Қорабайирлар қашқадарёга қайтди

139

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида йилқичиликда наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, айниқса, қорабайир зотини кўпайтириш бўйича зарур йўл-йўриқ ҳамда кўрсатмалар берганди. Шунга кўра, Яккабоғ туманининг Бешқўтон қишлоғида «Қорабайир» отчилик мажмуаси қисқа фурсатларда қуриб фойдаланишга топширилди.

«Қорабайир» сўзининг маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, турлича талқинларга дуч келамиз. Мисол учун, айрим олимлар «қора» – соф, «байир» — жайдари, яъни соф жайдари от, деб изоҳлашса, баъзилари арабчада «қора» отни, «байир» эса туяни билдиради, деган ёндашув асосида бақувват от, деб таърифлашади.
Ҳақиқатан, ушбу от ўта чайир бўлиб, чарчамайдиган, озуқа танламайдиган пишиқ зот ҳисобланади. У тоғ шароитига яхши мослашади, иссиқ ва совуққа чидамли. Пойгада, айниқса, узоқ масофага чопиш, тўсиқлардан сакраб ўтишда абжир. Қорабайирнинг тана тузилиши қотма, тўши кенг, бўйни қисқа бўлса-да, анча йўғон, қарчиғайи унча баланд эмас, оёқлари нисбатан узун бўлиб, юрганида, чопганида янада кўркамлик касб этади. Ранги асосан тўриқ, жийрон, кўк, малла, қора, чавкар, шунингдек, саман тусда бўлади.
Яқинда мажмуада отларнинг ҳолати, боқилиши, уларни кўпайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар, мухтасар айтганда, яратилган шароитлар билан танишдик. Маълумот беришларича, бу ерга юртимизнинг турли жойларидан 50 та қорабайир зотли бия (урғочи от) олиб келинган ва бугунги кунда уларнинг йигирмадан ошиғи қулунлаган.
Катта отлар ва бир ёшли тойчоқлар учун алоҳида замонавий отхоналар қурилган. Жониворларни ем-хашак билан таъминлаш мақсадида 200 гектар ер майдони ажратилган. Шунинг­дек, Лангар тоғ этакларидаги Майданак қирларидан отлар учун яйлов сифатида фойдаланиш бўйича юқори ташкилотларга мурожаат ҳам қилинган.
Отбоқар Азамат Суюновнинг айтишича, айни кунларда отлар яқинда арпадан бўшаган майдонларда боқилмоқда. Мажмуада отларни совутиш, мусобақаларга тайёрлаш, ҳар хил турнирлар ўтказишга мўлжалланган очиқ ва ёпиқ манеж ташкил этилган. Уларда келгусида от савдолари бўйича аукционлар ҳам ўтказиш мумкин.
Ёш чавандозлар ва меҳмонларга ўқув машғулотхоналари, ресторан, меҳмонхона, мажлислар зали мавжудлиги отчилик мажмуаси истиқболли режалар асосида ташкил этилганидан далолат беради.
Мажмуа директори Юнус Қувоновнинг қайд этишича, келажакда миллий гвардия, ички ишлар ва шу каби жанговарлик талаб қилинадиган соҳалар учун ҳам чайир ва учқур отлар тайёрлаб бериш кўзланмоқда. Ўзбекистон от спорти федерацияси билан яқин ҳамкорликда қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Қувончлиси, республикамизнинг турли жойларидан олиб келинган энг сара отлар муҳофазага олинди, улар кўпаймоқда, яқин йилларда кўзланган баланд довонларни забт этажак…

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар