Эркин тафаккур йўли

13

Истиқлол туфайли адабиёт ва санъатимиз узоқ йиллик яккаҳоким мафкура, ягона соцреализм методи тазйиқидан халос бўлди. Бизда ҳам жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги каби фалсафий-мафкуравий асоси, эстетик принциплари фарқли бўлган адабий оқимлар учун замин шакллана бошлади.

Тўғри, авваллари ҳам адабиётга бой, хилма-хил бўлиш талаби қўйиларди. Лекин бу хилма-хиллик соцреализм — ягона ҳукмрон мафкура доирасида бўлиши лозим эди. Ранг-баранглик дейилганда асосан шакл, услуб, нари борса, услубий оқимлар хилма-хиллиги тушунилар, расмий қарашлар қолипига тушмайдиган талқин, тамойиллар рад этиларди. Бу ҳолат 90-йилларга келибгина ўзгарди.
Шахсни нафақат ижтимоий муносабатлар маҳсули, кўпроқ илоҳий, туғма табиий, сирли-сеҳрли мавжудот тарзида кўрсатувчи, унинг ҳеч нарсага бўйсунмайдиган ғаройиб туйғуларини, идрок этилмаган кечинмаларини бадиий тадқиқ этувчи экзистенциалистик асарлар ҳам пайдо бўла бошлади. Асқад Мухторнинг «Фано ва бақо», Шукур Холмирзаевнинг «Қуёш-ку фалакда сузиб юрибди» ҳикояларида бу ҳол яққол кўринган. Бу фоний дунёнинг омонат, таги пуч ғояларига алданган шахс умрини қабариқ тарзда, рамзий-мажозий воситаларда бутун кескинлиги, фожиаси билан очиб берувчи абсурд асарлар, абсурд қаҳрамонлар ҳам пайдо бўлди. Авваллари ҳам совет даври ҳаётининг салбий жиҳатлари, адолатсизлик ва шафқатсизликларини кўрсатувчи, фош этувчи, адашган одамлар қисматидан баҳс этувчи асарлар яратилган эди. Бироқ бутун бошли ижтимоий тузумни таг-томири билан очиб берувчи асарлар яратилиши учун 80-йиллар охири 90-йиллар бошларида имконият туғилганди.
Назар Эшонқулнинг «Маймун етаклаган одам», Ўткир Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романларида персонаж умри, ишонган ақидалари, яшаган муҳитининг маънисизлиги бутун даҳшати билан кўрсатилди.
Миллий адабиётимизнинг бу даврдаги ҳолати, ривожи билан боғлиқ мунозаралар кўп. Айниқса, сўз санъатидаги анъанавийлик ва модернизм муносабатлари адабиётнинг ижтимоий моҳияти ва «соф санъат» масалалари қизғин тортишувларга сабаб бўлди. Шўро замонида янги йўлдан борган қаламкашга «модернист», эски шаклларга мойил ижодкорга эса «консерватор» деган ёрлиқ тақиларди. Бу ижодкорни қора курсига ўтқазиш билан баробар эди. Худога шукур, бундай жоҳил муносабат ортда қолди. Бироқ адабий баҳсларда анъанавий йўлдаги ижодкорнинг модернис­т­ик йўналишдаги изланиш­ларини хушламаслик ёки аксинча, модернизмга мойил қаламкашларнинг анъанавий усулдаги асарларга менсимай қараш ҳоллари ҳамон кўзга ташланмоқда. Аслида бадиият анъанавий ёки модерн йўналишда экани билан эмас, балки чинакам санъат намунаси даражасига кўтарилган ёки кўтарила олмагани билан белгиланади. Асарнинг қайси йўналишга мансублиги уни ҳимоя қилиш ёки рад этишга асос бўлолмайди. Омон Мухтор, Олим Отахон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Исажон Султон каби носирлар XX аср жаҳон адабиёти ва санъатидаги қатор янги йўналиш, оқимларга таяниб баъзи муваффақиятларга эришаётган экан, бундан фақат қувониш мумкин. Бироқ миллий адабиётимизнинг келгусидаги тараққиё­­­ти фақат шу йўллардан иборат деб қараш нотўғри. Ҳар қанча буюк кашфиётлар бўлмасин, бир хил йўналишдаги миллий адабиёт, барибир камбағал адабиёт. Оқимлари, йўналишлари, мактаб­лари мўл адабиёт бой ва истиқболи порлоқ бўлади.
Кейинги йилларда муайян сабабларга кўра миллий адабиётимиз ривожида оқсоқланиш юз берди, китобхонлик ночор аҳволга тушиб қолди. 33 миллион нафарлик аҳолига эга мустақил мамлакатда адабий газета, журнал, қолаверса, китоблар адади ҳаддан ташқари камайиб кетди. Бу барчани ташвишга солиши керак бўлган ҳолдир. Президентимиз ташаббуси билан бу борада изчил амалий хайрли ишлар бошлаб юборилди. Умидимиз шуки, китоб шайдоси саналган халқимиз китобхонлик бобида ҳам жаҳондаги тараққий этган мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин олади.
Хуллас, ўзбек адабиёти XXI асрга, бир томондан, чинакам фикр эркинлиги, хилма-хил ижодий оқимлар, адабий мактабларни эркин шакллантириш ҳуқуқига эришган, шу билан баробар ҳаёт ва ижоддаги қатор мураккаблик, янги муаммоларни бошдан кечираётган ҳолда кириб келди. Чинакам эркин ижодий тафаккурга йўл очилишининг ўзиёқ миллий адабиётимизнинг эртасига катта умид уйғотади. Катта умид, улуғ муддаолар, уларни рўёбга чиқариш учун ғайрат-шижоат бор жойда, албатта, тараққиёт рўй беради, қийинчилик, муаммоларни ҳал этиш, жумбоқларни ечиш чораси топилади.

Умарали НОРМАТОВ,
филология фанлари доктори

Бошқа хабарлар