Тушкунликка тушманг: ҳар дарднинг давоси бор

132

Таҳририятимизга келган хатлар билан танишаётиб, бирининг ниҳоятда изтироб билан ёзилганидан мутаассир бўлдик. Хат муаллифи Тошпўлат Ашуровнинг ёзишича, у 2011 йилда нев­роз касаллигига дучор бўлиб, бир йил мобайнида даволанган. 2012 йилнинг декабрида заҳарли бўқоқ касаллигининг 3-даражали оғир тури билан ҳам оғригани маълум бўлгач, тўрт йил давомида терапия йўли билан даволаниб юрган, бироқ шу давр мобайнида касаллик бор-йўғи учинчи даражадан иккинчи даражага тушган, холос. Шундан сўнг шифокорлар тавсия этган радиоактив йод билан даволанишга розилик билдирган.

Шундай қилиб, у ўзи яшаб турган Бухоро вилояти Когон шаҳар «Зиёкор» МФЙдан ижтимоий ёрдамга муҳтожлик ҳақидаги маълумотнома орқали ҳудудий диспансердан ордер олиб, опаси ҳамроҳлигида 250 000 сўм пул билан Тошкентга келади. Эндокринология маркази поликлиникасидаги тирбандлик, касалларнинг кўплиги боис шаҳардаги бир неча манзилларга бориб, текширувлардан ўтишга тўғри келади. Текширувлар ҳадеганда тугамаслиги маълум бўлгач, арзон меҳмонхона излаб сарсон бўлишади, ҳатто энг арзон меҳмонхоналарнинг хизмати ҳам уларга оғирлик қилади. Ноилож қайтиб кетишга мажбур бўлишади. Ордер муддатининг охирги куни Тошпўлат ака яна пойтахтга келиб, текширув натижаларини олиб ядро тиббиёт бўлими мудирига учрашганда, у радиоактив муолажа иссиқ кунда мақсадга мувофиқ эмаслигини, бунинг асорати ўта оғир бўлишини ва бу ҳақда бир кун олдин вилоят диспансерига телефон орқали хабар берганини айтиб, сентябрь ойининг охирида келишни маслаҳат беради.

«…Шу муолажани олиш учун минг бир азоб билан текширувлардан ўтиб сарсон бўлиб юрибман, ордер бериш учун 4 та врач имзо чекди-ю, бирортаси радио­актив йод муолажасини иссиқ кунда олиш мумкин эмас, деб огоҳлантирмади. Ўзим ҳам тиббиёт ходими бўлганим, бемор ва шифокор ўртасидаги мулоқотларнинг йўл-йўриғини, ҳақ-ҳуқуқларимни яхши тушунганим учун қайсидир имтиёзлардан, гарчи бесамар кетган бўлса-да, фойдаландим ёки тегишли идора ва ташкилотларга мурожаат қиляпман. Аммо бундай йўл-йўриқлардан бехабар минглаб одамларнинг рес­публикамиз марказий касалхонасида турнақатор бўлиб, асабий ҳолатда навбат кутишлардан безиб кетганини кўриб, йиғлаб юборасан киши. Бўқоқ узоқ давом этадиган касаллик бўлгани туфайли бу ерга қайта-қайта келишга мажбур бўлаётган шўрлик беморларнинг аҳволини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг. Ҳолбуки, уларга ортиқча диққат бўлиш, асабийлик, тушкунлик каби руҳий зўриқишлар асло мумкин эмас…», деб ёзади Тошпўлат ака.

У ана шу ҳолатларнинг ечими ўлароқ, Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва барча вилоятлар эндокринология диспансерларида ядро тиббиёт бўлимларини ташкил этиш дастурини ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш учун Ислом тараққиёт банкидан имтиёзли кредит олиш, ҳудудий диспансерлардаги шифокорларга малака ошириш махсус курсларини ташкил этиш таклифларини билдириб, Когон шаҳар Халқ қабулхонасига ҳам жўнатган.
Биз хат ва ундаги таклифлар билан танишиб чиққач, Ё.Х.Тўрақулов номидаги Респуб­лика ихтисослаштирилган эндокринология маркази директори Анвар Алимов билан ушбу таклифларни амалга ошириш имкониятлари хусусида суҳбатлашдик. Дастлаб, Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги қарорига асосан Марказ, унинг филиаллари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, шаҳар эндокринология диспансерлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари жадал суръатларда давом этаётгани ҳамда бу ишлар 2019 йилда якунланишини эшитиб, кайфиятимиз кўтарилди. 2021 йилга қадар рес­публикамизнинг барча ҳудудларида эндокринология йўналишидаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси босқичма-босқич мустаҳкамланиб, реанимация, жарроҳлик бўлими, марказий лаборатория, реабилитация бўлимлари ташкил этилиб, жаҳон стандартлари даражасидаги юқори технология­­ли тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.
Ҳозирда Хоразм ва Сурхондарё вилояти диспансерлари реконструкцияси якунланиб, тўлақонли фаолият юритмоқда экан. Амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси, Қашқадарё вилояти бўйича эса «Шўртан газ-кимё мажмуаси» МЧЖ томонидан молиялаштирилмоқда. Бундан ташқари, 2018 – 2020 йиллар мобайнида Республика ихтисос­лаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва ихтисослаштирилган эндокринологик ёрдам кўрсатиш муассасаларини асбоб-­ускуналар билан жиҳозлаш инвестиция лойиҳаси асосида Ислом тараққиёт банки томонидан 20 миллион доллар маблағ ажратилади.

Мамлакатимиз миқёсида эндокринология йўналишида ҳеч қачон кузатилмаган катта ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар билан батафсил танишар эканмиз, биз кўтариб келган муаммонинг ҳам ижобий ечим топишига ишончимиз комил эди. Афсуски, ­нуклеар диагностика бўлими мудири Дилшод Давлатёров билан бўлган мулоқотимиз асносида ушбу масалага бирёқлама ёндашаётганимиз ойдинлашди.

– Ядро тиббиёт маркази Марказий Осиёда фақат биздагина ишлаб турибди, – дейди у. – Радиоактив моддалар билан ишлайдиган тиббий марказлар жаҳон бўйича ягона ­МАГАТЭ – Халқаро атом ядроси ишлаб чиқариш агентлиги томонидан бошқарилади. Ушбу ташкилот ҳар йили барча марказлар хавфсизлик чора-тадбирларининг ҳар тарафлама ишончли ташкил этилишини назорат қилиб боради. Ядро тиббиёт марказлари бошқа давлатлар ҳудудларида ҳам кенг суръатда жорий этилмаган. Бунинг ўзига яраша жиҳатларини, ўйлайманки, Ер юзига ядро фалокати соя ташлаб турган бугунги кунда ҳар бир киши теран англаб етади. Айнан шу сабабга кўра, юртимизда мавжуд Ўзбекистон ФА Ядро физикаси институтининг ёпилиб кетишига бир баҳя қолган эди. Яхшиямки, ­Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу жараён тўхтатилди. Шунинг ўзи катта гап, негаки, даволаш ишлари учун керак бўладиган радиоактив модда ўзимизда мавжуд бўлгани учунгина радиоактив йод муолажаси хорижий давлатлардагига нисбатан арзон.
Ҳозирда Саудия тараққиёт фонди орқали янги Spect-city аппаратини олиш арафасидамиз, бу олдингисидан кўра диаг­ностикада ҳам, муолажа жараёнида ҳам юқори технологияга эгалиги билан фарқланади.
Ядро тиббиёт марказини ташкил этиш учун керак бўладиган биргина асбоб-ускунанинг ўзи бир миллион доллар туради. Бундан ташқари, алоҳида майдон, муолажага мослаштирилган бино қурилиши, радиоактив моддани сақлаш ва ишлатилгандан сўнг зарарсизлантиришга махсус чуқурлик, алоҳида канализация, ташишга махсус контейнерлар, радиация таъсирини ташқарига чиқармаслик учун махсус воситалар, хуллас, буларнинг барини ташкиллаштиришга бир неча миллиард долларлик маблағ керак бўлади. Қолаверса, ушбу йўналишда фаолият юритишни истовчи мутахассисларга эҳтиёж катта. Негаки, радиоактив йод муолажасини ўтказувчи шифокорлар ҳам ҳар бир муолажа давомида қайсидир даражада нурланиш олади. Шунинг учун ядровий тиббиётга талабгорлар жуда кам, фақат соҳага кучли меҳр қўйган саноқли кишиларгина ишлашади. Бу ишга бировни мажбурлаб ўтказиб бўлмайди. Ҳатто беморларнинг ҳам радиоактив йод муолажасини олишга бўлган хоҳиш-истаги, танловига жиддий эътибор берилади. Муолажадан сўнг бемор бир неча кун ҳеч кимга яқинлашмаслиги керак.

Бу йўналишда даволанувчи беморлар, яхшиямки, у қадар кўп эмас, марказимиз Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардан келган беморларни тўла қамраб олиш имкониятига эга. Агар ядро тиббиётига эҳтиёж мамлакатимизда жуда катта бўлганда эди, эндокринология соҳаси тубдан ислоҳ қилинаётган бир пайтда ушбу йўналишни кенгайтириш масаласи ҳам назардан четда қолмаган бўларди, албатта.

Шундан сўнг биз марказда малака ошириш ишларининг қай йўсинда амалга оширилаётганлиги билан ҳам танишдик. Замон талабига мос – ҳам жонли, ҳам онлайн тизими орқали, нафақат юртимиз миқёсида, балки хорижий мутахассислар билан ҳам маълумот алмашишнинг намунали йўлга қўйилганлигига ишонч ҳосил қилдик.

Лекин қанчалик оғир бўлмасин, ҳамюртимиз Тош­пўлат Ашуров ва у сингари беморлар истаётган масала ўта мураккаблиги, унинг атроф-муҳит ва аҳоли хавфсизлиги нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқ эмаслигини айтишга мажбурмиз. Истаймизми-йўқми, ҳаётда ҳамма нарсанинг ҳам имкони топилавермайди. Муҳими, ана шундай тўсиқлар учраганда, тушкунликка тушиб қолишдан сақланиш лозим. Зеро, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Биз хат муаллифига фақат таскин беришимиз мумкинки, кейинги сафар келганингизда аввалги нохушликлар такрорланмайди. Яқинда Марказ поликлиникаси тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, қўшимча бино ҳам ажратилган. Беморларни қабул қилиш, умуман, бемор ва шифокор мулоқотининг барча жараёнларида юқори технологияга асосланган тизим ташкил этилиб, шарт-шароит яратилган. Турнақатор асабий навбат кутишлар энди олдингидек сизни безо­в­та қилмайди. Ҳадемай, 1-2 йил ичида мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги қурилиш-реконструкция ишлари якунига етгач, ноқулай вазиятлар бутунлай барҳам топади.

Шаҳзода ҲАКИМОВА,
«Ishonch» мухбири

 

Бошқа хабарлар