Эл рози бўлса, шу адолатдир

169

Соҳибқирон Амир Темур «Тузуклари»да айтадики:
Куч – адолатда.
Ҳазрат Навоийнинг шундай машҳур сатрлари бор:
Нафъинг агар халққа
бешакдурур,
Билки, бу нафъ ўзунгга
кўпракдурур.
Бобур ёзади:
Бори элга яхшилиғ қилғилки,
мундин яхши йўқ.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам ана шундай улуғ мақсад мужассамлашган. Оддий одамлар билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадига айланди.
Шу йилнинг 10 августида давлатимиз раҳбари Шайхонтоҳур тумани иқтисодиётини ривожлантириш, уй-жой-коммунал соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича йиғилиш ўтказган эди.
Аниқланган муаммоларни ҳал этиш ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида тумандаги маҳаллалар бўйича манзилли «йўл харитаси» тасдиқланиб, ижросини назоратга олиш юзасидан топшириқлар берилганди.
Унга мувофиқ, ўтган даврда тузилган ишчи гуруҳ томонидан тумандаги ҳудудда тадбиркорликни ривож­лантириш, маҳаллаларни обод қилиш, спорт ва болалар майдончалари қуриш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларига моддий ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратиш долзарб вазифалар сифатида белгиланди. Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйи­­ча 4 та сектор кесимида манзилли дастур ишлаб чиқилди.
Айни пайтда бу борадаги вазифаларни амалга ошириш, қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар бош­лаб юборилди. Президент топшириғига асосан жамоатчилик комиссияси ташкил этилиб, ҳар бир маҳаллада аҳоли билан учрашлар ўтказилмоқда, муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора тадбирлар бажарилмоқда.

Одамлар дардини тинглаб…

Жойларда аниқланган камчилик ва муаммоларга аниқлик киритиш, уларни тезкор бартараф этиш мақсадида туман аҳли билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Яқинда тумандаги «Катта Жарариқ», «Янги Жарариқ», «Эски Жарариқ» ва «Ипакчи» маҳалла фаоллари билан ана шундай учрашувлар бўлиб ўтди.
Тадбирда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академия­­си ректори Рустам Қосимов, меҳнат фахрийси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Дилбар Ғуломова ва мутасадди ташкилот, корхона, идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, комиссия раи­­си Қудратилла Рафиков сўзга чиқиб, мамлакатимизда халқимиз бахт-у саодати, бугунги кунидан рози бўлиб яшаши йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги нутқида тилга олинган айрим факт ва рақамларга эътибор қаратди.
Мамлакатимизда кечаётган ўзгариш ва янгиланишлар кўламини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ­ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дас­турида 11 триллион 200 миллиард сўм ва 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари ҳаж­мидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилгани мисолида тасаввур қилиш қийин эмас. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида эса 416 та қишлоқ ва 105 та маҳаллада қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари жадал суръатда кетаётганини кўриб-билиб турибмиз.
Аҳолининг замонавий уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида жорий йилда 13 минг 900 дан ортиқ оилага мўлжалланган 335 та кўп қаватли турар жой фойдаланишга топширилди. Йил охиригача бу рақам 2017 йилга нисбатан 2 баробар кўпаяди.
Ҳозирги кунга қадар қишлоқларда 40 мингта оила янги хонадонларга кўчиб кирди. Бу борада кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонларга кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрлик эътиборга сазовор. Бунинг тасдиғини ўтган 2 йилда 1000 нафардан ортиқ шу тоифага мансуб инсонлар уй-жой билан таъминлангани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир оилада тадбиркорлик муҳитини яратиш бўйича кейинги икки йилда мамлакатимиз бўйича 700 минг нафардан ортиқ юртдошларимиз иш билан таъминланди.
Тижорат банклари томонидан тадбиркорларга 25 триллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани ана шундай натижага йўл очди.
Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастури учун шу йилнинг ўзида 786 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бунинг натижасида 100 минг нафардан ортиқ ёшларимизнинг бандлиги таъминланади.
Жамиятимизда «Қонун ва адолат – устувор», «Жиноятга жазо муқаррар» деган муҳим принципларни таъминлаш, суд, прокуратура, ички ишлар органлари, адвокатура тизими фаолиятини такомиллаштириш, уларни том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда.
Президент фармонига биноан қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 261 нафар шахс Мустақиллик байрами муносабати билан афв этилгани шу йўналишдаги эзгу ишларнинг давоми бўлди.

Ободлик уйимиздан, маҳалладан бошланади

– Шайхонтоҳур туманида ҳам ўзига хос бунёдкорлик ишларини амалга ошириш режалаштирилгани бу мақсад йўлида айни муддао бўлди, – дей­ди Қудратилла Рафиков. – Жумладан, 37 та кўп қаватли уй қурилиши авж паллада. 1905 хонадонли 28 та уйни жорий йилда, 208 хонадонли 5 та уйни 2019 йилда ва 147 хонадонли 4 та уйни 2020 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Аҳолининг қулай дам олишини ташкил этиш, фарзандларимизнинг ўйнаб-кулиб вақтини чоғ ўтказиши учун янги «Наврўз» ва «Ибн Сино» боғлари барпо этилмоқда. «Эски Жўва» бозори жойлашган ернинг бир қисми ва унга туташ ҳудудда «Чорсу Олд Сити», яъни «Чорсу эски шаҳар» мажмуаси қурилади. Собиқ «Алпомиш» муз спорти саройи мажмуасини замонавий шаклда қайтадан тиклаб, аҳоли, айниқса, ёшлар учун муз спорти турлари билан шуғулланиш имконияти яратилади. «Кўкча текстиль» корхонасида қиймати 50 миллион долларлик инвес­тиция ­лойиҳаси асосида 2 минг 200 та қўшимча иш ўрни яратилади. Тасдиқланган «Йўл харита»сига кўра бу йил туман бўйича 26 минг 265 кв.м. йўл жорий таъмирланди. Йил якунига қадар «Белтепа» маҳалласи ҳудудидаги кўчалар ровонлашади.
«Обод маҳалла» дастури доирасида 90 та уйнинг том қисми мукаммал, 3 та уйнинг том қисми жорий, 191 та кириш йўлаклари, 30 минг пагон метрдан зиёд иссиқлик қувурлари, 65 та уйнинг ертўлаларидаги муҳандислик тармоқлари, 12 минг 600 кв.м уй олди йўлак­лари, 771 та уй ҳудудидаги ташқи ёритиш тизими, 82 минг 300 кв.м. автомобиль йўллари ва ички кўчалар мукаммал, 7 та мактабгача таълим муассасаси, 7 та умумтаълим мактаби, 1 та тиббиёт муассасаси таъмирланади. Бундан ташқари, 22 та янги болалар майдончаси қурилади.
Оилаларни арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида 4 қаватли 2 та турар жой қурилиши бошланган. Ҳозирда пойдеворини тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.
Электр таъминотини яхшилаш бўйича 35 та трансформатор пункти тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, таянч устунлардаги 954 та лампа нур диодли ёритгич лампаларига алмаштирилди. Тунги ёритиш тизимини яхшилаш мақсадида 14 та бошқарув қутиси ўрнатилди. Умуман, бу каби эзгу ишлар бардавом бўлиб, ҳаммаси юрт ободлиги, жамиятимиз саодати учун хизмат қилади.

Муаммолар жойида ҳал бўлмоқда

Халқ билан мулоқотлар давомида Ишчи гуруҳнинг ўрганиш жараёнида аниқланган муаммо ва камчилик­лар бўйича ахбороти ҳам тингланиб, улар туман ҳокимлиги, шаҳар ва туман мутасадди ташкилот, корхона ва идоралар раҳбарлари билан таҳлил этиляпти ҳамда уни бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилмоқда. Баъзи муаммолар ўша ернинг ўзида ҳал этилаётгани нур устига нур бўлаётир.
Тадбирда, маҳаллалардаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ҳамда фаолиятни яхшилаш учун яна нималар қилиш лозим, одамларда шу юрт меники, шу маҳалла – менинг маҳаллам, унинг озодалигини ва осойишталигини сақлашим керак, обод маҳалла бўлишига ўз ҳиссамни қўшай, деган тушунча қачон пайдо бўлади, деган саволларга жавоб топиш учун ишни нимадан бошлаш, нималарни амалга ошириш кераклиги бўйича ҳам фикр юритилди. Олдинда турган ишлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш тадбирлари белгилаб олинди.

– 46 йилдан буён халқ таълими соҳасида ишлайман, – дейди «Катта Жарариқ» маҳалласида яшовчи Равшан Тўлаганов. – Бугунги ўзгаришлар ҳар қандай кишининг қалбида фахр-ифтихор, шу юртга меҳр-муҳаббатни янада ошириши шубҳасиз. Буларнинг ҳаммаси учун Президентимизга раҳматлар айтамиз. Маҳалламизда айни пайтда бунёдкорлик ишлари авжида. Замонавий маҳалла биноси қуриляпти. У жорий йил бошида ишга тушади. Бир нечта болалар майдончаси қурилди. Ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. «Тозалик куни» деб эълон қилинган ҳафтанинг ҳар шанбасида одамлар бир ёқадан бош чиқариб ҳудудни озода, саранжом-саришта кўринишга келтириш юмушларида фаол иштирок этяпти. Умуман, эл манфаати йўлидаги бугунги ҳар бир иш, ҳар бир қадамдан халқимиз жуда миннатдор.

Ўзимизни қийнамасак, ҳеч нарсага эриша олмаймиз

Халқ билан учрашувлар самимий руҳда давом этмоқда. Уларда каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиш, қўшнининг ҳолидан хабар олиш, ночорларни қўллаш, кўчаларнинг тозалиги, ободлигига ҳисса қўшиш каби маънавий қадриятларимиз асосида иш юритиб, юрт тинчлиги, осойишталиги, ривожига ҳар бир инсон қўлидан келгунча улуш қўшса, кўплаб ютуқларга эришиш лозимлиги таъкид­ланмоқда. Лоқайдлик, ўзибўларчилик, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман», деган кайфиятни йўқотиб, барчани бир эзгу мақсад йўлида бирлаштириш бош вазифа экани қайд этилмоқда.
– Кейинги йилларда хотин-қизларга эътибор ниҳоятда юқори бўляпти, – ­дейди меҳнат фахрийси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Дилбар Ғуломова. – Қанча-қанча оилаларда уй тўйлари бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди. Аёлнинг биринчи галдаги вазифаси аслида нима? Албатта, ёш авлодни баркамол, юртга садоқатли, ота-­онага, яқинларга меҳрли қилиб тарбиялашдир. Бола маънавиятни, аввало, оиладан олишини яхши англаб иш тутсак, ҳаммаси ўрнида бўлади. Момоларимиз ўчоқ бошини озода тутган. Ҳозир эса аёлларимиз ўзгараётгандек. Бунга чек қўйиш керак. Айниқса, ажримлар сони ошиб кетаётгани жуда ташвишланарли. Илгарилари аёлларимиз ота уйига қайтиб келишни ор, уят деб билишган. Борган ерида тошдек қотишган. Бугун эса бу оддий ҳолдек гўё. Фарзанди ёнини олиб ажрашишга йўл қўйиб бераётган ота-оналар ҳам топилади. Бунинг ортидан қанчалаб болалар тирик етим бўлиб қолмоқда. Ажримларни тўхтатиб, ўғил-у қизимизни оилага тайёрлашни ўйлашимиз лозим. Фарзанди тарбияси учун ҳар бир оила жавоб берсагина ютуқларимиз салмоғи ошади.

– Давлатимиз раҳбари «Энди жойлардаги раҳбарлар ҳам ўзини қийнаши, садоқат билан ишлаши керак. Четдан келиб ҳеч ким, ҳеч қачон қилиб бермайди», дея таъкидлаган эди, – дейди Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори ­Рустам Қосимов. – Бугунги ишларимизда асосий эътибор шу жиҳатга қаратилган. «Қарс икки қўлдан», дейишади. Лекин маҳаллаларда юриб ўзгача ҳолатларнинг ҳам гувоҳи бўляпмиз. Айримлар ўзлигини, акалик, укалик вазифасини унутиб қўяётгандек. Уларнинг онгига маънавиятни сингдиришимиз, аввало, фарзанд тарбиясини қўлга олишимиз лозим. Оила муҳитида дунёқараши шаклланмаган киши ўзганинг фик­рига қулоқ тутиши бор гап.

Бу каби учрашувлар «Гулбозор», «Жанггоҳ», «Чақар», «Чорсу», «Янги шаҳар», Олим Хўжаев номидаги, «Катта Оқтепа», «Чархновза», «Самарқанд дарвоза», «Белтепа», «Шодлик», «Янги Белтепа», Ибн Сино ва бир қатор маҳаллаларда ҳам уюштирилди.
Ҳар бир учрашувда давлатимиз раҳбарининг «Инсонларнинг дард-у ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», деган ҳаётбахш сўзлари асосий тамойил вазифасини ўтамоқда.

Сирасини айтганда, наинки бугун ёки эртанги кун учун мўлжалланган, балки узоқ истиқболда мамлакатимизда барча тармоқдаги муаммоларни тез ва самарали ҳал қилишнинг янги ва замонавий механизми ҳаётимизда фаол ва самарали ишламоқда.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,

Бошқа хабарлар