Танти элга ярашар тантаналар

29

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Сурхон воҳаси бетак­рор кўринишга эга бўлди. Нафақат Термиз шаҳри, балки барча туман марказлари ва олис қишлоқларда ҳам замонавий иншоотлар, ўзига хос фусункорлик касб этган таълим муассасалари, кўркам тиббиёт масканлари, жаҳон талабларига мос спорт иншоотларининг иш ­бошлагани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Вилоятимизда йирик салоҳиятли корхоналарни ишга тушириш, бунга хорижлик ҳамкорларни жалб этиш борасида ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Жойларда саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани ўзининг ижобий натижасини беряпти. Буни ҳудудда иш ­бошлаган кўплаб қўшма корхоналар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Истиқлолнинг буюк инояти билан «Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон» темир йўли фойдаланишга топширилгач, ўндан ортиқ йирик конларда қизғин ишлар бошланди. Вилоятнинг инфратузилмаси яхшиланиб, улкан бунёдкорлик ишлари учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Бойсун ва Шарғун кўмир конларидаги захираларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ишлари авжида. Хонжиза полиметалл конидаги бунёдкорликлар ҳам ҳар бир кишида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотмоқда.
Сариосиё туманида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади. Шўрчи туманидаги «Мўмин текстиль» МЧЖ, Қумқўрғондаги «Қумқўрғон механика заводи» МЧЖ негизида фаолиятини бошлаган 2 минг тонна ип-калава тайёрлаш корхоналари ҳам кўплаб ёшларни ўз бағрига олди. Шерободда цемент заводи қурилиши, Шарғун ва Тўда кўмир конларининг қувватларини ошириш ҳисобига кўмир қазиш ҳажмини кескин ошириш режалаштирилган. Шу билан биргаликда, жорий йилда юзга яқин аҳоли ­пунктларида сув таъминоти яхшиланади.
Сурхондарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юрт истиқболи йўлида меҳнат қилаётган ҳар бир ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир талай ишларни амалга ошириб келмоқда. Давлат ва нодавлат ташкилотлар билан 30 дан зиёд битим, келишувлар тузилиб, ижтимоий шерикчилик кўлами кенгайтирилди.
«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2200 тадан ошиқ оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Жамоа шартномалари ва келишувлари доирасида ҳар йили 1500 нафардан ортиқ аёл қўшимча таътил олмоқда. 500 нафар кўп болали аёлларга қисқартирилган иш куни белгиланиб, моддий ёрдам кўрсатилди. 100 нафардан ортиқ ишловчи байналмилалчи жангчиларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди. Ўтган йиллар мобайнида байрамлар муносабати билан кўплаб касаба уюшма аъзоларига моддий ёрдам ажратилди.
Касаба уюшмаларида ишлаб, нафақага чиққан пенсионерлар, Сариосиёдаги «Фарҳод» мурувват уйи, Шўрчидаги махсус мактаб-интернати, Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи ва «Саховат» уйига моддий кўмак берилди.
Ишчи-ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, дам олдириш муҳим вазифалардан биридир. Шу боис, жорий йилда вилоятдаги 10 та шаҳардан ташқари оромгоҳлар, 168 та ихтисослашган мактаб интернатлари ва кундузги мактаблар қошида ташкил этилган оромгоҳларда 20 минг нафардан зиёд болалар соғломлаштирилди.

Абдукарим АҲМЕДОВ,
Сурхондарё вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси
кенгаши раиси

Бошқа хабарлар