Бунёдкорлар туҳфалари Андижонда янги корхоналар фойдаланишга топширилди

29

Избоскан туманида «Пойтуғ баркамол қурилиш» масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи мажмуанинг ишга туширилиши 80 нафар юртдошимиз учун қўшалоқ байрам бўлди. Чунки кўнгилдагидек иш топилган кун оилага ҳам шодлик ва файз-барака киришига шубҳа йўқ.

Тадбиркор Собиржон Абдураҳимов томонидан барпо этилган корхонада турли-туман мураббо, консерва, мева-саб­завот шарбатлари тайёрланади. Умумий қиймати 8 миллиард сўмга яқин ло­йиҳа таъсисчининг ўз маб­лағи ҳамда «Асака» банк вилоят филиали кредити ҳисобига ҳаётда ўз ифодасини топди. Хитой технологияси асосида жиҳозланган корхона йилига 30 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Масъулияти чекланган жамият тасарруфидаги бир гектар майдонда сабзавот экинлари етиштирилади. Бундан ташқари, вилоятдаги қатор фермер хўжаликлари билан маҳсулот харид қилиш юзасидан шартномалар тузиляпти.
– Уйда бекор ўтиргандик, – дейди ишчи Наргиза Ҳакимова. – Янги корхона очилиши туфайли маҳалламиздаги кўплаб хотин-қизлар ишли бўлди. Озода, салқин цехда меҳнат қилишнинг гашти бошқача бўларкан.
Яна бир бунёдкорлик намунаси – «Digital Prime Textile» масъулияти чекланган жамияти томонидан бир йилда 12 минг тонна пахтани қайта ишлаб, калава-ип маҳсулотларига айлантирувчи лойиҳанинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Уни ишга тушириш учун 186 миллиард сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилиб, жорий йилнинг ўзида мазкур корхонага 14 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинди. Дастур ҳисобига 23 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имкониятлари яратилди. Асосийси, 300 га яқин ишсиз бандлик мақомига эга бўлди.
Урганжи қишлоғида фаолият бошлаган «Худойберди ота клиник шифохонаси» кўп тармоқли тиббиёт маскани замонавий услубда барпо этилиб, қўш қаватли бино сўнгги андозалардаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Объект 3,5 миллиард сўм маб­лағ эвазига қад ростлади. Эътиборли жиҳати, бу ерда қишлоқ шифокорлари жанубий кореялик малакали тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликни йўлга қў­йишди. Тиббиёт масканининг очилиш маросимида кореялик шифокорлар бир гуруҳ ҳамкасблари билан келиб, избосканлик­ларни бепул кўрикдан ўтказишга ваъда бердилар.

Саид АЛИЕВ

Бошқа хабарлар