БИТТА НОННИНГ ТАННАРХИ 30 МИНГ СЎММИ? ёки «виртуал сув» истеъмоли миқдори қанча?

269

Бир килограмм гўштнинг асл нархи қанча? Бир буханка ноннинг-чи? Аслида, биз ҳар куни 650 сўмга сотиб олаётган 400 грамм оғирликка эга бу ноннинг таннархи салкам 30 минг сўм. Нега дейсизми?
Бир ҳисоблаб кўринг. Бир килограмм буғдой етиштириш (лалми бўлмаган) ва хамир қориб, дастурхонимизга етказиш учун 1000 литрга яқин сув сарфланади. мутахассислар томонидан ҳисоблаб чиқилганда eтилган буғдойни ўриш, янчиш, ташиш, хамирга ишлатиладиган, хамир қорилган, нон пиширилган идишлар ва тахминан икки дақиқа  давомида қўлни ювишга ҳажми ўртача 86 м3 сув
сарфланар экан. Агарда уни бугунги кунда  юртимиздаги мавжуд сувнинг нархига  (Тошкентда 345 сўм, Хоразмда 900 сўм) кўпайтирилса, ўртача бир буханка ноннинг таннархи, яъни унга сарфланган «виртуал
сув»нинг нархи келиб чиқади. Шу ўринда  савол туғилади: Хўш, виртуал сув нима?  Нега виртуал сувни билиш бунчалик муҳим?

Виртуал сув биз ҳар куни истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш учун кетган сувнинг ҳаж­мидир. Масалан, бир килограмм гўшт учун 15 500 литрга яқин сув сарфланади, демак, биз истеъмол қилаётган гўштнинг таннархи 15 500 литр виртуал сувнинг нархига тенг. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, битта одамнинг виртуал сув истеъмол қилиш ҳажми бир кунда 1 м3 яшаб қолиш, 2,6 м3 ва ундан кўпроғи эса кўп гўшт истеъмол қиладиганлар учун етарли миқдор. Бундан англашиладики, сув танқис бўлган мамлакатлар маҳсулот ва товарларни харид қилганда уларни ишлаб чиқарган мамлакатдан сотиб олган мамлакатга виртуал сув ўтади. Бу ушбу мамлакатлардаги сув ресурсларини тежаш имконини беради. Глобал даражада эса виртуал сувни сотиш геосиёсий аҳамиятга эга: у мамлакатларни бир-бирига боғлайди. У ҳамкорлик ва тинчлик асоси ёхуд турли хил зиддиятлар манбаси бўлиши мумкин. Айтиш жоизки, ўртача экспорт қилинадиган маҳсулотлар юзадаги ва ер ости сувларини ички бозорда истеъмол қилинадиганларга нисбатан кўпроқ ифлослантиради.

– Сув танқислиги мамлакатимизда тобора кескинлашиб бормоқда. Агарда 2000 йилларнинг бошларида мазкур муаммо Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва Хоразм вилоятида долзарб бўлган бўлса, бугунги кунга келиб аксарият вилоятларда одамлар кундалик эҳтиёж учун сувни сотиб олишмоқда, – дейди Қашқадарё вилояти Экоҳаракат бўлими бошлиғи Носир Ҳалимов. – Қаршида 1 машина (4 м3) сув 75 минг сўм турса, Деҳқонобод туманида у 200 минг сўм туради. Буни ҳар бир вилоят мисолида кўришимиз мумкин.
Сув хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий тармоқлари бўлган қиш­лоқ хўжалиги (ирригация) – 84,2-91,8 фоиз, саноат – 1,8-3 фоиз, коммунал маиший эҳтиёжлар – 3-6 фоиз, энергетика – 2-6 фоиз, балиқчилик хўжалиги – 0,5-2 фоиз сувнинг истеъмолчиси ҳисобланади.
Аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиш борасидаги маданияти пастлиги, муаммони тўлиқ англаб етмагани оқибатида қуйидаги муаммолар долзарб бўлиб қолмоқда:
– Марказий Осиё ва Ўзбекистонда сув­ни истеъмол қилиш даражаси узлуксиз пасаймоқда. Бу аҳоли сонининг тобора кўпайиши ҳамда ривож­ланиши билан чамбарчас боғлиқ;
– Марказий Осиёнинг дарё ҳавзаларидаги сув ресурсларига бўлган антропоген юкламалар рухсат этилган чегаралардан ортиб кетмоқда;
– минтақада сув ресурсларини ­бошқариш ва улардан фойдаланиш эскирган тамойил ҳамда ёндашувларга таянмоқда. Қишлоқ хўжалигида суғориш жараёнида сувни тежайдиган технология­лар, саноатда эса кам сув сарфлайдиган ва сувдан умуман фойдаланмайдиган технологиялар кам қўлланилади.
– трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ўзаро маъқулланган келишувлар ва мустаҳкам ҳамкорлик мавжуд эмас;
– асрлар давомида синовдан ўтган экинларни суғориш, шунингдек, сув­ни тежаш борасидаги амалиёт деярли ­қўлла­­н­и­­­­лмайди;
– табиатни авайлаш унга ғамхўрлик қилиш фазилатлари йўқ бўлиб кетмоқда;
– аҳолини сув бўйича ахборот билан таъминлаш соҳасидаги камчилик­лар билан боғлиқ.
«Proceedings of the National Academies of Science» нашрида чоп этилган жаҳон бўйича сув истеъмоли ҳақидаги маълумотда дунёдаги 92 фоиз ишлатиладиган сув ҳажми қиш­лоқ хўжалигига тўғри келиши кўрсатилган. Сув кўп истеъмол қиладиган ғалла, шоли ва маккажўхори етиштиришга жаҳондаги чучук сув­нинг 27 фоизи сарфланади. Тадқиқот натижасида гўшт ишлаб чиқаришга 22, сутга 7 фоиз сув сарфланиши аниқланган. Тадқиқотчилар «виртуал сув»нинг мамлакатлар ўртасидаги айланишини ҳам ўрганишган. Дун­ёдаги сувнинг бешдан бир қисми айнан виртуал сув сифатида ишлатилади, яъни мамлакатлар ўз ҳудудида сувни камроқ сарф қилиш ва унинг ифлосланиши олдини олиш мақсадида импортни амалга оширади. Бугунги кунда виртуал сувнинг асосий экспортёрлари Шимолий ва Жанубий Корея, Жанубий Осиё, Австралиядир. Импортёрларга эса Шимолий Африка, Шарқий Осиё, Европа, Япония каби давлатларни киритиш мумкин.

Сувга оид фактлар
• Чучук сув захирасининг 70-90 фои­­зи ривожланаётган мамлакатларда экинларни етиштириш учун ишлатилади;
• Кундалик эҳтиёжни қондириш учун аҳоли жон бошига кунига 50 литр сув керак (Дублин тамойиллари,1992);
• 1 кг. гуруч етиштириш учун ­­3000 л. сув зарур;
• Бир финжон қаҳванинг таннархи – 18900 литр. Битта товуқ – 4300 литр, 1 кг. пишлоқ – 3180, 1 кг. гуруч – 2500 литр, 1 кг. шакар – 1780, 1 дона олма – 822 литр, 1 кг. картошка етиштириш учун 2000 литрга яқин сув ишлатилади.

«виртуал сув» тушунчаси илк маротаба 2003 йили учинчи Бутунжаҳон сув форумида ишлатилиб, йиғилишдан сўнг виртуал сув ва ундан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. 2004 йилнинг апрель ойидаги ҳисоботда қуйидаги масалалар тилга олинган:
• Виртуал сув экспорти сув танқис бўлган мамлакатларда уни тежаш имконини берадими?
• Виртуал сув озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам берадими?
• Виртуал сув сув борасидаги зиддиятларнинг олдини олиб, уларни бартараф этадими?
• Виртуал сувни қисқартириш, яъни сувни тежаш, қурғоқчиликка мослашган экинларни экиш, ишлаб чиқаришда камроқ сув ишлатиш, иккиламчи ва учламчи сувлардан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш дунёдаги мавжуд ичимлик сувини тежашга ёрдам берадими?
Виртуал сув ҳақида гап кетганда албатта яна бир атама – «сув изи»ни тилга олмоқ жоиз. «Сув изи» деганда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар учун кетадиган умумий сув ҳажми тушунилади. Сув изи маълум бир вақт ичида ишлатилган ёки ифлослантирилган сув ҳаж­ми бўлиб, бунда сувни нафақат тўғридан-тўғри, балки билвосита ишлатиш ҳам назарда тутилади. Сув изи концепцияси 2002 йилда Голландия университетининг мутахассислари Твенте Эриен Хокстр ва Месфин Меконнен томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда ишлаб чиқаришга кетадиган ва истеъмол учун сарфланадиган сув изи фарқланади. Истеъмол учун сарфланадиган сув изи барча истеъмолдаги маҳсулотлар ва хизматлардан қоладиган сув изини ўз ичига олади. У ўз навбатида ички, яъни давлатнинг ўз сув захираларидан фойдаланишни, ташқи – экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кетадиган сув ҳаж­мини назарда тутади. Сув изи битта ёки бир гуруҳ одамлар, конкрет маҳсулот ёки хизмат, корхона ёки иқтисоднинг бутун бир тармоғи, ҳудуд ёки давлат миқёсида ҳисобланиши мумкин.
• Бир инсоннинг сув изи – бир киши томонидан истеъмол қилинадиган ва фойдаланиладиган маҳсулот ва хизматлар учун кетадиган сув ҳажми (бунга уй-коммунал хўжалиги учун кетадиган сув ҳам киради);
• Маҳсулот ёки хизматнинг сув изи – маҳсулотни тайёрлаш ёки хизматни амалга ошириш учун кетадиган сув;
• Корпоратив сув изи – тижорат фаолиятини юритиш учун кетадиган сув ҳажми. Бунга маҳсулотни тайёрлаш, хизматни амалга ошириш учун кетадиган, шунинг­дек, таъминот, логистика ва бошқа эҳтиёжлар учун сарфланадиган билвосита сув сарфи ҳам киради.
• Ҳудуднинг сув изи (давлат, вилоят) деганда давлатдаги ишлаб чиқариш, саноат, жамият эҳтиёжи, иқтисодиёт – хуллас, давлатнинг фаолияти учун кетадиган сув сарфи тушунилади.
Сув изининг учта тури фарқланади:
• Яшил из – ўсимликларни зарур оби ҳаёт манбаи билан таъминлайдиган, туп­роқда ёмғир, қор натижасида тўпланадиган сув;
• Мовий из – турли хил ер юзаси ва ер ости сув объектларидан олиниб, сарфланадиган сув изи. Бунда ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган сув бир сув ҳавзасидан олиниб, фойдаланилгач, маълум муддат ўтгач иккинчи сув ҳавзасига ташланади;
• Кулранг из – ишлаб чиқаришдаги ва оқава сувлардаги ифлослантирувчи моддаларни эритиш учун ўрнатилган стандартларгача сув сифатини оширишга қаратилган ва ишлатилган, сув объектларига ташланадиган сув.
Маълумот тариқасида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда 1990 йилгача турли мақсадлар учун ишлатилаётган сув 64 миллиард кубни ташкил этган. 2008 йилдан сўнг бу кўрсаткич 51 миллиардгача қисқарган. 1985 йилгача 1 гектар майдонни суғориш учун 22,4 минг метр куб сув сарфланган бўлса, замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиш туфайли 2015 йилга келиб бу миқдор 6-10 минг метр кубгача қисқарди. Маълумотсиз оддий бир одамга чучук сув муаммоси унчалик катта ёки инсоният учун хавфли кўринмаслиги мумкин. Сув ресурслари танқислиги Ўзбекистоннинг изчил ривожланишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин бўлган асосий омиллардандир. Мамлакат айни кунларда сув етишмаслиги, сув манбаларининг қуриши ва ифлосланиши билан боғлиқ айрим муаммоларга дуч келмоқда. Сувга оид муаммоларнинг асосий сабаби сув қимматбаҳо ресурс эканини тан олмасликдан иборат. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида суғориш учун ишлатиладиган сувга кўпроқ эҳтиёж сезадиган мамлакатдир. Чунки унинг суғориладиган майдони катта, қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил этади ва зич жойлашган. Сувнинг катта қисми қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётганини эътиборга оладиган бўлсак, суғориладиган деҳқончиликнинг экологияга салбий таъсир кўрсатаётганини сезиш мушкул эмас.
Хўш, озгина бўлса-да, фарзандларимизга тоза ичимлик суви захирасини қолдиришимиз учун нима қилиш керак? Бунинг ечими жуда оддий: сувни тежаш ва асраш!
Сувни асрашнинг
11 та осон йўли
1. Ҳожатхонадаги унсурдан «ахлат челак» сифатида фойдаланманг ёки ундаги сувни заруратсиз туширманг! Ҳожатхона сув таъминотининг тўртдан бирини ҳамда керагидан 40 фоиз ортиқ сув истеъмол қилади.
2. Тишингизни юваётганингизда ёки идиш-товоқни совунлаётганингизда крандаги сувни ўчириб туринг. Чунки 2 дақиқа тиш ювиш давомида канализацияга 18 литр тоза сув оқиб кетади.
3. Ичиш учун бир шиша сувни совутгичда сақланг. Кранда совуқ сувни бекордан бекорга ёқманг.
4. Идиш-товоқ ювгич ва кир машинани фақат тўлгандагина ишлатинг.
5. Кран ва қувурларнинг оқаётган ёки оқмаётганини текширинг ва созланг. Аксарият уйларда овқат қилиш ёки бошқа эҳтиёжларга сарфланадиган сувга қараганда қувурлардан сув оқиши ҳисобига кўпроқ сув сарф бўлади.
6. Ҳаммомга кам сарфли душ мосламаси ва кранларга сув оқишининг олдини оладиган қурилмалар ўрнатинг. Оддий душ мосламасидан 5 дақиқада 100 литр сув оқади. Ваҳоланки, кам сарфли душ мосламаси 35 литр сув сарф қилади.
7. Мева ва сабзавотларни оқар сувда эмас, балки чуқур идишда ювинг. Ишлатилган сув билан хонаки ўсимликларни суғориш мумкин.
8. Майса (газон)ни ҳар уч кунда салқин тушганда суғоринг.
9. Майсага сув сарфини камайтириш мақсадида пестицидларни камроқ солинг.
10. Шахсий автомобилни челакка сув олиб ювинг. Шлангдан фойдаланманг.
11. Кўча ва маҳаллаларда оқиб ётган кранларни ёпиб юриш ҳамда бошқаларни назорат қилишни ўрганинг.

Наргис ҚОСИМОВА,

журналист

Бошқа хабарлар