Деҳқонлар уйида байрам шукуҳи

15

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига назар ташлар эканмиз, уларнинг туб мазмун-моҳиятида эл маъмурчилиги ва халқ фаровонлигини ошириш ётганини яққол кўрамиз.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда биринчи марта «Қишлоқ хўжалик ходимлари куни» таъсис этилиб, кенг нишонланди. Давлатимиз раҳбари соҳа ходимларини «қалбимга энг яқин инсонлар, қадрдонларим», деб атади.

Ҳа, деҳқоннинг иши шундай шарафли. Деҳқончилик доимо касбларнинг улуғи бўлиб келган. Деҳқоннинг хизматидан руҳланмаган, эътироф этмаган аллома йўқ десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий асарларида ҳам деҳқоннинг чеккан заҳмати эътибордан четда қолган эмас.
Шоир «Ҳайрат ул-аброр» достонида зироат аҳлини ҳурмат билан тилга олади: Субҳи азал қилди
чу деҳқони сунъ,
Одамий хокийни
гулистони сунъ.
2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, етакчи тармоқларни модернизация ва диверсификация қилиш асосида мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш борасида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.
Қайд этиш жоизки, мазкур жараёнда Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ҳам алоҳида ўрни бор. Кенгаш томонидан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» муносабати билан амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий иқтисодий манфаатларини янада кучайтириш мақсадида 8 та устувор йўналиш бўйича режалар белгиланиб, айни пайтда уларни бажаришга қаратилган тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари иш фаолиятининг энг муҳим йўналишлари меҳнатни муҳофаза қилиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масалалари саналади. Меҳнатни муҳофаза қилишда тегишли вазирлик, идора ва компаниялар билан меҳнат муҳофазасига доир алоҳида белгиланган чора-тадбирлар асосида жойлардаги 465 та корхонада бу борада амалга оширилган ишлар ўрганилди ва аниқланган камчиликлар ўз ечимини топди.
Байрамлар арафасида бугунги кунда меҳнат фахрийси бўлган кексалар ҳолидан хабар олинаяпти. Барча ҳудудлардаги тармоқ касаба уюшмаси аъзоларининг тарихий шаҳарларимиз ҳамда Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлари уюштирилмоқда. Мустақиллик байрами арафасида тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда ишлаб, бугунги кунда нафақада бўлган 40 нафар фахрийнинг Самарқанд вилоятига саёҳати ташкил этилди. Тизимдаги ташкилотлар ходимлари учун тез-тез маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилаётир.
Иш фаолияти самарадорлигини ошириш учун тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги корхоналарнинг жамоа шартномалари қайтадан тузилиб, уларга алоҳида эътиборга муҳтож кексалар, аёллар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини янада кўпроқ ҳимоя қилиш бўйича қўшимча имтиёз ва кафолатлар инобатга олинган 320 дан ортиқ янги бандлар киритилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида тармоқ тизимида 267 та янги ташкилот, 5372 та цех ташкилотлари тузилиб, 28 667 нафар ишчи-ходим касаба уюшма аъзолигига қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Умуман, тармоқда ишчи-ходимлар манфаати ҳимояси йўлида тизимли ишлар йўлга қўйилиб, ҳамжиҳатликда амалга оширилиши ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда.
Ҳа, бугун ғаллакорлар-у пахтакорлар, деҳқон-у миришкор, олим-у ҳосилот, механизатор-у сувчи — хуллас, барчанинг дилида байрам, уйида шодиёна. Байрам шукуҳида меҳнат сурурининг баландлиги эса ислоҳотлар самараси ва фидокорона меҳнатнинг муносиб қадр топаётганидан далолатдир.

Тўхта БОЗОРОВ,
Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Рeспублика кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси

Бошқа хабарлар