Меҳмонхона нуфузи кўрсатилаётган хизматлар сифати билан белгиланади

17

«Ичан қалъа» деворлари бўйлаб беш дақиқа пиёда юрсангиз, шундоқ ёнбошда «Shams Xiva» меҳмонхонасига кўзингиз тушади. Икки қаватли, Ғарб ва Шарқ услубларини ўзида мужассам қилган бино Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ­бунёд этилган бўлиб, икки йилдан буён меҳмонлар хизматида.

Остона ҳатлаб ичкарига киришингиз ҳамон ўзбек миллий кийимлари, матолари, сувенирлари, миллий қаҳрамонларимиз сиймолари акс этган чинни буюмлар, кулолчилик маҳсулотлари диққатингизни тортади. Ўзингизни худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Хоҳласангиз, ҳужжатлар тўлдирилгунга қадар замонавий, юмшоқ мебелларда ором олишингиз мумкин. Бу унча кўп вақт олмайди. Сизни ҳурмат билан хонангизга бош­лашади. 30 ўринли меҳмонхонада 2 та бир кишилик, 10 та икки кишилик, 4 та люкс хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси кенг ва ёруғ. Деворларга асабни тинчлантирувчи, руҳиятни кўтарувчи гулқоғозлар ёпиштирилган. Пардалар хона жиҳозлари билан уйғун композиция ҳосил қилган. Eвропа андозаларига мос диванлар, мини-бар, чой ичиш ёки газета-журнал мутолаа қилиш учун стол ва стуллар, шкаф, спутник антеннали телевизор, музлатгич ва кондиционер ўрнатилган, телефонлар WI-FI тизимига уланган. Ҳар бир хонада алоҳида ванна. Йўлаклар ва хоналарга Хива гиламлари тўшалган.
Хорижлик ёки маҳаллий сайёҳ бу ерда ўзбекона меҳмондўстликнинг барча кўринишларидан баҳраманд бўлиши мумкин. Ширин муомала, хона хизмати, эрталабки нонушта, дазмоллаш хизматларидан ташқари танспорт, сайрбон топиб беришда ҳам жамоа бажонидил кўмаклашади. Бу ерда фаолият кўрсатувчи ходимларнинг деярли барчаси инглиз ва рус тилларида равон гаплаша олади.
– Ходимларимизга бизнинг меҳмонхонамиз жаҳондаги энг яхши меҳмонхоналардан бири бўлиши керак, сайёҳлар хотирасида бу ерда ўтказган кунлари бир умр ёдда қолсин деб кўп такрорлайман, – дейди ёш ва интилувчан бошқарувчи Нодирбек Матёқубов. – Ҳозирда нафақат мамлакатимиздаги, балки хорижий давлатлардаги сайёҳлик фирмалари билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатиш чораларини кўряпмиз.
Меҳмонларга ҳурмат-эҳтиром, айниқса, нонушта тайёрлаш жараёнида яққол кўзга ташланади. Кўпинча миллий руҳдаги таомларни сўрашади. Шу боис сутли маҳсулотлар, қуймоқлар билан биргаликда мураб­болар, гумма ва сомсалар ҳам тақдим этилади.
– Оддий бир ўхшатиш. Уйингизга меҳмон келса, нима қиласиз? Аввало, уни энг чиройли хонангизга бошлайсиз. Энг сифатли идишларда тансиқ таомлар тортиқ этасиз. Оила аъзоларингизнинг энг яхши фазилатларини кўрсатишга ҳаракат қиласиз. Сайёҳ, бу – Ўзбекистоннинг меҳмони. Унга ҳам халқимизга хос энг гўзал одатларни, анъаналарни кўрсатишимиз керак. Шукурки, бизда кўз-кўз қилишга арзигулик жиҳатлар жуда кўп, – дейди Нодирбек.
Меҳмонхона жамоаси доимий изланишда. Ичкари ҳовлида меҳмонлар кундузги сайрдан кейинги чарчоқни чиқариш учун миллий ва жаҳон классиқ мусиқалари садолари остида рақс тушиши, бир финжон қаҳва ёки бир пиёла кўк чой ичиб, суҳбатлашиши мумкин. Ҳовли атрофини ўраб турган ранго-ранг гуллар кайфиятга янада кўтаринкилик бахш этади.
– Менимча, меҳмонхона нуфузини бинонинг катта-кичиклиги эмас, кўрсатилаётган хизматлар сифати белгилайди, – дейди бошқарувчи. – Биз ҳар бир меҳмонга индивидуал ёндашишга, унинг кўнглини топишга ҳаракат қиламиз. Шу мақсадда янгиликлар яратишдан чарчамаймиз. Девордаги битта безак ёки хонадаги битта детал ҳам хизмат сифатига таъсир кўрсатади. Озодалик, саришталик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Мен ходимларимизга сайёҳлар бизнинг тимсолимизда халқимизнинг турмуш тарзини кўради, шунга кўра ҳаракат қилишимиз керак, деб кўп таъкидлайман.
Яқинда бир сайёҳ «мен Парижни ҳам, Римни ҳам кўрдим. Сизнинг меҳмонхонангиздаги шарт-шароитлар улардаги меҳмонхоналарникидан асло қолишмайди», деди. Бундай эътирофлар жамоани руҳлантириб, ўз вазифаларига янада дилдан ёндашишга ундайди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар