Либераллашган валюта сиёсати Бир йиллик таҳлил ҳолати нималарни кўрсатмоқда?

1,096

2017 йилнинг 5 сентябрида мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида муҳим воқеа юз берди. Чунки айнан шу куни миллий пул бирлигимиз сўмни хорижий валюталарга конвертация қилишни эркинлаштириш соҳасида катта аҳамият касб этадиган қадам ташланди. Бундан олдин, яъни 2 сентябрда давлатимиз раҳбарининг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Аҳамияти бўйича инқилобий руҳга эга бўлган мазкур фармонга мувофиқ, мамлакатимизда вал­юта муносабатларини тартибга соладиган юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани эркин сотиш ҳамда сотиб олишга имкон берадиган янги бозор механизмини жорий қилиш бошланди. Янги тартибга кўра энди миллий валютамизнинг чет эл валютасига нисбатан айирбошлаш курси валюта биржасининг банклараро электрон савдоларида валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шакллантириладиган бўлди. 2017 йил 5 сентябрда ушбу механизм таъсирида шаклланган сўмнинг АҚШ долларига нисбатан айирбошлаш курси 8100 сўм миқдорида белгиланди.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Иқтисодиётни янада ривож­лантириш ва либераллаштириш» деб номланган бўлимида вал­юта сиёсатини ислоҳ қилиш ушбу йўналишдаги биринчи зарурий қадам экани таъкидланган ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан пул-кредит, ­солиқ-бюджет ва иқтисодий сиёсатнинг бош­­қа соҳаларида амалга оширилаётган ­саъй-ҳаракатларнинг самарали мувофиқлаштирилишига боғлиқлиги алоҳида таъкидланган эди. Шу боис, ушбу фармон эълон қилинган кундан бош­лаб мутасадди идоралар мазкур масалани талаб даражасида ҳал этиш учун кенг кўламли тайёргарлик ишларини амалга оширди.

Энг аввало, валюта сиёсатини эркинлаштиришга мўлжалланган «Валюта сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилинди ва у умумхалқ муҳокамасига ­қўйилди. Мазкур масалага қизиққан барча хоҳловчилар унга нисбатан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилишди. Порталга тушган таклифлар валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича қабул қилинган фармонни бойитишга хизмат қилди.
Юртимизда миллий валютамизни хорижий валюталарга эркин конвертация қилиш механизмини такомиллаштириш билан боғлиқ муҳим бир жиҳат намоён бўлганини эътироф этиш лозим. Яъни айрим давлатларда миллий пул бирликларини конвертация қилишнинг бошланиши ҳамма учун мутлақо кутилмаган пайтда ва олдиндан эълон қилинмасдан бошланади. Шу боис, кўпчилик ғафлатда қолади ва бундан жуда катта моддий зарар кўради.
Бизда эса, у давлатлардан фарқли ўлароқ, ўзбек сўмининг конвертацияси бошланиши 2017 йилнинг бошидаёқ ҳаммага маълум қилинди. Унинг 5 сентябрда бошланиши ҳақидаги қарор ҳам 2 сентябрда эълон қилинди.
«Миллий пул бирлигининг эркин конвертация қилиниши нима учун керак?», деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Бу саволнинг жавоби Президентимиз томонидан 2 сентябрда имзоланган тарихий фармонда баён этилган. Конвертация, энг аввало, мамлакатимизда инвес­тиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, экспортни рағбатлантириш, корхоналарнинг рақобатбардош­лигини ошириш учун зарурдир.
Хорижий инвестор учун ҳар қанча имтиёзлар берсанг ва жозибадор муҳит яратсанг-у, лекин сенинг миллий пул бирлигинг эркин конвертация қилинмаса, уларнинг кўпчилиги мамлакатингга бизнес қилиш учун келишга жазм қила олмайди. Негаки, хорижий сармоя­дор бундай шароитга кўникиши қийин. У бошқа давлатлардан олиб келган валютасини хоҳлаган пайт­­да ва хоҳлаган миқдорда конвертация қилиши, айниқса, ўзи ишлаб топган фойдани бошқа мамлакатга олиб кетиш имкониятига (ҳуқуқига) эга бўлиши керак. Мазкур фармон юртимизда шундай шароитни яратди ва бу эса, ўз нав­батида, мамлакатимизга хориждан келаётган инвестициялар миқдорининг кескин ошишига ҳуқуқий ва молиявий асос бўлиб хизмат қила бошлади.
Сўмнинг конвертацияси мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг ташқи ва ички бозорлардаги рақобатдошлигини оширишга ҳам ўта муҳим ижобий ҳисса қўшади. Гап шундаки, сўмни конвертация қилишнинг юртимизда қўлланиб келинган эски усулида ишлаб чиқарувчилар ўзларига хизмат кўрсатадиган тижорат банкларига муайян маблағни конвертация қилиш учун аризалар топшириб қўйиб, унинг ижросини узоқ-узоқ муддат кутишга мажбур эди. Конвертация учун ажратилган маб­лағ ҳам валюта биржасининг махсус ҳисобварағида ҳаракатсиз «ўлик» ҳолда, яъни ишлатилмасдан сақланарди. Яъни конвертация учун топширилган пулнинг эгаси ўз маблағидан шу вақт ичида фойдалана олмасди. Бу усул иқтисодий ҳаётга жуда катта салбий таъсир кўрсатиб келаётган эди. Буни конвертация учун топширган маб­лағлари узоқ муддат валюта биржасининг махсус ҳисобварағида ўз вақтида алмаштириб берилмагани туфайли сақланиб ётгани ҳамда мабодо конвертацияга рухсат тегиб қолса, уни эндиликда анча баланд курсда алмаштириб беришганидан ҳам зарар кўрган, баъзан эса ҳатто шу туфайли банк­рот бўлган кўплаб тадбиркорлар алам билан эслашади.
Мазкур фармонда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ижобий жиҳатлари жуда кўп бўлиб, улардан бири хорижга маҳсулот ва хизматлар экспорт қилувчи корхоналар фаолияти билан боғлиқ. Яъни ­валюта соҳасини либераллаштириш мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишни рағбатлантириш бўйича ҳам қатор янги имкониятлар яратди. Масалан, мамлакатимиз юридик шахслари товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репат­риацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатлари каби тўловларни амалга ошириш учун хорижий валюталарни чек­ловсиз сотиб олиш имкониятига эга бўлишди. Бир пайтнинг ўзида барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйи­­ча талаб ҳам бекор қилиндики, бунинг тадбиркорлик муҳитига кўрсатадиган ижобий таъсирини сўз билан ифодалаш қийин.
Кези келганда шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, Марказий банк раҳбарияти валюта сиёсатини либераллаштириш масаласида энг тўғри ва оқилона усуллардан фойдаланяпти. Валюта сиёсатига таъсир кўрсатадиган ташқи ва ички омиллар чуқур ўрганилиб, улар тўлиқ эътиборга олинмоқда. Хорижий валютани ҳозирча нақд кўринишида эмас, балки фақат чет элда ишлатиш мумкин бўлган конверсион карталарга ташлаб берилаётгани ҳам бугунги кун учун тўғри. Чунки мамлакат ичида миллий пул бирлигидан бошқа валюталар муомалада бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Қолаверса, мазкур усул «долларлашиб» кетган иқтисодий ҳаётни бу салбий ҳолатдан озод қилишга ҳам хизмат қилади.
Узоқ вақт давомида кўникиб қолган шароит ўзгаришининг юридик ва жисмоний шахслар ҳаётига вақтинчалик характерга эга бўлган салбий таъсирлари ҳам борлиги кўпчилик учун сир эмас. Шу боис, фармонда мутасадди ташкилотлар уларни юмшатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиши ва уларни изчиллик билан амалга ошириши зарурлиги ҳам кўрсатилган. Масалан, ­валюта сиёсатини либераллаштириш жараёнида банк тизими учун вужудга келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, тая­нч тармоқлар корхоналарини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўриш, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари турмуш даражасига кўрсатиши мумкин бўлган салбий оқибатларини камайтириш мақсадида уларни қўллаб-қувватлаш бўйи­­ча манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги белгиланган эди ва улар изчиллик билан амалга ошириляпти.
Шу ўринда, кўпчиликни ўйлантириб келаётган бир масалага алоҳида тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Яъни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини сўм айирбош­лаш курсининг келгуси даврдаги ҳолати ташвишга солмоқда. Айримлар ҳамон сўм курсининг барқарор сақланишига хавотирлик билан қарашмоқда. Бундай ҳадикларга ҳам ички, ҳам ташқи сабаблар етарлича топилади. Ички омилларга аввалги давр­дан қолган халқнинг бундай ваъдаларга ишончи анча сўнгани, мамлакатдаги ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятининг вақтинчалик пасайиш ҳолатлари кирса, ташқи омилларга жаҳон бозори конъюнктурасидаги беқарорлик ҳамда йирик давлатлар ўртасида пайдо бўлаётган носоғлом сиёсий ва иқтисодий муносабатларнинг (масалан, АҚШ билан Хитой ўртасидаги) иқтисодиётимизга салбий таъсирини таъкидлаш мумкин.
Ўзбек сўмининг қадри тақдиридан хавотирланиш ўринсиз эканини ўтган бир йиллик ҳолат кўрсатиб берди. Қуйидаги чизмада 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб, то шу кунга қадар ҳар ойнинг биринчи ҳафтасида сўмнинг курси қандай ўзгариб келгани ифода этилган. Кўриниб турибдики, дастлаб сўмнинг курси ошган, кейинроқ эса, яъни 2017 йилнинг декабрь ва 2018 йилнинг январь ойлари бошларида сўмнинг курси пасайиб, 8187 сўмгача тушган. Лекин мутасадди идораларнинг ўз вақтида кўрган чора-тадбирлари натижасида 2018 йил февраль ойидан бошлаб сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси тобора оша борди ва 2018 йилнинг 26 авгус­тида у 7827 сўмни ташкил этди. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, ўзбек сўмининг қуввати 2017 йилнинг 5 сентябрига нисбатан 3,8 фоизга ошган.
Бугун мамлакатимизда сўм айирбошлаш курси валютага бўлган талаб ва таклифга мос равишда ўзгариб бормоқда. Мутасадди ташкилотлар валюта сиёсатини бозор талабларидан келиб чиқиб, моҳирона бошқара олишлари мумкинлигини амалда исботлаб бўлишди.
Демак, сўмни айирбошлашнинг бозор механизмига ўтишнинг энг оғир бўлган дастлабки йилида унинг курси бошда белгиланган 8100 сўмдан пасайиши фақатгина 4 ой, яъни 2017 йилнинг декабрь – 2018 йилнинг март ойлари бошида юз берган, холос. Қолган ойларда эса сўмнинг курси (озгина истиснолар билан) асосан ошиб борган. Бугун ишонч билан айтишимиз мумкинки, бундай ижобий тенденциянинг келгуси даврда ҳам сақланиб қолишига мамлакатимизда барча асос яратилди.
Умуман олганда эса, валюта бозорини эркинлаштириш ва валюта айирбошлаш курсининг бозор механизмларини жорий этиш мамлакатимизда вал­юта сиёсатини ташкил этиш ва бош­қаришнинг янги босқичини бош­лаб берди, инвес­тиция ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилашга хизмат қил­япти, иқтисодий ўсиш суръатлари янада юқори бўлиши ва халқ турмуш даражасининг кес­кин ошиши учун ишлатилаётган муҳим молиявий дастаклардан бирига айланиб улгурди.

Одил ОЛИМЖОНОВ,

иқтисод фанлари
доктори, профессор

Бошқа хабарлар