Эрк учун тикилган умр

108

Ўзбек халқининг ХХ асрдаги миллий тараққиёт ва истиқлол учун кураши тарихини Мунаввар қори Абдурашидхоновсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки у бутун ҳаётини ватандошларини маърифатли қилиш, юртимизни мустамлакачилик исканжасидан халос этишга бағишлаган улуғ зотлардан биридир.

Мунаввар қорининг 1878 йили Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида зиёли оилада туғилгани; ота ва онаси ўз даврининг маърифатли кишиларидан бўлгани; онаси Хосиятхон отин қўлида хат-савод чиқаргач, дастлаб Юнусхон, кейин қисқа муддат Бухородаги Мир Араб мадрасаларида таҳсил олгани; отаси вафотидан сўнг Тошкентга қайтиб, Дархон маҳалла масжидида имомлик қилгани кўпчиликка маълум. Айнан шу йилларда Туркистонга етиб келган «Таржимон» газетасида олға сурилган маърифатпарварлик ғоялари таъсирида Мунаввар қорининг ҳаёт тарзи ва дунёқараши кес­кин ўзгариб кетгани, 1901 йили ўз ҳовлисида, кейин Тошкентнинг бошқа даҳаларида янги ўқув методига асосланган мактаблар очгани, шу мактаблар учун «Адиби аввал», «Адиби соний» (1907) сингари дарсликлар ёзгани эса унинг қанчалар чархланган иқтидор эгаси бўлганлигини англатади. Мунаввар қорининг 1906 йилдан бошлаб чоп этила бош­лаган «Хуршид», «Нажот», «Кенгаш» газеталарига муҳаррирлик қилиб, миллий ўзбек матбуотининг шаклланишига, 1913 йили эса «Турон» жамиятига асос солиб, 1914 йил 27 февралда «Турон» театр труппасининг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, жадид пьесаларининг саҳна юзини кўришида иштирок этиб, миллий ўзбек театрининг майдонга келишига муҳим ҳисса қўшгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Демак, Мунаввар қори Абдурашидхонов 1901 йилдан бошлаб 1917 йилгача бўлган муддатда Туркис­тонда янги мактаб ва маориф тизими, миллий ўзбек матбуоти ва театрининг вужудга келишида бевосита қатнашибгина қолмай, ўзбек маорифи ва маданиятининг шу муҳим соҳаларига тамал тошини қўйган сиймолардан биридир, дейишга тўла ҳақлимиз.

Асрлар давомида ўзгармай келаётган таълим тизимини ислоҳ қилиш ва янгилашдан, миллий матбуот ва театрни яратишдан мақсад, турли объектив сабабларга кўра, бошқа халқлардан орқада қолган, мустамлака зулми остида яшаётган халқни уйғотиш, унга Фаробий, Замахшарий, Беруний, ибн Сино, Улуғбек, Навоий, Бобур сингари улуғ олим ва шоирларни етиштирган, жаҳон маданияти хазинасини «Хамса», «Бобурнома» сингари бадиият дурдоналари билан бойитган халқ эканини эслатиш, унинг онгига эрк ва ҳуррият ғояларини пайванд этиш эди. Мунаввар қори Абдурашидхонов ва Маҳмудхўжа Беҳбудий раҳбари бўлган Туркистон жадидчилик ҳаракати 1917 йилга қадар ана шу буюк мақсад йўлида қизғин фаолият олиб борди.

Босқинчилар зулми остида яшаган халқлар озодликка эришиш учун шу вақтгача исён, ғалаён, қўзғалон кўтариб келган, аммо бу исён ва қўзғалонлар мағлубият билан тугаган, мустабид давлатлар қўзғалон қатнашчиларини шафқатсиз равишда жазолаганини Мунаввар қори ва унинг маслакдош­лари яхши билишган, албатта. Шунинг учун улар, энг аввало, халқ ­оммасини саводли, маърифатли қилиш, мустақилликка эришилган тақдирда фан ва маданият муассасалари, қиш­лоқ хўжалиги ва саноат корхоналари, давлат бошқарув идораларида ишлай оладиган малакали кадрларни етиштириш лозим, деган фикрга келишган. Бунинг учун нафақат мактаб тизимини янгилаш, балки олий ўқув юртларини ҳам барпо этиш, юзлаб иқтидорли ёшларни илм-фан тараққий этган мамлакатларга ўқишга юбориш лозим эди.
Агар Мунаввар қорининг ижтимоий фаолиятини икки даврга бўлиб ўргансак, унинг биринчиси 1917 йил Февраль инқилобигача давом этган маърифатпарварлик давридир.
1917 йил Февраль инқилоби жадидчилик ҳаракати тактикасини буткул ўзгартириб юборди. Петербургда Романовлар сулоласининг тарих саҳнасидан кетиб, «оқ подшо» ўрнига Ленин бошлиқ «қизил оломон»нинг ҳокимият тепасига келиши Туркис­тондаги большевикларни рағбатлантириб юборди. Буни сезган жадидлар 1917 йил ноябрида большевиклар таъсири заиф бўлган Қўқон шаҳрида Туркистон Мухторият ҳукумати тузилганини эълон қилдилар. Эришилган ютуқни мустаҳкамлаш мақсадида Тошкентда Мунаввар қори раҳбарлигида «Шўрои исломия» жамияти тузилди, айрим жойларда жамиятнинг вилоят бўлимлари ташкил этилди. Аммо 1918 йил февралида большевиклар қутурган арман дашноқлари ва казак солдатлари кўмагида Мухторият ҳукуматини ағдариб, Қўқон ва шаҳар атрофидаги қишлоқларга ўт қўйдилар, 10 минг нафардан зиёд аҳолини қириб ташладилар. Бу ваҳшийликка жавобан Фарғона водийсида «босмачилик ҳаракати» ­бошланди.
Мунаввар қори фаолиятининг шу иккинчи, сиёсий курашлар даврида ғирром йўллар билан чоризм амалдорлари ўрнини эгаллаган ва маҳаллий халқнинг мол-мулкини талон-тарож қилиб, уларни турли азобларга гирифтор этаётган большевикларга қарши ошкора кураш йўлини танлади. Унинг бундан ўзга иложи йўқ эди. 1917 йил майида Кавказдан М.Афандизода сингари истиқлолсевар кишиларнинг келиши Туркис­тондаги сиёсий ҳаётни жонлантириб юборди. Мунаввар қори иштироки ёки раҳбарлигида дастлаб «Турк адам марказият» федерация тарафдорлари партияси, кейин «Иттиҳод ва тараққий» ташкилоти, 1919 йили эса «Иттиҳод ва тараққий» заминида «Миллий иттиҳод» ташкилоти ва унинг Марказий қўмитаси тузилди. Мунаввар қори Марказий қўмитага раис этиб тайинланди.
Мунаввар қори 1917 йил 26 мартда «Нажот» газетасида босилган мақоласида «Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олиб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олиб бўлур», деб ёзган эди. 1919 йилда юзага келган тарихий вазият ундан ана шу сўзларга қатъий амал қилишни тақозо этди.
Шу йилларда Туркистондаги ГПУ (Давлат сиёсий бошқармаси) органларининг фаолияти кучайиб, совет давлатининг неоколониализм сиёсати моҳиятини тушунган ва шу сиёсатдан норози бўлган ҳар бир киши қаттиқ назорат остига олинди. Шунинг учун «Миллий иттиҳод» ташкилотига аъзоликка олинган ҳар бир киши ўзидан бошқа яна икки кишининггина миллий иттиҳодчи эканини билган ҳамда ташкилотнинг махфий манзилида Қуръон ва тўппончани ушлаган ҳолда ташкилот мақсади йўлида виждонан хизмат қилиши, шу йўлда ҳатто ўлимга ҳам тайёр экани ҳақида қасам ичган.
Мунаввар қори раҳбарлигидаги «Миллий иттиҳод»нинг ҳам, миллий озодлик учун кураш майдонига чиққан эрксевар йигитларнинг ҳам мақсадлари муштарак эди. Шу ҳол Мунаввар қорида, большевиклар тили билан айтганда, «босмачилар» билан алоқа ўрнатиш, уларга ёрдам бериш, энг муҳими, улар ҳаракатини тўғри йўлга йўналтириш истагини уйғотди. Ташкилотнинг бир неча фаоллари водийдаги турли тўдаларга бориб, улар билан алоқа ўрнатди.

Миллий иттиҳодчиларнинг шу йўналишдаги фаолияти ўта махфий амалга оширилгани учун биз айрим узуқ-юлуқ маълумотлар асосида тарихий давр манзарасини тасаввур этишимиз мумкин. Аввало, шуни айтиш керакки, Мунаввар қори қамоққа олинганидан сўнг Ўрта Осиё ГПУ бош­лиғи Бельскийнинг талаби билан ва у берган саволлар асосида Туркис­тондаги ўзи раҳбарлик қилган, фаолиятида қатнашган аксилшўровий ташкилотлар ва улар фаолия­­ти ҳақидаги хотираларини ёзиб берган. У, шубҳасиз, шу хотираларида кўп нарсани яширган, айрим масалаларда Бельскийни чалғитишга уринган, айрим масалаларни эса айнан баён қилишга мажбур бўлган.
Шу йилларда «Миллий иттиҳод»нинг Бухоро, Самарқанд, Андижон ва бошқа бўлимлари ҳам бўлган. Мунаввар қори Тошкентдаги марказий ташкилотнинг раиси сифатида шу бўлимлар фаолиятини кузатибгина қолмай, уларга раҳбарлик ҳам қилган. Шу ҳол унинг сўзларини Москвадаги мудҳиш «Бутирка» турмасида ётган ва яшаш умиди сўнмаган кишининг нидоси сифатида талқин қилишга изн беради.
Мунаввар қори сингари миллат фидойиларининг умиди бўлган «босмачилик» тўдаларининг раҳбарлари ҳаддан зиёд талтайиб, манманлашибгина қолмай, бир-бирларининг оёқларига болта уришгача, уларни озиқ-овқат билан таъминлаётган аҳолини талашгача, қизларини ўғирлаб кетишгача борганлар.
«Босмачилик ҳаракати»нинг эгри йўлга кириб бораётганини кўрган Мунаввар қори энди умидини ­Каспий денгизи атрофларида юрган инглизларга тикади.

Мунаввар қорининг «Миллий иттиҳод» ташкилотидаги ишонч­­ли кишиларидан бири Салимхон Тиллахонов у билан бўлиб ўтган суҳбатларни эслаб, бундай деган: «Суҳбат чоғида маълум бўлдики, у ички қарама-қаршиликлар ривожланишидан ташқари, ташқи босқин (интервенция)га ҳам умид боғлайди. У ўзининг нуқтаи назарини Осиё ва Америкадаги буржуа давлатлари, айниқса, Англия қизил империянинг яшаб қолишига йўл қўймаслигини тушунтириш билан исботлашга ҳаракат қилади…

…Унинг айтишича, агар Ўрта Осиё­­ни англичанлар босиб олган бўлса, улар ўзларининг губернаторлари орқали ҳукмронлик қилар, бошқа амалдорлар эса маҳаллий халқлардан бўлиб, улар мамлакатни бошқарарди».
Масаланинг шу томонига учган «миллий иттиҳод»чилар ҳатто Кош­ғардаги инглиз консулхонаси билан алоқа ўрнатмоқчи бўлган. Лекин бундан хабардор бўлган айғоқчилар ва хонаки сотқинлар туфайли уларни чегарада ушлаб қоладилар; инглиз консули номига ёзилган, «Миллий иттиҳод» ташкилотининг муҳри ва ташкилот раҳбарининг имзоси билан тасдиқланган махфий хат эса ГПУ қўлига тушади ва 1921 йил 31 мартда Мунаввар қори қамоққа олинади. Орадан саккиз ой ўтгандан сўнггина Мунаввар қори озодликка чиқади.
1922 йилда Турор Рисқулов Туркис­тон Халқ комиссарлари Советига раис этиб тайинлангач, Мунаввар қори берган топшириққа асосан жадидлар ҳамма жойда «босмачилик ҳаракати»нинг давом эттирилишига қарши ҳаракат бошладилар. Чўлпоннинг 1923 йили Андижонга бориб, «босмачилик»ка қарши курашиш мақсадида ташкил этилган «Дархон» газетасида ишлаши тасодифий эмас. Шу масалада, айниқса, фарғоналик жадидлар «Миллий иттиҳод»нинг Фарғона вилояти бўлими раиси Ҳусайнхон Ниёзий раҳбарлигида фаоллик кўрсатдилар. Бош­­қа шаҳар ва вилоятлардаги жадидлар эса «босмачилар» билан қарийб бевосита алоқада бўлмаганлари учун уларга қарши ташвиқот юритиш билангина кифояландилар.
Шундай тадбирлардан сўнг Фарғона водийсида «босмачилик ҳаракати»га нуқта қўйилади.
«Босмачилик ҳаракати»нинг тугатилиши ва ташкилотнинг расман тарқатилиши билан асосий мақсад кун тартибидан олиб ташланмади. Мунаввар қори ташаббуси билан «Шўрои исломия» ва «Миллий иттиҳод» ташкилотларида бошланган иш «Нашри маориф» ва «Кўмак» жамиятлари, шунинг­дек, «Миллий истиқлол» ташкилоти томонидан давом эттирилди. Аммо бу ҳақда сўзлашдан аввал шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўша йилларда хорижда яшаётган Мустафо Чўқаев, Сад­риддинхон сингари муҳожирларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни Туркистонда кечаётган сиёсий ҳаёт ҳақидаги ахборот билан таъминлаш, умуман, Туркистоннинг маҳаллий аҳолисига хайрихоҳ хорижий мамлакатлар билан алоқада бўлиш ташкилотнинг диққат марказида турди.
Мунаввар қори 1930 йил 15 июнда берган кўрсатмасида шу масалага доир бундай сўзларни айтган: «Биз советларга қарши фаолиятимизни Ўзбекистондан чет элга кўчиришни ва шу мақсадда Чўқаев, Заки Валидий, Садриддинхон мисолида хориждаги муҳожирлар билан ҳамкорлик қилишни назарда тутганмиз… Саидносир айтганидек, Чўқаевга 100-200 сўм пулни юборишдан кўра, газета ва журнал материалларини юбориш бизга кўпроқ фойда келтиради. Чўқаев пулдан кўра биз юборган материаллардан ишнинг йўлга қўйилишида унумли фойдаланиши мумкин.
Шу билан бирга айтишим керакки, орамизда хориж билан алоқа қилиш ҳақида энг кўп гапирган одам Убайдулла Хўжаев билан Саидносирдир. Мени кўпроқ маҳкамани ўз қўлимизга олиш, керакли одамларни тайёрлаш, маҳкамани ўз одамларимиз билан тўлдириш, Эсон афандини эса — мактаб­ларда миллий тарбия масаласи кўпроқ қизиқтирган. Матбуот, адабиёт масалалари ҳаммамизни бир хил даражада банд этмоқда…».

Мунаввар қори «Миллий иттиҳод» ташкилоти тарқатилганидан сўнг «Нашри маориф» жамияти ва «Миллий истиқлол» яширин ташкилоти аъзолари билан ҳамкорликда эрк ва ҳуррият учун курашишда давом этди. Ҳамма томондан айғоқчилар билан ўраб олинган Йўлбошчи Москвага бориб, ўша ердаги илмий муассасалардан бирида хизмат қилмоқчи бўлди. Лекин бунга имкон тополмайди. «Миллий иттиҳодчилар»нинг сўнгги кунлари яқинлашиб қолганини сезган Мунаввар қори сафдошларини йиғиб, рафиқалари келгинди олчоқлар томонидан хўрланмаслиги учун уларга талоқ хатини бериш ва ташкилотга оид барча ҳужжатларни тарих учун яшириб қўйиш ҳақида буйруқ беради. Орадан кўп ўтмай, ГПУ «Миллий иттиҳод» ва «Миллий истиқлол» ташкилотларининг Мунаввар қори бошчилигидаги 87 нафар аъзосини қамоққа олади. Уларнинг аксари Москвага олиб борилиб, мудҳиш «Бутирка» турмасига ташланади. 1931 йил 25 апрелда Мунаввар қори 15 нафар ҳаммаслаги билан бирга Москвадаги «Ваганково» қабристонида отиб ташланиб, шу ерда дафн этилади.
Бу ўзбек халқи тарихидаги энг мусибатли кунлардан бири бўлиб қолди.

Наим КАРИМОВ,

академик

Бошқа хабарлар