Ноёб оҳанглар таровати

90

Тантанали равишда ўтказилган Форумнинг очилиш маросими чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро анжуман иштирокчиларини қутлаб, бундан кўзланган асосий мақсад жаҳон халқларининг мусиқий хазинасига айланган мақом санъатини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш эканини алоҳида таъкидлади.
Санъат усталари томонидан тайёрланган дастурда халқимизнинг севимли санъаткорлари бебаҳо меросимиз саналган «Шашмақом» намуналарини ижро этишди.
Фарғона-Тошкент, Бухоро, Хоразм мақом санъати мактаби ижрочилари томонидан тақдим этилган «Сараҳбори бузрук», «Сараҳбори Дугоҳ», «Чор зарб мавраги», «Катта сувора», «Сафти сувора» ашулалари анжуман иштирокчилари томонидан зўр қизиқиш билан қарши олинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, анжуманда кўплаб санъат жамоалари ва мақом дасталари ўз маҳоратини намойиш этмоқда. Улар томонидан тайёрланган турли театрлаштирилган томошаларда халқимизнинг бой тарихи, маданияти, ўлмас санъат намуналари ҳақида лавҳалар ўз аксини топган. Миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, дорбозлар санъати, турли фольклор дасталарининг так­рорланмас чиқишлари жаҳоннинг етмишдан ортиқ давлатидан келган меҳмонлар эътиборига ҳавола этилаётир.
— Собиқ шўролар даври таъсирида ўзлигимизни йўқотиб қўяёзган эдик. Бугунги санъат анжумани миллий меросимиз, либосларимиз, урф-одатларимиз, қадриятларимиз, ўзлигимизни қайтариб беришга бемисл ҳисса қўшади. Қаранг: бу ёқда момо неварасига гилам тўқишни ўргатмоқда, бу ёқда кулол ўғиллари билан лойни пишитиб, кўза ясаяпти. Бу ёқда эса моҳир уста отларга эгар ясаш билан машғул. Дурадгор эса дутор ясаб, миллий чолғуларимизни келажак авлодга етказишни мақсад қилган, — дейди шаҳрисабз­лик санъат мухлиси Сайфулла Назаров.
Юракларга ҳаяжон ва фахр улашадиган бундай лавҳаларни нафақат хорижликлар, балки халқимиз ҳам катта қизиқиш билан кузатмоқда.

Анжуман иши ҳақида бир гуруҳ хорижлик нуфузли мутахассислар ўз таассуротларини билдиришди.
Магдалина ВАЛДИВИА, санъатшунос (Мексика):
– Шарқ халқларининг мумтоз санъатига қизиқишим ниҳоятда баланд. «Элларни тиллар эмас, куй бирлаштиради», деганлари рост. Буни мақом мисолида ҳис қилмоқдаман. Ундаги ҳар бир ашула ва мусиқада ўзига хос ноёб оҳанг, кишига руҳий қувват берувчи куч мужассам.
Дмитрий ТОПЕРМАТ,
созанда (Исроил):
— Отам менга Ўзбекис­тон ҳақида жуда кўп маълумотларни айтиб берган. Ўзбек санъати усталари ижодидан яхши хабардорман. Турғун Алиматовнинг танбур ва сато асбобида ижро этган мусиқий асарларга ғойибдан шайдо бўлганман.
Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида ўзбек мумтоз санъати усталари ижодини жонли тарзда кузатиб, жуда ҳаяжонландим. Муножот Йўлчиеванинг ижросини кўриш орзум эди. Ниятимга эришдим. Ҳайратларим бир олам.
Бухоро ва Хоразм мақом санъати усталари ижро этган ашулалар, мафтункор миллий либослар кийган раққосалар ижросидаги дилбар рақслар ҳам қалбимни ғоят тўлқинлантирди. Бундан ташқари, мазкур анжуман туфайли Соҳибқирон Амир Темур туғилиб ўсган гўзал Шаҳрисабз билан танишиш имкони туғилди.
Ишончим комилки, ушбу анжуман дунё санъатига, шунингдек, ўзбек туризми ривожига катта ҳисса қўшади.
— 31 йил шифокорлик соҳасида ишладим, — дейди Тошкент шаҳрининг «Дурдона» халқ фольклор ансамбли хонандаси Қўзибой Бекжонов. — Ўзим асли Хоразмданман. Комилжон Отаниёзовнинг шогирди эканимдан фахрланаман. Ансамблимиз 2006 йилда турли касб эгалари бўлган санъатсеварлардан ташкил топган. Кўплаб хорижий давлатларда бўлиб ўтган кўрик-танловларда қатнашиб, совриндор бўлганмиз. Аммо Шаҳрисабз­даги тадбирнинг таровати ва шукуҳи бошқача. Мазкур халқаро анжуман уларнинг ҳеч бирини такрорламайди.
— «Чироқчи чироқлари» ансамбли аъзосиман, — дей­ди Ойбек Тожиев. — Репертуаримиздан халқ қўшиқлари, лапарлар, термалар кенг ўрин олган. Хориждан келган меҳмонлар момоларимиз чанқовуз чалганда, халқ ижодидан намуналар ижро этганимизда рақсга тушиб кетишяпти. Бу унутилмас лаҳзалардир ва улар бизни янги изланишга ундайди.
— Миллий мусиқа меросимизни авлодларга етказиш йўлида катта ислоҳотлар бош­ланди, — дейди Ўзбекис­тон халқ артисти Муножот Йўлчиева. — Бу йўлда камарбасталик қилиш эса улкан вазифамиздир. Аслида мақом ашулалари инсон қалбини ёшартириб, руҳини пок­лайди. Масалан, мумтоз адабиётнинг етук вакиллари Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий ва бошқа аждодларимизнинг яратган ижод намуналарида умр фалсафасининг гўзал ифодаси, чуқур мазмун-моҳиятга эга бебаҳо маънавий ўгитлар мужассам. Ушбу асарларни куйга солиб, унинг сеҳрини қалбларга тараннум этиш бахти эса мақом ижрочиларига насиб этган, деб кўксим тўла ғурур билан айта оламан. Зотан, мусиқа инсон руҳиятининг нозик хилқатларида чечак очади, бу чечакнинг боғбони эса илоҳий истеъдодга эга ҳофизлар бўлиб, уларнинг ижро маҳорати ила бетакрор ижод маҳсули яралади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, анжуманнинг халқаро доирада ўтказилиши мақом санъати ривожи учун жуда катта имконият яратиши шубҳасиз. Зеро, у миллий мусиқа анъаналарини сақлаб қолиш, уларни бутун дунёга тараннум этишга хизмат қилади.
…Муаззам Оқсарой майдони чолғу-созлар сеҳри ва такрорланмас мақом ижролари оғушида. Дилларни дилларга, элларни элларга боғлайдиган, қалбларни эзгулик йўлида бирлаштирадиган йирик санъат анжумани тафсилотлари ҳали яна кенгаяди.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар