Тарвуз – фойдаси тенгсиз

685

Пишиқчилик даврида кўп ва хўб тарвуз истеъмол қилишнинг фойдаси ҳам кўп ва хўб…     Таркибида кўп миқдорда магний сақлаган тарвуз – юрак ва буйрак учун фойдали. 100 грамм тарвузда организм учун керакли бўлган магнийнинг 60 фоизи мужассам. Магний мушакдаги оғриқлар, зўриқиш, чарчоқ ва асабийликда ҳам кор қилиши илмий исботланган.
«Тарвузли парҳез»нинг фойдаси беқиёс. Бир ҳафтада 5-6 килограммга озишингиз ва организмни ортиқча тузлар, қонни эса холес­териндан тозалашингиз мумкин. Диабет билан хасталанган беморларда учрайдиган оғиз қуриши, қалтироқни тез босиб, аҳволнинг яхшиланишига ҳам хизмат қилади.
Ибн Синонинг тиббиётга оид асарларида келтирилишича, тарвузни асосий овқатдан камида ярим соат олдин истеъмол қилиш керак. Сабаби, полиз маҳсулотлари, сабзавотлар ошқозонда узоқ сақланса, ачийди ва меъда шираси таркибидаги кислота таъсирида ўзининг шифобахшлигини йўқотади.
Бошқа мева-ю сабзавотлар қатори темир, калий ва магний моддалари, В, А, С витаминларига бой бўлган тарвузнинг яна бир аҳамиятли жиҳати таркибида ниҳоятда юқори даражада фолий кислотанинг кўп­лигидир. Фолий ҳомиладор аёллар учун ниҳоятда фойдали. Шундай экан, бўлажак оналар тарвузни кунора 2-3 тилимдан ейишлари айни муддао. Тарвуз терини парваришлашда ҳам асосий даволовчи восита ҳисобланади. Қуруқ ёки янги узилган тарвуз пўчоғидан дамланган чой ёшлик гўзаллигини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Тарвуз этидан тайёрланган бўтқани юзга 15-20 дақиқа суриб қўйиш терини фақатгина озиқлантириб қолмай, рангини ҳам яхшилайди.
Буни қарангки, тарвузнинг шифобахшлиги фақат терига таъсир этиб қолмай, сочлар учун ҳам яхшигина муолажа экан. Бунинг учун бор-йўғи тарвуз этини эзиб, уни сочга 20 дақиқа суриб қўйса кифоя.

Дилафрўз ЎРОЗОВА
тайёрлади.

Бошқа хабарлар