Адолат ва тотувликни шарафлаган шах,ар

84

Сурхон воҳаси жаҳон тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган ҳудудлардан бўлиб, кишилик жамиятининг илк шаклланиш босқичи жараёнида Бойсун тоғидаги тешиктош ва Мачайғор маконлари, Заравутсойдаги қоятошларга битилган тасвирий санъат намуналари ҳар қандай кишини хаёлот дунёсига сайр этишга даъват қилгандек туюлаверади.

Қадимда Окс, ўрта асрларда Жайҳун деб ном олган Амударё қирғоғида жойлашган бугунги замонавий Термиз шаҳрига харобалар оралаб кириб борилади. Қадимий қалъа қолдиқлари ва архитектура обидаларини кузатиб лол қоласиз. Салкам 500 гектар ерни эгаллаб турган бу маскан бир неча минг йиллик тарихни ўз бағрида яшириб ётибди.

Ўтмиши улуғ ва шукуҳли, келажаги буюк, неча минг ёшли кўҳна Термиз мус­тақиллик йилларида қайта туғилгандек бўлди. Навқирон қиёфа кашф этди. 2002 йилда шаҳарда фаолият кўрсата бошлаган Археология музейи Марказий Осиё­даги энг йирик маънавий ­масканлардан бири ҳисоб­ланади. Мавқеи, экспонатларининг сони ва салмоғи, фаолиятининг изчиллигига кўра музей нафақат маҳаллий, балки дунё қадимшунослари учун ҳам ноёб мактаб, жозибали дарсхонага айланди.

Сўнгги йилларда шаҳарда юздан ортиқ тарихий обидалар рўйхатга олинди. Ислом оламидаги 96 нафар шайхнинг бири, Ҳакимия тарихининг асосчиси, дунёвий илмлар қомуси ал-Ҳаким ат-Термизий ва умуман 40 нафарга яқин Термизий алломаларнинг ҳаёти ва ижоди ўрганилди, ҳоки пойлари обод зиёратгоҳларга айлантирилди.

2009 йилда Термиз давлат университетининг янги бош биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга шаҳарда Тошкент тиббиёт Академияси, Тошкент техника университети, Низомий номидаги Тошкент педагогика университети ҳамда Тошкент давлат аграр университетларининг Термиз филиаллари очилди. «Бобур» истироҳат боғи янгитдан таъмирланди. Янгидан ташкил этилган «Болажон», «Алпомиш» боғлари шаҳар файзига файз қўшмоқда. Термиз темир йўл вокзали, ёш оилалар учун қурилган ва қурилаётган турар-жой бинолари, «Тадбиркорлар уйи», бир-неча меҳмонхоналар барпо этилди ва янгилари қад ростлаяпти. Мустақиллигимизнинг 23 йиллигида Термиз шаҳри «Амир Темур» ордени билан тақдирлангани эса ана шу ўзгаришларнинг эътирофи десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Тадбиркорликка кенг йўл очилганини ҳар қадамда кузатиш мумкин. «Термиз сут» масъулияти чекланган жамияти раиси Шавкат Эламонов ёш бўлишига қарамай, сутни полиэтилен пакетда қадоқлаш линиясини харид қилиб корхонага ўрнатди. Мини-футбол ўйингоҳлари қуриб, музқаймоқ, яхна ичимлик суви, нон ёпадиган цехлар очиб, 30 нафарга яқин ёшни муқим иш ўрни билан таъминлади.

Яна бир баркамол авлод вакилларидан бири Баҳром Раупов Термиз шаҳрида «Surxon-sendvech» масъулияти чекланган жамиятини барпо этиб, икки хил қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг 27 йиллиги муносабати билан гавҳар шаҳарнинг  «Истиқлол» майдонида бошланиб, барча гўшаларини қамраб оладиган ­бунёдкорлик ишларидан элимиз мамнун.

Рустам ДАВЛАТОВ,

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар