Орол муаммосини бартараф этиш бўйича минтақавий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

202

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов­нинг таклифига биноан 24 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.

Президентимиз дастлаб «Аваза» сайёҳлик зонасида Туркманистон Президенти билан учрашди.
Бугунги кунда Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари юксак суръат билан ривожланмоқда. Бунда, аввало, икки давлат раҳбарларининг самимий дўстлиги, ўзаро ишончи ва бир-бирини қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада эканидан далолатдир. Жумладан, Туркманистон раҳбарининг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлади.
Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг бу галги учрашуви ўзаро манфаатли, самарали ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги давридаги ташаббусларини юқори баҳолаб, мамлакатларимизнинг бу борадаги лойиҳа ва саъй-ҳаракатлари бир-бирини тўлдиришини қайд этди.
Гурбангули ­Бердимуҳамедов давлатимиз раҳбарини Турк­манистонга ташрифи билан қутлаб, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг таъсисчи мамлакатлари раҳбарлари саммити ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Аввал эришилган келишувлар ижросига эътибор қаратилди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси Президентларнинг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Рес­публикаси Президенти ­Сооронбай Жээнбеков ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди.
Мажлисда жамғарма фао­лиятини такомиллаштириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, сув ресурс­ларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш, бу борада Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлигини мус­таҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 1993 йили Ўзбекистон, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Тожикис­тон ва Туркманистон раҳбарлари ташаббуси билан Орол денгизи ҳавзасида экологик инқироз оқибатларига барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида тузилган. Таъсисчи давлатлар унга уч йил муддатга раис­лик қилади. Раислик қилувчи мамлакат раҳбари Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Президенти этиб сайланади. 2017 йилдан жамғармага Туркманис­тон раислик қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур саммит жамғарманинг 2009 йилги мажлисидан сўнг қарийб ўн йилдан кейин ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.
Орол инқирози замонамизнинг энг йирик экологик ҳалокатидир. Денгиз тубидан кўтарилаётган чанг йилига 80 миллион тоннага яқин туз ва зарарли кимёвий моддаларни Шарқий Европадан Ҳимолай тоғларигача бўлган улкан ҳудудга ёяётгани муаммонинг глобал тус олганидан далолат беради.

Шу нуқтаи назардан ушбу саммит етакчи молия муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл донорлик компаниялари, шунингдек, бизнес ҳамжамияти ­эътиборини Оролбўйидаги экологик вазиятга жалб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўтган даврда жамғарма дои­расида минтақадаги мураккаб сув-энергетика масалаларини ҳал этиш, сув ресурсларини биргаликда бошқариш, фойдаланиш ва муҳофаза қилишда ҳамкорлик бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.
Хусусан, Ўзбекистон Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича кенг миқёсли лойиҳаларни амалга оширди. 350 минг гектар майдонга саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилди.
Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.
Президент Шавкат ­Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйи­­ча Давлат дастури бу ерда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, экологик фалокат оқибатларини юмшатиш бўйи­­ча инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Орол ҳалокатига халқаро ҳамжамият эътиборини ҳам қаратиб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессия­сида дунё ҳамжамиятини ушбу экологик инқироз оқибатларини бартараф этиш ва ундан жабр чекаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
Ўзбекистон БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё сув ресурс­ларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни қўллаб-қувватлади. Фожианинг бутун сайёрага дахлдорлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйи­­ча махсус Траст жамғармаси тузилди.
Жорий йил 7-8 июнь кунлари Тошкентда «Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар» мавзуида халқаро конференция, унинг доирасида Марказий Осиё экологик форуми бўлиб ўтди.
Туркманбошидаги учрашувда Орол инқирози оқибатларини юмшатиш, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш бўйича Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорлигини фаоллаштириш, Оролбўйи ҳудуди учун экологик тоза технологиялар ишлаб чиқиш ва жорий этишга хорижий инвес­тицияларни биргаликда жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Кенгайтирилган таркибдаги мажлисда Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари ­аъзолари, халқаро ташкилотлар ва молия муассасалари вакиллари, экология ва сув масалалари бўйича мутахассислар қатнашди.
Мажлисда Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Туркманистон раислигида тузилма фао­лиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш бўйича улкан ишлар қилинаётганини таъкидлади.
Қарийб ўн йиллик танаффусдан сўнг ўтаётган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг бугунги тарихий мажлиси ташкилот фаолиятида янги саҳифа очади, Марказий Осиёда минтақавий шерикликка катта суръат бағишлайди. Биз бу борадаги ўзаро ҳамкорликка тайёр эканимизни яна бир бор тасдиқлаймиз, деди Шавкат ­Мирзиёев.
Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудга инновацион ечимлар жорий этиш ва хорижий инвес­тициялар жалб қилиш, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа масалалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурди.
Мажлисда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масаласига бевосита боғлиқ экани, бу борадаги оқилона қарорлар ва яқин ҳамкорлик минтақа мамлакатлари фаровонлигига хизмат қилиши таъкидланди. Бу масалани ҳал қилишда минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш зарурлиги, шундай ёндашувдан бошқа ечим йўқлиги алоҳида қайд этилди.
Мажлис якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда ушбу саммит ўз аҳамиятига кўра нафақат жамғарма ­фаолиятида, балки Марказий Осиё мамлакатларининг экология ва сувдан фойдаланиш борасидаги ҳамкорлигини ривож­лантиришда янги босқични бошлагани, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар минтақа халқлари фаровонлигини ошириш, кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА махсус мухбири.
Тошкент – Туркманбоши – Тошкент.

Бошқа хабарлар