Иссиқхонадан «иссиқ» даромад

380

Сариосиё туманидаги «Теракзор» маҳалласида яшовчи Абдукарим Жумаев ва Мингдона Холовалар оиласига барчанинг ҳаваси келади. Улар мактабда ишлаган кезлари, дарсдан бўш пайтлари томорқасида карам, картошка ўстирди, фарзанд­ларини ҳам ёнига олиб меҳнат қилишга ўргатди.

Оиланинг тўнғич фарзанди Асқарали ота-она изидан бориб, ўқитувчи бўлди. Ҳозирда у тумандаги 21-мактабда дарс беради. Мўъжазгина томорқасида иссиқхона барпо этган. Помидор, ­бодринг, лимон етиштиради. Қизи Сабоҳат, ўғиллари Икром, Иномжон ҳам деҳқончилик илмини пухта эгаллашган. Айниқса, кенжа ўғил Иномжон зироат ўстириш, мўл ҳосил етиштиришни бир олим-агроном даражасида билади. У ҳар йили 30 миллион сўмгача даромад топаётир.
Дастлаб иссиқхонада помидор, бодринг, лимон ўстириб танилган Иномжонга туман раҳбарлари ишонишиб, ўзи яшаётган қишлоқдан бир гектар ер ажратиб беришди. «Телпакчинор омади» деҳқон хўжалигини ташкил этган тадбиркор йигит бундан 6 йил илгари иккита иссиқхона қуриб, 250 туп лимон кўчати ўтқазганди. То лимон дарахтлари ҳосилга киргунча иссиқхонада помидор, бодринг етиштириб мўмай даромад кўрди. Бу йил лимон дарахтлари шиғил-шиғил ҳосил беради. Ўтган йили тадбиркор йигит лимон сотиб, 75 миллион сўмдан ортиқ даромад олди.
У фақат иссиқхонада лимон етиштириш билан чекланаётгани йўқ. Голландиянинг Тошкентдаги «Энза» фирмасидан помидор ва бодринг уруғи келтириб, уни махсус қопчаларда ўстиради. Ҳар икки ойда минг-минглаб туп кўчат тайёрлаб, иссиқхонаси бор деҳқонларга етказиб беряпти. Бу ишларни амалга ошириш учун қишлоқдаги 10 нафар ёш йигит-қизни доимий иш билан таъминламоқда. Гулсара Соатмўминова, Фахриддин ва Нуриддин Бобоқуловлар, Латофат Раҳмонова, Қодир Абдуллаев сингари ёшлар нафақат «Телпакчинор омади» деҳқон хўжалиги аъзоси, шу билан бирга иссиқхона қуришга талабгор кишиларга доимий ёрдамлашиб келишяпти. Бошқача айтганда, улар иссиқхона ишлари бўйича тажрибали мутахассис даражасига етишишган.
Иномжон фақат шу юмушлар билан чекланиб қолмай, асаларичилик ва чорвачиликка ҳам қизиқмоқда. У 40 та оила асалари парваришлаб, камроқ бўлса-да, сифатли бол етиштирди. Бундан 5 йил аввал Украина давлатидан келтирилган зотли сигирлардан иккитасини харид қилганди. Сифатли озуқалар билан боқилиб парваришланаётган жониворлар иқлимимизга нафақат мослашди, шу билан бирга кўпайди. Хўжаликнинг бир четида қурилган молхонада ҳозирда 10 дан ортиқ зотли қорамол парваришланяпти.
Иномжон иссиқхонани янада кенгайтириш мақсадида Халқ банкининг Сари­осиё тумани филиалидан кредит олди. Яна 5 та иссиқхона қуриб, лимон дарахтлари сонини минг тупга етказмоқчи. Яқин келажакда унинг хўжалигида 30-35 тонна лимон етиштириш имконияти юзага келади. Ҳозир бу иссиқхоналардаги лимон кўчатларининг орасига экилган «Бўрон», «Элнида» навли помидор кўчатларидан ҳар икки ойда 10-15 минг туп етиштирилиб, иссиқхонаси бор тадбиркорларга тарқатилмоқда.
Ҳа, Иномжон Жумаев эндигина 30 ёшдан ошган. Тенгдошларининг баъзи бирлари ҳамон ота-она қарамоғида. У эса меҳнат қилиб, Нексия олди. Оқила қиз Гулмира Абдусатторовага уйланди, тўй харажатларини ўзи топди. Бундай тадбиркор ва ишбилармон йигитга ҳавас қилса арзийди.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар