Долзарб муаммонинг оқилона ечими

49

Замон шиддат билан ўзгаряпти. Жамиятнинг барча жабҳаларида янгиланиш жараёнини кузатиш мумкин. Кечаги турмушимиз билан бугунги кун ўртасида ижобий томонга катта фарқ бор. Давр силсиласига ҳамоҳанг равишда теварак-атрофга янгича нигоҳ билан қарашни ўрганяпмиз. Онг-у тафаккуримиздаги ўсиш ва ўзгаришлар баробарида ҳаёт тарзимиз ҳам фаровонлашиб бормоқда. Бунинг асосий омили – инсон манфаатларига хизмат қилувчи ислоҳотлар меваси ҳар бир соҳада, жумладан, кундалик эҳтиёжларимиз билан боғлиқ электр энергияси, табиий газ ёки сув таъминоти борасидаги жиддий ўзгаришлар мисолида ҳам яққол кўзга ташланаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мазкур йўналишдаги долзарб муаммоларни ҳал этиш, фуқаролар ўртасида истеъмол ва тўлов маданиятини тарғиб қилишда ўзига хос янгилик бўлди. Хусусан, Респуб­лика Бош прокуратураси ҳузурида янги тузилма – энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга ­масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.
Бюрога энергия ресурслари етказиб берилиши ва уларнинг истеъмол қилинишини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, жумладан, хўжалик юритувчи субъект­ларда назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишмаган ҳолда ҳам текширувлар ўтказиш ҳуқуқи берилишининг оқилона ёндашув экани ўтган бир йилдан зиёд вақт мобайнидаги тажрибаларда исботланди. Етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш бўйича мажбурий «инкасса» топшириқномаларини қўйиш, етказиб берилган энергия ресурс­лари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим-истеъмолчиларнинг ойлик маошидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш каби қатор ваколатлар бугун, шак-шубҳасиз, фаолият самарадорлигини таъминламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегиш­ли Фармон ва қарорлари асосида ўтган давр мобайнида ташкилотнинг хизмат доираси кенгайиб, сув истеъмоли учун тўловларни ҳал этиш масаласи ҳам бюро ходимлари зиммасига юклатилди.
Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида энергия ресурслари истеъмолчиларидан жами 452 миллиард сўм ундирилди. Бунинг 305 миллиард сўми электр энергияси, 132 миллиард сўми табиий газ ҳамда 15 миллиард сўми ичимлик суви ҳиссасига тўғри келади.
Яна рақамларга юзлансак. Энергия ресурслари ва ичимлик сувидан вужудга келган қарздорликларнинг ўз вақтида ундирилишини таъминлаш мақсадида истеъмолчиларга 480 мингдан зиёд талабномалар юборилди. Натижада қарийб 126 миллиард сўм ундирилишига эришилди.
Булар, ўз навбатида, электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳамда узлуксиз таъминлаш, технологик жиҳатдан ва маънавий эскирган инфратузилмаларни модернизациялашга хизмат қилмоқда. Жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаган фуқаро яхши билади: сифатсиз ва яроқсиз ҳолга келиб қолган ускуналарни замонавий ва тежамкорларига алмаштириш ўз-ўзидан бўлмайди. Лўнда қилиб айтганда, хонадонларда электр таъминотидаги узилишларнинг камайганлиги кўп жиҳатдан мазкур масалага бевосита боғлиқ.
Ёки дейлик, бир маҳаллада сув қудуғи барпо этиш ҳамда битта кўчага қувур тортиш учун қанчадан-қанча маблағ, шунга яраша ишчи кучи сарф этилади. Ушбу соҳалардаги муаммолар босқичма-босқич, тизимли равишда бартараф этилаётгани натижасида хонадонларимиз чароғонлашиб, уйлардан оқиб ўтган оби ҳаёт туфайли одамлар жони ором топди. Аксарият ҳудудларда челакларда сув ташиб келтирилган кунлар унутилди. Айтишга осон, лекин бунинг ортида тизимдаги масъул ходимларнинг залворли меҳнати, салмоқли ҳиссаси борлигини фаромуш этиб бўларканми?!
Айни пайтда Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан ҳуқуқий тарғибот масаласига катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки жамиятда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш муҳитини ҳамда энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Бу дунёда ҳар бир неъматнинг ўлчови, мезони бор. Жумладан, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви каби табиий бойликлар ҳам чекланган. Уларни тежаб-тергаб ишлатсак, тўловларини вақтида амалга оширишга одатлансак, ҳам оиламизга, ҳам давлатга, ҳам жамиятга фойда келтирган бўламиз. Тўлов интизомининг барқарорлиги эса, аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, қолаверса, тадбиркорликка кенг йўл очиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, умуман, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳам бевосита дахлдор. Бюро фаолиятининг бугунги ҳаётимиз учун энг аҳамиятли жиҳати мана шунда.

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар