Улғайиш нафаси

59

Яқинда тарихий Комолонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қанча қаламкаш ижодкорлар билан суҳбатлашди.
– Икки йил олиб борган ҳаракатларимизнинг натижаси шу бўлдики, адиблар мустақил бўлдилар, – деди давлатимиз раҳбари суҳбат аввалида. Мен мамлакатимизнинг мустақиллиги эълон қилинган тарихий ноёб дамлар ва бунга нойиблар, кенг афкор омма қандай муносабатда бўлганини эсладим, беихтиёр. Одамнинг ақли, идроки жуда катта ҳодисани, жуда катта фикр, жуда катта ғояни бирдан кутилмаганда дафъатан қабул қилолмайди.

Мен ўзимда шу ёшга етиб ҳам бунчалар руҳий кўтаринкилик туймаганман. Ниҳоят! буни Беҳбудий, Қодирий, Чўлпон қандай қабул қилардилар, деб ўйладим. Фидокор аждодларимнинг ҳаммаларини кўз ўнгимга келтирдим. Уларнинг чеҳраларида озодлик шуълалари жилваланарди. Боболарим шод дедим. Тарихнинг олтин ҳарфлар билан мангуга бўртма усулда ёзиладиган бир буюк адолати ниҳоят қарор топ­­ди: француз ўз замонида озодлик сўзидан шундай дунёга сиғмай қувонган бўлса керак; араб ислом сўзидан ўз замонида шундай терисига сиғмай кетган бўлса керак; ҳинд браҳман сўздан ўз пайтида шундай қанотларини жаҳонга ёйган бўлса керак.
Биз чексиз улуғ ҳаётбахш ҳақиқатларга кейинроқ етиб борамиз. Ақлимизнинг табиатдан ато сажияси ана шундай.
27 йил… Мен олдинга қарайман… Олдинда муҳташам ­кўприкни кўраман. Халқимизнинг оғирини енгил қилган, чигилини ёзган, кўкрагига улғайиш нафасини уфурган ­кўприк!
Хизр ҳазратлари ортга боқма, деб ажиб ўгит айтган бўлсалар-да беихтиёр ортга қарайман. Инсон руҳияти шундай: ортга қарамасликнинг сира иложи йўқ. Қарама-қаршиликсиз ҳеч нарса йўқ. У ҳамма нарсаларни ҳаракатга солади ва ҳаёт неъматига туз ато этади.
27 йил… Алоҳида тарих! Унинг истилоҳлари, тушунчалари, терминлари алоҳида.
Куни кеча сочлари қордай оқарган генетик олим, менинг тенгдошим шундай деди:
– Мустақиллик бизни хор қилмади! У қаддимизни кўтарди, – деди самимий.
Жавоб бергим келди:
– Мустақиллик бизни зор-интизорликдан қутқазди. Зўравонларнинг қутқуларини юрак­ларимиздан қувди. Ўти олиб ташланган юрак билан яшардик. Ўтни мисоли Прометей каби яна кўксимизга жойлади. Бунёдкорлик ишларимизда шукуҳ, шон-шавкат пайдо бўлди. Ана шаҳарлар! Ана қишлоқлар! Ана қуюндай замонани эгаллаётган миллионлаган навқиронлар! Уларнинг энди нони бор, ғояси бор, равиш-рафтори бор! Нон ва Ғоя! Буларнинг бирлигида ҳуррият мустаҳкамланади, Буларнинг бирлигида одам қалбида биллур пайдо бўлади.
27 йил… Усмон шоир тўлиқиб-тошиб, кўзларини пирпиратганча шеър ўқиб қолди қошимда:
Бу дунёга бир қўшиқ
Бериб кетгин, шоирим,
Марҳумлар уйғонсинлар,
Ухлолмасин тириклар…
У уйғониш азобларини хўб бошидан ўтказиб, 90-йилларда ўтли туркумлар ёзган. У яна ўйланиб туриб деди:
– Барча аждодларни тирилтирди!
Мен унга жавоб бергим келди:
– Барча аждодлар тилга кирди! Дунё бугун улар овозини эшитяпти.
27 йил… Дунё адибларининг куни кеча ўтган халқаро конференцияда Американинг Мичиган университетидан келган, ўзбек тилида дадил сўзлаётган ва ўзбек тилида маъруза ўқиган олим Кристофер Форт:
«Мен Чўлпоннинг «Кеча» романини ўзбек тилидан инг­лизчага ўгирдим. Исажон Султоннинг «Боқий дарбадар» романини ҳам таржима қиляпман. – У «катта иштиёқ билан» деб соф ўзбек тилида қўшиб қўйди: – Мақсадим: Ғарб кишиси ўзи учун янги бетакрор адабиётни кашф этсин…»
Ана ўғил бола гап! Ўғил бола муносабат! «Ўзбек адабиётини Ғарб кашф этсин!» Қанчалар дилинг ва хаёлинг яйрайди бу каби сўзлардан. Бир голландия­лик университет олими «Қиссас ул-анбиё»нинг барча қўлёзмаларини жаҳон кутубхоналари, хазиналардан ахтариб юриб ўрганяпти. Буларни билиш, эшитиш учун халқаро конференция қанчалар зарурат бўлганлигини ­англаш мумкин. Ўз вақтида ўртага ташланган ва изчиллик билан амалга оширилган ғоя ташна ерларга сув чиқариш сао­дати билан тенгдир.
27 йил… Битта набирам ­мустақиллик билан тенгдош; Иккита набирам мустақиллик билан тенгдош; Учта набирам ­мустақиллик билан тенгдош. Мен бугун Абдулла Орипов ва Бегали Қосимовнинг Ойбек неварасини кўрдим. Уни менга Абдулланинг кенжа суюкли қизи Рухсора кўрсатди. Болакай менга салом берди ва узоқ тикилиб қолди. Рухсора: «адам буни «Ойбек домла» дер эдилар деди. «Ойбек домла» боболари ва Ойбекдан ўзсин, улар қилишга улгурмаган ишларни қилсин, умри узоқ бўлсин, деб дуо қилдим. Президентимиз янги Эркинлар, Абдуллалар ёнимизда турсин, деб орзу қилдилар.
Билингки, бу сиз ва биз учун!
Бошдан-оёқ сиз ва биз учун!
Америкалик олим ўзбек адабиётини иштиёқ билан ўрганиб дунёга тарғиб қилиб турганда, сиз билан бизга сусткашлик, танбаллик ярашадими? Асло!
Дурдона сўзларни дурдона қалбларга жо қилмоқ, дурдона неъматлар яратмоқ палласи келмадими ахир?!
Ҳақиқатни тан олмоқ керак: халқ учун ўсиш қийинчиликлари ҳеч қачон тугамайди. Барча халқлар учун ҳам бу шундай умумҳақиқат. Ўсиш поғонама-поғона жараён. У узлуксиз кечади. Халқ бу жонли жараён поғоналари устида маълум бир доирадаги ижтимоий-сиёсий ҳақиқатларни анг­лаб етади. Масалан, маърифатпарварлар даврида халқ болаларини ўқитиш ва умумжаҳон андозаларидаги тарбия заруратини жуда чуқур англаб етди. Ҳозир ўзбек орасида болаларини ўқитиш, ўқимишли инсон қилиш мақсадида ­саъй-ҳаракат қилмайдиган хонадон йўқ. Аммо маълум даврда халқ орасида ўқишга юзаки қарашлар, лаёқат ва лаёқатсизликка менсимай қарашлар урчиб кетди. Ихтисос эгаси бўлишдай улуғ иқтидорга панжа орасидан боқиш авж олди. Ҳақиқий ихтисосни эгалламаган «мутахассислар» ортиқ даражада кўпайди. Президентимизнинг қишлоқ хўжалик ходимлари, агромутахассислар билан суҳбатини халқ эшитди. Чала мутахассислар туфайли бебаҳо соҳа – селекция орқада судралиб бормоқда. Зараркунандаларга чидамли, уларни ўзига йўлатмайдиган­ кимёвий, биологик илғор усуллар нега қўлланмаяпти? Бепоён далаларимизни зараркунандалар босаётгани ёниб-куйиб айтилмоқда. Қайта экиш майдонлари чала истифода этилаётгани баралла танқид қилинмоқда. Қани қурт босмайдиган ширин-шакар олмалар? Қани доғ, шира, кул босмайдиган узумзорлар? Қачонгача қуртлатиб ўтирамиз? Қачонгача кенг аҳолига бу соҳаларда зарурдан зарур ёрдамлар, йўл-йўриқлар кўрсатмай ўтираверамиз?
Ўсиш қийинчиликлари шуки, уларни англаб етгач, азобидан дадил қутулиб, файзи-фаровонлигига киришмоқ ва буни ҳеч қачон қўлдан чиқармаслик керак. Ўсиш – тараққиёт бошдан-охир фақат янгиликлар, янги ҳақиқатлардан, янглиш тушунчалардан иборат бўлмайди. Ўсишнинг маълум бир улуши – эски ҳақиқатларнинг янгиланиб, замонавийлашиб боришидир. Янгиланган ғоялар янги илғор ғоя­ларнинг белидаги белбоғидир. Дунёда белбоғсиз биронта механизм йўқ. У коинотга учаётган кемаларни ҳам тутиб туради. Вужудимизни сочилиб кетишдан сақлайди. Улуғ шоиримиз ва заковатли жамоат арбоби Эркин Воҳидов 90-йилларда ижтимоий муносабатларнинг ўта зиддиятли товланишларини кузатиб, бу жараёнга «улғайиш азоби» деб ном берганди. Ҳаётбахш ғоялар, қимматли маслаҳатларни ҳаётга тат­биқ қилишда ана шу улғайиш азоблари ҳамон тугамаган, ҳамон ҳаммамизга, давлатимизга, халқимизга панд беради. Президентимизнинг барча суҳбатлари, барча нутқлари, таклифлари асосида тайёрланган ҳужжатлар – ҳаммаси янги даврдаги улғайиш азоблари оқимидадир. Кўпчилик бу ғоялар оқим тусини олаётганини кузатмоқда, сезмоқда, энг муҳими, унга дахлдорлик туймоқда. Бундай дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган инсон ҳақиқий ватанпарвардир. Президентимиз гўзал Тошкентимизнинг қон ва жон томири бўлган бизнинг Бўзсувимиз, Анҳоримизни Парижнинг Сенаси, Лондоннинг Темзаси, Олмоннинг Рейни, Масковнинг Москва-рекаси даражасига кўтармоқчилар. Анҳоримиз моҳиятига кўра улардан қолишмайди демоқчилар. Ва ҳали кўрасиз, бу анҳорлар Зулфия хоним айтганларидай бир анҳорлар, бир дарёлар, бир жаннатий маконлар бўлади.

ИБРОҲИМ ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
санъат арбоби

Бошқа хабарлар