Барҳаёт қалб ёғдуси

40

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева мардона ижоди билан ўзбек шеърияти осмонига бургут каби тикка кўтарилиб, унча-мунча бўронларга бўй бермай яшаб ўтди. Зеро, ижодкорнинг «мен»и унинг ҳаётидан айрича яшамайди. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаёқ Ҳалима Худойбердиева илк шеърлари билан ўзбек адабиётига ўзига хос адабий воқеа бўлиб кириб келган эди. Буни биринчи бўлиб Шароф Рашидов илғаган ва унга маънавий устозлик қилган. У киши матбуотни, хусусан, ёш истеъдодларнинг ижодини диққат билан мунтазам кузатиб борган ва уларнинг келгуси тақдирига бефарқ бўлмаган. Мана шу эътибор туфайли юртимизнинг узоқ кентлари ва ­қишлоқларидан қанот ёзиб пойтахт­га келган, ўзининг ёрқин фаолияти ва ижоди билан маънавий ҳаётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган кўплаб ижодкорлар кашф этилган.
Ўзбек шеъриятининг маликаси Зулфия «Оқ олмалар» китобига ёзган сўнгсўзида таъкидлаганидек, Ҳалима Худойбердиевага ҳеч қачон «ҳавас­кор шоира» нисбати берилмаган. У ҳеч қачон ҳаваскор шоира бўлмаган. Бунга унинг 1968 йилда нашр этилган биринчи китоби – «Илк муҳаб­бат»даги шеърлари ёрқин мисол бўла олади.
Орадан роппа-роса беш йил ўтгандан сўнг нашр этилган иккинчи китоб — «Оқ олмалар»ни адабиёт мухлислари навбатларда туриб, талашиб сотиб олишди. Бу китоб Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов бош­қаришга киришган «ўзбек шеърия­­ти кемаси»да гўёки оқ елкан бўлиб қанот ёзди. «Оқ олмалар»нинг ушбу кемага бағишлаган шиддати ҳақида ўзбек шоиралари ҳаёти ва ижодининг фидойи тарғиботчиси Тўхтасин Жалолов китоб чиққан кунларда ҳароратли тақриз ёзган эди. Бу тақриз ҳам худди «Оқ олмалар» каби адабий давраларда тилга тушди. Шундан кейин Ҳалима Худойбердиеванинг «Чаман» (1974 йил), «Суянч тоғларим» ( 1976 йил ), «Бобо қуёш» (1977 йил), «Иссиқ қор» (1979 йил), «Садоқат» (1983 йил), «Муқаддас аёл» (1987 йил), «Бу кунларга етганлар бор» (1993 йил), «Ҳурлик ўти» (1993 йил), «Тўмариснинг айтгани» (1996 йил), «Сайланма» (2000 йил), «Йўлдадирман» (2006 йил), «Буюк қушлар» (2012 йил), «Осойишта шам» (2018 йил) китоблари чоп этилди.
Ҳалима Худойбердиеванинг ҳаётда ўз тамойилларига садоқат билан яшагани, шеъриятидаги мардона нафас унга асли полвон бўлган ота-боболарининг қонидан ўтган. Унинг «Осойишта шам» китобини ўқиган киши «кеча ҳаётга тож» бўлиб, ёзганлари «кўзга суртилган», кейин эса мағлублиги туфайли «китоблари ёқилган» (шеърлари мактаб дарсликларидан йиртиб олиб ташланган), «бошда сочи қолмагунча таланган, хос хонасигача «синчиклаб» ўтказилган тинтувлар ( оилавий ҳаёти ва ижодига боғлиқ суриштирувлар), яқинларининг қийноқ-қистовга олиниши ва таъқиб қилиниши, уйи­нинг тўрида нон-тузини еб юрган «мол дўстлар»нинг ташлаб кетиши, айниқса, ёнида тоғдай суяб турган паҳлавон фарзандининг жудолик доғи ва улар туфайли жисм-у жонига кўп бора сиртмоқ ташлаган хасталик­ларга қарамай, «қайғузорлардан лоладай яшнаб ўтиб» ўзи бир умр орзулаб яшаган ва ҳар доим энг яқинларига соғинган дориламон кунлар нафасини яққол ҳис қилади.
Сирасини айтганда, «Осойишта шам» китоби Ҳалима Худойбердиеванинг дориламон кунларига ижодий тортиғидир.
Катта байрамлар, улуғ анжуманлар элнинг ардоқли фарзанд­лари билан кўркам. Биз катта халқмиз. Бундай тантаналаримиз, тўрига чиқарадиган улуғларимиз ҳар доим истаганча топилиб келган. Лекин ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Ҳалима Худойбердиева ана шундай ўз ўрни ва айтадиган сўзи бор улкан шоира эди.
Қонидаги назаркарда салоҳияти туфайли шоира оғир дамларда ҳам энг тўғри йўлни танлади: Яссавийнинг этагидан ушлаб, «Тўмариснинг туморин таққан аёл ўлмайди», деган хулосани ҳаётининг бош кредосига айлантирди.
«…Елкам халқим елкасига
тегиб турмоғи учун,
Бошим халқим кўлкасига
эгиб турмоғим учун,
Унга қарши ким келса
енгиб турмоғим учун,
Мендан қай иш лозим бўлса,
барчасига тайёрман!»
деган ҳайқириқ билан шеърият даврасига қайтган Ҳалима Худойбердиева ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Афсуски, бевафо дунёнинг қўли узунлик қилди. Энди у киши туғилиб ўсган Боёвут туманидаги «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилиши режалаштирилган Ҳалима Худойбердиева номидаги кутубхонани кўролмайди. Лекин бу кутубхона Ҳалима опанинг мангу руҳини, ўлмас ижодини тарғиб этаверади (Бу ғояни опанинг ҳаётлик пайтида ўзи билан муҳокама қилган эдик. Афсуски, улгуролмадик).
Мен ўзбек онаси, ўзбек аёлини раҳматли онамга ўхшатар эдим. Бир дўстимиз билан шу йил айни баҳор чоғи Ҳалима опани йўқлаб шифохонага борганимизда бошида рўмол, оддий чит кўйлакда бизни қарши олган аёлни кўриб, бирдан туманли тасаввурим равшанлашди. Чунки рўпарамизда онамга, опам ва аммамга жуда ўхшаган ҳақиқий Ўзбек онаси турар эди. Шунда тугаётган ёки ёна бошлаган пайтида эмас, фақат ёнаётган чоғида шам осойишта бўлишини англадим. Бинобарин, Ҳалима Худойбердиева ўз ижоди билан ўзбек шеъриятини шам янглиғ ёғду билан ёритди. Унинг сўнмас нурлари эзгуликка ошно қалбларни нурлантиришда давом этаверади.

Абдухолиқ АБДУРАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошқа хабарлар