ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ТУРКИЙ ТИЛЛИ ДАВЛАТЛАР ҲАМКОРЛИК КЕНГАШИ САММИТИДА ИШТИРОК ЭТДИ

165

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳридаги «Руҳ ўрда» маданият марказида 3 сентябрь куни
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди.

Саммитда ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар – Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон, Қирғизис­тон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон ­Назарбоев иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Рес­публикаси Бош вазири Виктор Орбан анжуманда фахрий меҳмон сифатида қатнашди.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йилда ташкил этилган. Ташкилот котибияти Истанбул шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон мазкур кенгаш анжуманида биринчи марта иштирок этди.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Аввало, Қирғизистон Рес­публикаси Президенти, ҳурматли Сооронбай Шарипович Жээнбековга самимий меҳмондўстлик ва ушбу учрашув юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Бугун, биз қардош Қирғизистон заминида, асрлар давомида халқларимизни бир-бирига боғлаб келаётган дўстлик, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари мус­таҳкам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилмоқдамиз.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши кўп томонлама муносабатларимизни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Ҳозирги вақтда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида бирор-бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини алоҳида қайд этиш лозим, деди Президентимиз.
Бизнинг мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда.
Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан, таълим ва маданият каби устувор соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.
Давлатимиз раҳбари халқаро вазиятга тўхталар экан, бугунги кунда халқаро майдондаги беқарор вазият глобал тараққиёт жараёнларига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатганини таъкидлади.
Дунёдаги асосий марказлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро стратегик ишонч йўқолиб, оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган вазиятлар вужудга келмоқда.
Афғонистон муаммосининг ҳанузгача давом этаётгани, шунингдек, Яқин Шарқда ҳарбий-сиёсий кес­кинлик сақланиб қолаётгани минтақамиздаги ва­зият­­­га бевосита таъсир ўтказмоқда.
Минтақада тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда глобал ва минтақавий таҳдидлар, айниқса, терроризм ва экстремизмга қарши фаол курашиш зарурати тобора ортиб бормоқда.
Айни вақтда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида кейинги йилларда Марказий Осиёда муҳим ижобий ўзгаришлар юз бермоқда, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу йил июнь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё бўйича қабул қилинган резолюция, ҳеч шубҳасиз, минтақа халқлари ҳаётида тарихий воқеа бўлди.
Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар билан ўзаро савдо ҳаж­ми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёдга ошганини бугунги учрашувимизда алоҳида қайд этишни истардим, деди давлатимиз раҳбари. Аммо бу кўрсаткичлар ва натижалар ҳали бизнинг салоҳиятимиз даражасида эмас, албатта. Биз бундан анча юқори марраларга эришишни мўлжал қилганмиз ва бунинг учун барчамизда кенг имкониятлар мавжуд.
Биз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ўзаро манфаатли шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигини кўриб турибмиз.
Шу маънода, бизнинг нуқтаи назаримизга кўра, ҳамкорлигимизнинг ғоят муҳим бўлган қуйидаги йўналишларига тўхталиб ўтмоқчиман, деди Шавкат Мирзиёев.

Биринчидан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш зарур.
Мамлакатларимиздаги етакчи саноат корхоналари, инвестиция компаниялари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш лозим.
Қўшма бизнес-лойиҳаларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш мақсадида Туркий тилли давлатлар ишбилармонлар кенгашининг нав­батдаги йиғилишини Тошкентда ўтказишни таклиф этамиз.
Ушбу тадбирга мамлакатларимиз минтақаларининг вакилларини ҳам кенг жалб қилишни муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Шу билан бирга, давлатларимиз ўртасида экспорт-импорт ҳажмларини кескин ошириш учун, энг қулай шароитлар яратиш ва мавжуд бўлган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида, Кенгаш доирасида Савдони ривожлантириш тўғрисида кўп томонлама Битим қабул қилишни таклиф этамиз.
Иккинчидан, бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз транспорт йўналишларининг ўзаро интег­рациялашган тармоғини яратишга қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Бу мамлакатларимизнинг дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқишини таъминлайди.
Бу ўринда сўз аввало халқаро транспорт коридорлари, жумладан, минтақамизни Хитой, Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа давлатлари билан боғлайдиган автомобиль, темир йўллар ва ҳаво йўллари ҳақида бормоқда.
Кейинги вақтда минтақамизда транспорт инфратузилмасини ри­вож­лантириш бўйича бир қатор муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим, деди Ўзбекистон Президенти.
Озарбайжонда янги Алят денгиз савдо порти очилди, Қозоғис­тонда «Дўстлик» ва «Хоргос» транспорт-логистика комплекслари қуриб битказилди. Яқинда Оқтов шаҳрида Қўриқ порти ишга туширилди. Ўзбекистонни ушбу порт билан қисқа йўл орқали боғлаш имконини берадиган Ақжигит-Бейнов йўли кенгайтирилмоқда.
Туркманистонда минтақадаги йирик халқаро аэропорт, Амударё орқали ўтадиган автомобиль ва темир йўл кўприклари, Туркманбоши шаҳрида замонавий денгиз порти ишга туширилди, Туркиянинг Истанбул шаҳрида йилига 150 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган дунёдаги энг катта аэропортлардан бири қурилмоқда, Босфор бўғози остидан ўтган «Мармарай» ва «Евроосиё» автомобиль ва темир йўл туннеллари барпо этилди.
Туркиянинг «Мерсин» портигача энг яқин маршрут очиб берган Боку- Тбилиси-Карс темир йўлининг фойдаланишга топширилиши, шунингдек, жорий йилда ишга тушган Андижон-Ўш-Иркиштом-Қашқар автомобиль коридорининг ривож­лантирилиши катта имкониятлар яратади.
Биз Хитой-Қирғизистон-Ўзбекис­тон темир йўлининг қурилиши ҳам бошланади, деб умид қиламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбе­кис­тон учун ҳам муҳим бўлган мана шундай стратегик транспорт-коммуникация лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширганлиги учун барча шерикларимизга миннатдорлик билдираман, деди давлатимиз раҳбари.
Учинчидан, бизнинг назаримизда, мамлакатларимизни инновацион асосда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бугунги кунда биз ахборот-коммуникация ютуқлари, илғор технологиялар ҳаётга шиддат билан кириб келаётгани ва барча соҳаларда кенг қўлланаётганини кўриб турибмиз.
Ҳар қандай давлатнинг узоқ истиқболда ҳам рақобатбардош бўлиши ва барқарор тараққиёти айнан ана шу омилларга боғлиқ.
Шу муносабат билан биз ушбу йўналишдаги дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида, инновацион тараққиёт учун масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компанияларимиз ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришни таклиф этамиз.
Тўртинчидан, туризмни ривож­лантириш бўйича улкан имкониятлар мавжуд.
Биз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг «Туркий кенгаш – Замонавий Ипак йўли» деб номланган қўшма сайёҳлик лойиҳасини қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳрини 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Минтақамиз халқлари ислом цивилизациясининг ноёб маданий-тарихий меросига ҳамда муқаддас зиёратгоҳларга эга, деди Президентимиз. Ушбу дурдоналарнинг катта қисми ЮНЕСКО томонидан жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Ана шу бебаҳо бойликни инобатга олган ҳолда, мамлакатларимиз ўртасида зиёрат туризмини кенг ривожлантиришни таклиф этамиз.
Бешинчидан, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш катта аҳамиятга эга. Шу муносабат билан кейинги пайтда Марказий Осиё мамлакатларида бу соҳада тўпланган ижобий тажриба ҳақида тўхталмоқчиман.
Биз ўзаро ҳамкорликни ривож­лантиришда минтақамиз халқларининг бой тарихи ва маданиятига, маънавий-ахлоқий қадриятларига, дўстлик ва ҳамжиҳатлик анъаналарига таяниб иш олиб бормоқдамиз.
Давлатимиз раҳбари бу борада амалга оширилган ишларга ёрқин мисоллар сифатида 2018 йилнинг Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилингани, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикис­тонда биргаликда ўтказилган Маданият кунлари ва қўшма концертлар, фестиваллар, кўргазмалар ва бошқа кўплаб тадбирларни айтди. Улар мамлакатларимиз халқлари ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бундай ижобий тажрибани Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасида, унинг барча аъзолари иштирокида ўтказиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Биз туркий тилли давлатларнинг буюк адиблари, олим ва мутафаккирлари асарларининг ягона электрон каталогини яратишни ҳам таклиф этамиз.
Олтинчидан, бизнинг бунёдкорлик руҳидаги дастур ва режаларимиз фақат тинчлик ва барқарорлик шароитида амалга оширилиши мумкинлигини барчамиз яхши англаймиз.
Шунинг учун кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг пойдеворини ташкил этадиган масалалардан бири мамлакатларимиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши курашиш бўйича ўзаро саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришдан иборат бўлмоғи лозим, деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги нотинч замонда ёшларни илм-маърифат асосида тарбиялаш, уларни бегона ва зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда ислом цивилизациясининг ноёб маънавий мероси ва қадриятлари ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» бўйича махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо мамлакатлар бизнинг ушбу ташаббусимизни қўллаб-қувватлайдилар, деб ишонаман.
Аждодларимиз қолдирган бой меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш мақсадида биз Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини, ислом динининг эзгулик, адолат ва инсонпарварлик ғоялари негизида турли миллат ва халқларни бирлаштиришга интилган буюк мутафаккир бобомиз Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини, «Жаҳолатга қарши – маърифат» деб аталадиган муҳим тамойилимизни амалга оширишда асосий ўрин тутадиган халқаро ­Ислом академияси каби илмий-маърифий тузилмаларни ташкил этдик.
Биз Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо мамлакатларнинг етакчи олимлари ва мутахассисларини ушбу тузилмалар билан фаол ҳамкорлик ўрнатишга чақирамиз ва бу борада барча амалий ёрдамни кўрсатишга тайёр эканимизни таъкидлаб ўтмоқчиман, деди Президентимиз.
Ўзбекистон бугун, кейинги ўн йил давомида биринчи марта Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг анжуманида иштирок этмоқда.
Таъкидлаш лозимки, деди давлатимиз раҳбари, биз кейинги пайтда ушбу кенгашга аъзо мамлакатлар билан, аввало, минтақадаги яқин қўшниларимиз билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалар бўйича икки томонлама ҳамкорлигимизни янада кучайтирмоқдамиз. Бу Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириши учун янги имкониятлар яратади.
Биз ушбу халқаро тузилманинг келажак истиқболига ва унда Ўзбекистоннинг фаол иштирок этишига катта умид ва ишонч билан қараймиз.
Мазкур кенгаш доирасида давлатларимиз ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз.
Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёр эканимизни билдираман, деди Шавкат Мирзиёев.
Биз Кенгаш доирасида илгари қабул қилинган кўп томонлама битимларга Ўзбекистоннинг қўшилишига доир масалаларни албатта атрофлича кўриб чиқамиз.
Шундан сўнг бизнинг Туркий кенгаш билан ҳамкорлик соҳаларимиз ва йўналишларимиз мантиқий ва табиий мазмун касб этади.
Аминманки, бугунги саммитимиз натижалари давлатларимизнинг самарали ҳамкорлиги учун янги имкониятлар очади, мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиётига хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, қардош Қирғизистон диёрида куни кеча бош­ланган Кўчманчи халқларнинг умумжаҳон ўйинлари сермазмун ва юксак савияда ўтишини тилайман, деди пировардида Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти.

ЎзА

 

Бошқа хабарлар