ЭЛ СОҒЛИГИ — ЮРТ БОЙЛИГИ халқимизнинг бу ибораси жамоамизнинг асосий фаолият мезонига айланган

73

27 йил. Тарих солномасидан олтин ҳарфлар билан жой олган бу йиллар тарихан қисқа даврни қамраб олган бўлса-да, лекин амалга оширилган улкан ишлар гувоҳига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда ислоҳотлар тезлиги шу даражада ошиб кетдики, бутун дунё Ўзбекистонга ҳавас билан қараётгани қалбларни ғурур ва фахрга тўлдирмоқда.

Барча соҳаларда бўлгани каби эришилаётган ютуқларимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бўй кўрсатаётир. Бунда Тошкент шаҳридаги «Турон» санаторийсининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Истиқлолнинг илк йилларида «Турон» номини олган санаторийда шу давр оралиғида кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ёзги сув ҳавзаси, замон талабларига жавоб берадиган ва замонавий жиҳозланган бинолар қад ростлаб, бир қатор бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди.
Асосан юрак, асаб тизими, гинекологик ва урологик касалликларга ихтисослаштирилган шифо масканига келган ҳар бир дам олувчига тор доирадаги малакали мутахассислар – кардиолог, нев­ропатолог, уролог, гинеколог, психотерапевт, лор, гастроэнтеролог, эндокринолог, стоматолог, дерматолог, ультратовуш ташхиси, игнарефлексотерапия хизматлари кўрсатади.
Реабилитация, кардио-­неврология, кардиология бўлимларимиз мавжуд. Бундан ташқари, бир иш кунида ўртача 2500 нафар кишини қабул қилиш имкониятига эга даволаш-диагностика бўлимимиз ҳам бўлиб, унда замонавий тиббий даволаш муолажалари ўтказилмоқда. Энг янги даволаш-диагностика ускуналари билан жиҳозланган лаборатория хоналарида қоннинг умумий, биокимёвий текшириш таҳлиллари, гинекологик суртма микроскопияси, простата бези суюқлигини текшириш, бактериоскопик текшириш усуллари йўлга қўйилган. Даволанувчиларга қулайлик яратиш учун янги замонавий жиҳозланган минерал сув галереяси, ёзги мавсумда эса замонавий ёзги сув ҳавзаси фаолият юритади.
Реабилитация бўлимида ўткир инфаркт касаллигини ўтказган беморларнинг юрак фаолиятини қайта тиклаш муолажаси йўлга қўйилган. Жаҳон талаблари асосида жиҳозланган бўлимнинг ўзида даволаш ишларининг аксарият қисми ташкил қилинган. Юрак фаолиятида юз берган ўзгаришларни чуқурроқ таҳлил қилиш компьютерли ЭКГ, суткали холтер монитор, велоэргометрия аппаратлари ёрдамида амалга оширилади. Физиотерапевтик муолажалар, психотерапевтик сеанслар ўтказилади.
Иқлим, балчиқ ва парафин билан даволаш, физиотерапия, даволаш-жисмоний тарбияси, маъданли ванналар, сув ҳавзаси ва душлар кўринишидаги муолажалар, кислород ва турли гиёҳли ингаляциялар, игнарефлексотерапия, лазеромагнитотерапия, мануал терапия ва ­бошқа шифо усуллари даволаш омилларимизга киради. Дам олувчиларимиз етакчи профессорлар маслаҳатларини олиш имкониятига ҳам эга.
Санаторийнинг маъданли кам минераллашган хлорид-гидрокарбонат сульфат натрийли суви ёрдамида сув муолажалари амалга оширилади. Маржонли, йод-бром, маъданли ванналар, сув ости массажи, ёзги очиқ сув ҳавзаси, ёпиқ минералли сув ҳавзасида энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида даво чоралари кўрилади.
Бўлимда беморлар учун ошхона, дам олиш учун мослаштирилган холл, массаж, жисмоний тарбия, уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари учун алоҳида шароитларни ўз ичига олган махсус хоналар мавжуд.
Булардан ташқари, турли ҳудудларимиздан келган аҳоли учун амбулатор даволаш, мутахассислар маслаҳати ва ташхис қўйиш бўйича қўшимча пуллик хизматлар ҳам йўлга қўйилган.
Кардиология бўлими юрак-қон томир касаллик­лари (шу жумладан, юрак ишемик касаллиги, инфаркт­дан кейинги кардиосклероз, гипертония касаллиги, ревматизм, юрак нуқсонлари компенсация даври, нейроциркулятор дистония гипертоник тури ва ҳоказолар)га ихтисослашган бўлиб, юрак-қон томир касалликларини стационар даволашдан кейин санатор-курорт даво муолажаларини давом эттиради. Даволаш муолажалари, парҳез овқатланиш ва маданий ҳордиқ чиқариш каби омиллар асосида ўтказилади. Касаба уюшмаларининг имтиёзли йўлланмалари билан келган дам олувчиларнинг асосий қисми кардио­-неврология бўлимида соғлигини тиклайди.
Кенг ва шинам жисмоний тарбия залида даволаш гимнастикаси машғулотлари юрак-қон томир касалликлари, таянч-ҳаракат аъзолари касалликлари учун алоҳида гуруҳларга бўлиниб ўтказилади. Бир неча йил бурун «Беш тибет гавҳари» гимнастикаси машғулотлари йўлга қўйилганини айтиб ўтиш жоиз. Бу ерда замонавий жиҳозланган тренажер зали ҳам бор.
Шифокор стоматолог томонидан дам олувчиларни профилактик кўрикдан ўтказиш учун зарур бўлган тиббий асбоб-ускуналар, стоматологик аппаратлари мавжуд.
Санаторий ошхонаси махсус бинода жойлашган. Парҳез ва тўғри овқатланишни ташкил қилиш мақсадида дам олувчилар ­диагнозига биноан даволовчи ва парҳез шифокорлари кўрсатмаси асосида парҳез столлари ташкил қилинган.
Дам олувчилар ва Тошкент шаҳри аҳолиси учун ­амбулатор даволаш, мутахассислар маслаҳати, ташхис қўйиш каби қўшимча пуллик хизматлар ҳам йўлга қўйилган. Бир сўз билан айтганда, шароитлар яхшилиги, тиббиёт ходимлари ўз ишига масъулият билан ёндашиши, янги диагностика ва даволаш усуллари амалга оширилаётгани натижасида санаторийда даволаниш истагини нафақат юртимиз, балки хорижий давлат фуқаролари ҳам кўплаб билдираётгани эътирофга лойиқ. Соғлигини тиклаётганларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун турли маданий-маърифий тадбирлар, пойтахтимиз буйлаб саёҳатлар, олимлар, санъаткорлар, ёзувчи, шоирлар билан учрашувлар, маънавият кечалари, спорт мусобақалари мунтазам уюштириб борилади. Бой захирага эга кутубхонамиз улар хизматида.
Бир сўз билан айтганда, санаториймизга келган киши борки, ўтказган ҳар бир кунини узоқ вақт эслаб юради. Бу шифо масканига қайта-қайта келишни истайди ва албатта, амалга оширади. Бундай шароит, мазмунли ҳордиқ, тани соғлик – истиқлол меваси, давлатимизнинг халқимиз саломатлигига қаратаётган алоҳида эътибори маҳсули, десак, ҳақ гапни айтган бўламиз.

Қаландар СУЛТОНОВ,
«Турон санаторийси» АЖ
бошқаруви раиси

Бошқа хабарлар