УМИДЛАР РЎЁБГА ЧИҚАДИГАН МАСКАН

24

Бола кулгисидан олам мунаввар. Фарзанддай азиз неъматни бағрига босиш, унинг камолини кўриш – инсонлар учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ҳа, фарзанд, аввало, Аллоҳнинг инъоми. Айрим сабаблар билан бундай бахт насиб этмай, умид билан шифохоналарга бораётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Уларга бахт улашаётган, оиласида чақалоқ йиғиси жаранглашига сабабчи бўлаётган шифо ­масканлари ичида «Умид гулшани» санаторийсининг алоҳида ўрни бор. Зеро, умидлар рўёби шу масканга хос, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.

Санаторий гинекология, урология, эндокринология ва асаб касаллик­лари билан хасталанган дам олувчиларни соғломлаштириш, бепуштлик сабабларини ташхислашга ихтисос­лашган. Замонавий аппаратларда чуқур текширувлар олиб борилади. Кенг миқёсда электронур, даволаш бадантарбияси ва уқалаш, физиотерапия, игна-рефлексотерапия, лазеротерапия, озокерит-парафин, шифобахш балчиқ, психотерапия каби муолажалар кўрсатилади.
Амалга оширилаётган ижобий ишлар ўз самарасини бериб, дам олувчиларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Жорий йилда 2 000 нафардан ортиқ киши соғлигини тиклаган бўлса, уларнинг 150 га яқинини қўшни Тожикистон, Қозоғис­тон, Қирғизистон ва Афғонистондан келганлар ташкил этди.
Шу ўринда она бўлиш истагида келган кўплаб аёлларга бундай қувончни бахш этаётгани туфайли нафақат юртимиз, балки қўшни давлатларда ҳам санаторийимизнинг шуҳрати ошиб бораётганини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.
Санаторийда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги ускуналарни сотиб олиш, уларни амалиётга жорий қилиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Даволаш бўлимимиз замон талаб­лари ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган ускуналар билан жиҳозланди. Шулар жумласига урологик хасталикларга шифо улашиш учун санаторийлар орасида биринчи бўлиб бизда хорижда ишлаб чиқарилган «Матрикс Уролог» лазерли физиотерапевтик комплекси жорий қилинганини эътироф этишимиз лозим. Озонатерапия услубида даволашни амалга ошириш мақсадида махсус хона тайёрланиб, «Медозон» ускунаси ишга туширилди. Ҳозирги кунда физиодаволашда магнит майдони билан даволаш услуби кенг қўлланилмоқда. Шуни ҳисобга олиб, магнитотерапия хонаси очилди ва янги аппаратлар амалиётда кенг қўлланилмоқда.
Физиотерапия бўлимида яна хорижда ишлаб чиқарилган рақамли «Элфор–проф» ва «Амплипульс 5» ускунаси ишлатилмоқда.
Гинекологик кўриклар барча стандартларга жавоб берадиган ҳолда олиб борилиб, хоналар шунга мос жиҳозланган. Дам олувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ва стоматологик – профилактик ишларнинг сифатини ошириш учун янги замонавий стоматологик ускунага эга хона ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Санатор-курортлар бош­қармаси ташаббуси ҳамда кўмаги билан ҳудудда чет эл муассасалари ҳамкорлигида замонавий Экстракорполар уруғлантириш (ЭКО) лабораторияси ва унинг инфратузилмаси қурилиши лойиҳалаштирилмоқда.
Санаторийга келган дам олувчилар билан тиббий профилактик мавзуларда суҳбатлар ўтказиш ва уларнинг талаб-таклифларини билиш учун мунтазам равишда ҳафталик учрашувлар ўтказилади. Бундан ташқари, бир ойда икки маротаба ёзма сўровномалар тарқатилиб, таҳлил қилинмоқда. Фахр билан айтиш керакки, дам олувчиларнинг аксарияти кўрсатилаётган хизматлардан хурсанд. Бу ­жамоамизнинг аҳил-иноқликда, бир ёқадан бош чиқариб, уларнинг кўнглига йўл топиб фаолият юритаётгани туфайлидир. Ходимларимиз бундан беҳад руҳланиб, янада яхши хизмат кўрсатиш ва янгиликлар киритиш устида тинимсиз изланмоқда.
Дам олувчилар учун косметология, кутубхона, клуб ва бошқа кўнгил очиш хоналаримиз мавжуд. Уларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳридаги музейлар, театрлар ва бошқа сўлим масканларга саёҳатлар уюштирилади.
Халқи соғлом ва фаровон, фарзандлари бахтли, осмони мусаффо юртга байрамлар ярашади. Бу йўлда озгина бўлса-да ўз ҳиссасини қўшиб келаётган жамоамиз номидан айни пайтда давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллигини кенг нишонлаётган бутун халқимизни, соҳа фидойи­ларини ушбу улуғ айём билан чин юракдан қутлаймиз.

Акмал ЙЎЛДОШЕВ,
«Умид гулшани санаторийси» МЧЖ директори

Бошқа хабарлар