Дунё нигоҳи шаҳри кешда Шаҳрисабзда биринчи халқаро мақом санъати анжумани

19

Айни кунларда Оқсарой мажмуасини айланар экансиз, гўё сеҳрли гўшага кириб қолгандек бўласиз. Ҳар бир вилоятга ажратилган майдонлар байрамона безатилган. Такрорланмас манзаралар ҳудудлар тарихи, бугуни, ҳаёт тарзи, миллий ва амалий санъатини кўз-кўз қилди.

– Навоий вилоятидан келдик, – дейди созанда Дилшод Самадов. – Дастуримиздан Хоразм, Тошкент-Фарғона мақомлари, «Шашмақом» дурдоналари ўрин олган. Энг асосийси, биз катта саҳнада туриб, йирик имтиҳондан ўтамиз. Қолаверса, юртимиз, жаҳоннинг мақом усталари ижросини кузатиб, ўзимиз учун улкан сабоқлар олиш имконига эга бўламиз.
– Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳриданмиз, – дейди мусиқа асбоблари ясовчи уста Азадбай Отарбаев. – Бу ерда миллий чолғу асбоблари кўргазмасини ташкил этдик. Қўбиз, дутор, баламан, чанқовуз кабилар хорижликларнинг ҳам эътиборини тортди. Улар бу чолғуларни зўр қизиқиш билан томоша қилишяпти, сотиб олишмоқда. Айниқса, қорақалпоқ миллий мусиқа асбоби саналган қўбиз барчага бирдек манзур бўляпти. Чунки қўбизнинг торлари отнинг ёлидан, пардаси туянинг жағ терисидан, харраги эса қовоқдан ясалади. Навоси юракларни сел қиладиган даражада майин.
Биз оилавий мусиқа асбоблари ясаймиз. Ота-боболаримиз чалган чолғуларни асраб-­авайлашга, уларни келажак авлодга етказишга бел боғлаганмиз. Ушбу халқаро анжуманда турли давлатлар ва рес­публикамиз ҳудудларидан келган усталар билан фикр алмашдик, дўс­тона муҳит барчамизни хушнуд этди.

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани «Оҳангарон» фольклор дастасида ўн нафар турли ёшдаги ва касбдаги онахонлар жам бўлган. Репертуаридан халқ лапарлари, термалар, эл-юрт тароватини тараннум этган ўланлар жой олган. Унсин Бўрибоева улар сафида фаолият юритади. Опа ушбу халқаро фестивални санъатимиз ривожи, туризм соҳасини тараққий эттириш, мамлакатимизни ­дунёга танитиш йўлида муҳим ва тарихий қадам сифатида талқин қилади.
Бахтиёр бахши Ортиқов жорий йилда Сурхондарё вилоятининг Вахшивор тоғларида ўтказилган респуб­лика бахши, шоир ва оқинлар фестивалида 1-ўринни қўлга киритган. У мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори бахшичилик санъатига ҳам катта эътибор қаратилаётгани, жумладан, бу йил Сурхондарёда бахшилар мактаби иш ­бошлагани, ўзи ҳам Шўрчи туманидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик тўгарагини очганини фахр билан тилга олади.
– Бу анжуманни орзиқиб кутдик, – сўзини давом эттиради у ҳаяжон билан. – Қаранг, Шаҳрисабзга хорижий мамлакатлардан мақом усталари келишган. Дунёнинг энг сара намояндалари ижодидан баҳраманд бўлиш бахтига эришиб турганимдан бахтиёрман. Жонлини жони бор одам айтади, деганларидек энди аста-секин фонограммалар ўрнини жонли ижро, янги кашф этилаётган овозлар эгаллайди.
Халқаро мақом санъати анжуманига дунёнинг 75 та давлатидан 320 нафар мақом усталари, санъатшунос олимлар, санъат ихлосмандлари ташриф буюришган. Меҳмонлар нафақат ўзбек мақом санъати ижрочилари билан беллашади, балки юртимиз маданияти, урф-одатлари билан танишиш имконига ҳам эга бўлишади. Айниқса, янги ташкил этилган «Мақом музейи» барча-барчага ўзбек мақомининг шонли тарихи, анъаналари, ўлмас мероси ҳақида оламшумул таассуротлар бериши шубҳасиз.
– Халқаро мақом санъати анжумани кунлари очилаётган «Мақом музейи»нинг халқимизнинг бебаҳо бойлигига айланажагига шубҳа йўқ, – дейди санъатшунослик фанлари доктори Камола Оқилова. – Чунки бундай мақом музейи ҳеч қаерда йўқ. Унинг номоддий маданиятимизни дунё халқларига таништиришда ўрни беқиёсдир. Зардўштийлик давридан ҳозиргача бўлган улкан тарихимиз, санъатимиз ҳақида лавҳалар бор бу ерда. Турли миниатюра асарлари бизга ўтмишимизни ўргатади.
Самарқанд-Бухоро, Фарғона-Тошкент, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё мақом санъатига оид бўлимлар эса ушбу ҳудудлар санъати, чолғу-асбоблари, моҳир ижрочилари ҳақида сўзлайди…
– Бу ҳам бўлса, муҳтарам Президентимиз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ халқни рози қилиш тамойилини устувор мақсад қилиб белгилангани шарофатидан, – дейди маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков. – Амир Темур бобомиз юрти ҳисобланган гўзал Шаҳрисабзда бошланган биринчи халқаро мақом санъати анжумани нафақат ўзбек санъати, балки дунё миқёсидаги мақом санъати ривожига катта ҳисса қўшади. Чунки бундай йирик анжуман ҳали ҳеч бир давлатда ўтказилмаган ва, табиийки, унда иштирок этадиган ҳар бир мамлакат ўз санъати, маҳоратини дунёга кўрсатишдан манфаатдор.
Кейинги анжуманларда иштирокчилар сони янаям ошади, мақом фестивали ҳақида эшитган мамлакатлар ижодий жамоалари юртимизга оқиб келаверади. Бир сўз билан айтганда, халқаро санъат анжуманининг келажаги порлоқ, аҳамияти ва кўлами шу қадар кенгдир.
Хуллас, кўҳна ва гўзал шаҳри Кеш буюк анжуман оғушида. Ким билан суҳбатлашмайлик, барчада кўтаринки руҳ, янги-янги умидлар ва, албатта, ҳаяжон нафаси ҳукм сураётганини кўрдик. Бу эса халқаро анжуманнинг бизга янги-янги туҳфалар, номлар, такрорланмас ижролар, унутилмас тафсилотлар тайёрлаганидан далолат.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

 

 

Бошқа хабарлар