон, таълимга ажратиладиган маблағлар ­камайиши турмуш даражасининг пасайишига сабаб бўлади. Маълумотларга кўра, коррупция­­га қарши кураш олиб борилган мамлакатда узоқ келажакка мўлжалланган даромадлар тўрт баробар ошаркан.
Коррупция қандай ривожланади? Мутахассислар фикрича, тизим қониқарсиз фаолият кўрсатганида фуқаро ўз мақсадига эришиш учун қонундан ташқари ҳолат излашга мажбур бўлади. Бундан ташқари, давлат ­бошқарувида шаффофликнинг йўқлиги, мутасаддилар ўз фаолиятини кенг жамоатчиликка таништириб бормаслиги ҳам коррупцияга йўл очар экан. Тегишли маълумотга эга бўлмаган шахс мақсадига қандай эришишни яхши билмайди. Оқибатда кимгадир ҳиммат қилишга мажбур бўлади. Таҳлилчилар, мутасаддилар иш ҳақининг камлиги ҳам коррупцияни ривожлантиришини аниқлашган. Мамлакатимизда бундай омилларга қарши курашилаётгани учун порахўрлик аста-­секин барҳам топмоқда. Бироқ сезиларли натижага эришиш учун ҳар биримиз ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак.
Бир ҳамкасбим гўштнинг нега қимматлигини таҳлил қилиб, бунинг бевосита коррупция билан боғлиқлигини айтди. Дастлаб қассоб қорамолнинг қимматлигини билдирган. Сўнг фермерлар ем-хашак жуда қимматлиги, биржа савдоларида ҳақиқий фермерларнинг ютиши қийинлигини айтиб, норози бўлган. Биржа мутасаддилари «Бизда ҳаммаси очиқ ва ошкора, электрон шаклда амалга оширилади», деб жавоб қайтарган. Агар ростдан ҳам ҳаммаси қонуний бўлса, нега нарх қимматлигича қолмоқда? Фермерларимиз биржа савдоларини яхши тушунмагани учун юта олмаяптими ёки кимдир монополияга йўл қўймоқдами? Албатта, монополия ҳам коррупция эвазига юзага келади. Буни ­англаш учун файласуф бўлиш шарт эмас.
Коррупциянинг яна бир кўриниши борки, бу «откат» дейилади. Кимнингдир чўнтагига кирадиган 10 сўм эвазига 1000 сўмлик ашё 2000 сўмга сотиб олинади. Бундан корхонага озмунча зиён етадими? Ҳа, обдан ўйлаб қаралса, «коррупция буткул йўқолиши учун майда олди-бердиларга барҳам бериш керак» деган фикрда жон борга ўхшайди. Демак, курашни ўзимиздан бошлашимиз шарт.

Биз эса таъмагирликни болаликдан фарзандларимизга сингдирамиз:
– Хонангни йиғиштирсанг, иккита музқаймоқ ейсан.
– Боғчада ақлли бола бўлиб юрсанг, қайтишда ширинлик олиб бераман.
– Ҳар битта «5» баҳога 5000 сўмдан бераман.
Ў-ҳў, бундай мисоллар қанча. Ҳеч биримиз бунақа қилмаганман, дея олмаймиз. Аммо мактабда ўқитувчисига совға олиш ёки олийгоҳда имтиҳондан ўтиш учун пул сўраса, додлаймиз. Бола онгини аллақачон заҳарлаб бўлганимизни эса тан олмаймиз.

Коррупцияга қаршимизми? Унда фарзанд­ларимизни таъмагирликка ўргатишни бас қилайлик. «Чойчақа» бердим деб, ­кўкрак кермасдан, ҳар бир хизматга қонуний ҳақ тўлайлик. Оддий одамнинг коррупцияга қарши курашгани мана шу бўлади.
Муҳаббат НОРБОЕВА

Бошқа хабарлар