Бирлашганга омад ёр

287

Халқимиз мустақиллик байрами ҳақида гапирганда «Энг улуғ, энг азиз» деган таърифни ишлатади. Дарҳақиқат, бу ҳамма учун қадрли сана. Чунки у барчанинг тақдирида муҳим ўрин тутади. Чорак аср давомида мустақилликни мустаҳкамлаш, фуқаролар дунёқарашида, турмуш тарзида озодлик, мустақиллик, истиқлол нақадар олий неъмат эканини шакллантиришга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун эса мамлакатимизни дунёнинг энг тараққий этган давлатлари сафига қўшиш бош мақсадимизга айланган. Демак, биз тикланиш босқичидан юксалиш, тараққиёт босқичига етиб келдик.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришга доир Ҳаракатлар Стратегияси мамлакатимиз ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Эндиликда ижтимоий-иқтисодий соҳалар шиддат билан ривожланмоқда.
Касаба уюшмалари ишчи-ходимлар манфаатларини ифодалайди. Улар ҳар бир ходимнинг меҳнатини ҳимоялаш, ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш орқали юртдошларимизнинг истиқлол имкониятларидан самарали фойдаланишига замин яратади.
«Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори ижросини таъминлашда касаба уюшмалари фаол иштирок этаётгани оддий одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига, давлат ва халқ бирдамлигини мустаҳкамлашга, мамлакат равнақига хизмат қилмоқда. Мазкур қарор ижроси юзасидан 2017 йилда вилоят бўйича 24 та оила уй-жой билан таъминланди, 120 та оиланинг уй-жойи таъмирланди, 1404 та оилага эса тиббий хизмат кўрсатиш учун ижтимоий-иқтисодий кўмак кўрсатилди. Бундан ташқари, вилоятнинг олис ва чекка, айниқса, табиий газ етиб бормаган олис ҳудудларида истиқомат қилаётган 409 та эҳтиёжманд оилага замонавий газ плиталари ҳамда газ баллонлари етказиб берилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 1272 та оилага худди шу каби ижтимоий-иқтисодий кўмак берилди. «Обод қишлоқ» ­дастурига киритилган Оқдарбанд қишлоғида истиқомат қилувчи 4 нафар кам таъминланган оилага 4 бош соғин сигир олиб берилгани ҳам ана шулар сирасидан.
Ўтган йили вилоятдаги тижорат банклари томонидан 312 та оилага 1 млрд. 918 млн. 820 минг сўм, жорий йилнинг ўтган даврида эса 140 та оилага 1 млрд. 589 млн. сўм имтиёзли кредитлар берилди. Кредит олишга эҳтиё­­жи бор кам таъминланган оилалар рўйхатини шакллантириш ва кредитларнинг ўз муддатларида берилишида касаба уюшмаларининг хизмати катта бўлди.
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан жорий йилда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган 492 та оила фарзандларига 21,5 млн. сўмлик ўқув қуроллари ва дарсликлар олиб берилди. Кам таъминланган 790 нафар ёш оилалар вакилларига 159,7 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Ишламайдиган пенсионерлардан 525 нафарига 46,7 млн. сўмлик моддий ёрдам берилди. уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланадиган товарлар харид қилиш учун 28 та оилага 149,7 млн. сўмлик фоизсиз ссудалар берилгани, 377 нафар пенсия ёшидаги шахс­ларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам кўрсатилгани ҳам эътиборга молик. Бундан ташқари, меҳнат муҳофазаси чоралари кучайтирилмоқда. Ўтган давр давомида жамоа шартномаларига киритилган меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 3 млрд. 669 минг сўм сарф қилинди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими томонидан 171 та ариза ва шикоятлар кўриб чиқилиб, киритилган тақдимнома ва даъво аризалари натижасида корхона, ташкилот ва муассасалардан 94.168.276 сўмлик маблағ ходимлар фойдасига ундирилди.
Санаторийларда 536 нафар киши соғломлаштирилиб, уларнинг 503 нафари имтиёзли, 30 нафарига бепул йўлланмалар ажратилди.
Бу йилги ёз мавсумида вилоят бўйича 33 та болалар оромгоҳи фаолият кўрсатиб, улардан 11500 нафарга яқин болалар дам олдирилди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу йил вилоятимиздаги оромгоҳларнинг барчаси стационар шароитда фаолият кўрсатди. Бундан ташқари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила фарзандларидан 1250 нафари Тошкент вилоятидаги оромгоҳларда, 250 нафари Қашқадарё вилоятидаги «Лочин» оромгоҳида соғломлаштирилди. Уларнинг 60 нафари Хива туманидаги «Болалар шаҳарчаси» тарбияланувчиларидир.
Шу билан бирга маънавий-маърифий тадбирлар уюштиришга, спорт-соғломлаштириш ишларига ҳам алоҳида масъулият билан ёндашилмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Туризм ҳам иқтисодий, ҳам маънавий фойда келтирувчи соҳа саналади. Давлатимиз раҳбари томонидан ички туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бу борада қабул қилинган қарор ва фармонлар касаба уюшмаларини ҳам фаолликка чорламоқда. «Ўзбекистон бўйлаб саёат қил!» шиори остида ташкил қилинаётган саёҳатлар касаба аъзоларига беқиёс маънавий-руҳий қувват бахш этмоқда.
Бу йил вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан саккиз минг нафардан зиёд касаба аъзоларининг Самарқанд, Бухоро, Хива, Шахрисабз, Тошкент, Хива шаҳарлари, шунинг­дек, қадимий зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилди. Бу саёҳатлар шонли ўтмишимизга эҳтиром, ўз дунёқарашини кенгайтириш, бугунги турмушини янада чиройли қилиш иштиёқи, келажакни янада ёрқин рангларда жилолантириш имконияти билан мужассамлашганки, у фақатгина эзгуликка хизмат қилади.
Барчамиз юрт тараққиёти йўлида бирлашсак, ютуқлар доимо бизга ҳамроҳ бўлади.

Равшан ЖАББОРОВ,
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси

Бошқа хабарлар