«Хонқа санаторийси» инновацион сиҳатгоҳга айланмоқда

19

Қушлар чуғурлаб, янги тонгнинг дарагини бера бошлади. Кўп ўтмай мумтоз мусиқа янгради. Дам олувчилар бирин-кетин санаторий ҳовлисида тўпланди. Оҳанрабо куй эпкини остида эрталабки бадантарбия машқлари бажарилди.

Тиббий гимнастика машғулотларидан сўнг барча ошхонада тўп­ланди. Сотима Авезова ҳамда унинг ҳамкасблари дам олувчилар учун файз­­ли дастурхон тайёрлаб қўйишган. Ошпазлар таомларнинг витаминларга бой, ҳам тўйимли, ҳам парҳезбоп бўлишига эътибор қаратишади. Аксарият маҳсулотлар санаторий томорқасида етиштирилгани боис, сифатидан хавотирланмаса ҳам бўлади. Мана, бугун ҳам нонуштага тухум, ширгуруч, сариёғ, пишлоқ, творог, шарбат, сметана берилди.
Нонуштадан сўнг барча қабул бўлими шифокори, физиотерапевт Олмажон Сиддиқова ёзиб берган тавсиялар асосида муолажа олади. Санаторийда узлуксиз равишда янгиланишлар кўзга ташланмоқда. Мана, ўтган йили туз ғори ташкил қилинди. Майин мусиқа садолари остида туз ғоридаги оромкурсида маълум муддат ширин хаёлга берилар экансиз, танангиз қувватга тўлади. Бу ерга кирган одамнинг нафас олиши енгиллашади. Ғор таркибидаги бром, йод ионлари бемор нафас йўли орқали бевосита ўпкага тушиб, қонга сўрилиб, беморга тинчлантирувчи таъсир кўрсатади.
Санаторийда бу йил яна бир янги даво тури татбиқ қилинмоқда. Вена ичига томир орқали лазер юборилади. Айтиш жоизки, республикамиздаги саноқли муассасалардагина бундай муолажалар амалга оширилади.
– Элликқалъадан келдим, – дейди Ҳосилпош­­ша она Саидкамолова. – Оёғим, белим оғрирди. Ҳозир ўзимни анча тетик ҳис қиляпман.
Лазер муолажаларини бекам-у кўст қўллаётган олий тоифали ҳамшира Оқилжон Мўминованинг айтишича, даволашнинг ушбу тури оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга. Микробларни ўлдиради. Бўғим касалликлари, ревматизм, инсультнинг олдини олишда муҳим ахамиятга эга. Гепатит касалликларини даволаш, мияни тинчлантиришда самарали таъсир кўрсатади. Ҳатто, миомалардан халос бўлиш мумкин.
– Санаторий ташкил қилинганидан буён ушбу даргоҳда ишлайман, – дейди Оқилжон. – Ўтган давр мобайнида фаолиятимиз йилдан-йилга такомиллашмоқда. Илгарилари фақат шифобахш балчиқ, парафин билан даволардик. Ҳозирда 30 дан зиёд даво муолажалари таклиф қилинмоқда.
Дарвоқе, ушбу сиҳатгоҳ 2002 йилда ташкил этилган. Амударёнинг асосий ирмоғи-Шовот канали қирғоғида жойлашган бальнеологик курорт маскани ҳудуди 14 гектардан иборат бўлиб, турли мевали ва манзарали дарахтлар барқ уриб ўсмоқда. Айниқса, бино атрофидаги баланд терак­лар ҳамда арчалар ёз жазирамасида ҳам мўътадил иқлимни сақлашга хизмат қилмоқда. Ичкарида катта «Қишки боғ» барпо этилган. Бу ерда қад ростлаб турган хурмо, пальма, банан, фикус, лимон сингари субтропик ўсимликлар ва гуллар санаторийга ўзгача чирой-жозиба бахш этади. Шу боис ушбу мас­канда ҳар қандай фаслда баҳор тароватини ҳис қилиш мумкин.
Уч қаватли даволаш, икки қаватли ётоқ корпуси, ошхона мажмуасидан ташкил топган сиҳатгоҳ, асосан, юрак қон-томир тизими, асаб тизими, гинекологик, ҳаракат таянч аъзолари касалликларини соғломлаштириш учун ихтисослашган. Лаборатория, видеокаль­­­­к­о­скоп, УТТ, ЭКГ диагностикасидан сўнг тегишли муолажалар тавсия қилинади. Таркибида йод, бром ва бош­­қа микроэлементлардан таркиб топган маъданли сув шифобахш ванналар кўринишида қўлланилади. Ванна, чой, ванночка, тампон кўринишда гиёҳли муолажалар бажарилади. Турли хасталикларни парафин, балчиқ, электр нур ванналари ёрдамида иссиқлик билан даволаш йўлга қўйилган. Юқори ва паст кучланишли электр муолажаларининг ҳам самараси катта. Турфа уқалашлар саломатликни мус­таҳкамлашга хизмат қилади. Умуртқа поғонасини сув остида вертикал торттириш, магнит майдони билан даволаш, инголяция, «Нуга бест», кедрли фито бочка ҳам ­кўплаб хасталиклардан халос бўлишга ёрдам беради.
Кўпчилик кедрли фито бочка муолажалари ёрдамида бўғимлардаги шамоллашлар, простатит, гинекологик касалликлардан шифо топишганини айтишди. Кейинги пайтларда зулук билан даволаш, ичак­ларни ювиш, мануал массаж муолажаларининг йўлга қўйилгани мижозлар сонининг муттасил ортиб боришига хизмат қилмоқда.
– Асосийси, бу ерда ўз касбининг фидойилари фаолият кўрсатаётир, – дейди Русланбек Шерматов.
Бугунги кунда 80 ўринга мўлжалланган масканда 64 нафар ишчи-ходим, малакали мутахассислар самарали меҳнат қилмоқда. Даволаш бўлими бошлиғи Сувонберди Саъдуллаев, УТТ шифокори Юлдуз Йўлдошева, олий тоифали кардиолог Искандар Каримов, олий тоифали невропотолог Улуғбек Ҳайитбоев, гинеколог Гўзал Матёқубова каби моҳир шифокорларнинг ҳар бир сўзи, тавсияси дам олувчиларнинг кўнг­лини кўтариб, саломатлик­ларини мустаҳкамлайди. Қишки боғдаги фитобарда Санамжон Собирова тайёрлаган кислородли коктейл ҳам дам олувчилар жонига оро кирмоқда.
– «Яхши сўз – жонга озиқ», дейишади. Шифокорларимиз ҳам, ҳамширалар ҳам беморни, энг аввало, ширин сўз билан даволаш зарурлигини яхши тушунишади, – дейди бош шифокор Шуҳрат Собиров. – Ҳар йили режа асосида тиббиёт ходимларимиз тизимдаги санаторийларда бўлиб, ўзаро тажриба алмашиб, иш ўрганишмоқда.
Бош шифокор санаторийнинг самарали фаолият кўрсатишида нафақат тиббиёт ходимлари, балки техник мутахассисларнинг ҳам хизмати катталигини эътироф этди. Ётоқхона корпусига ­масъул Наргиза Раззоқова ҳар бир ташриф буюрувчининг дидига мос хона топиб беради. Хўжалик иши ходимлари Фахриддин Жуманиёзов, Фарҳод Эгамов муассасани иссиқлик, тозаланган сув билан таъминлашда фидойилик кўрсатади.
Сиҳатгоҳга ташриф буюрганлар нафақат тиббий муолажалар олишади, балки мароқли ҳордиқ ҳам чиқаришади. Жаҳон ва ўзбек адабиётининг нодир намуналарини мужассам қилган кутубхонада мутолаа завқини туйиши, теннис ўйнаб, ёшликка қайтишлари, шахмат-шашка баҳсларида қатнашиб, ақл гимнастикаси билан шуғулланиши мумкин.
Кечки салқинда барча яна сиҳатгоҳ ҳовлисига ­тўпланади. Кўзга кўринган санъаткорлар, бахшилар, ҳаваскорлар иштирокидаги концерт дастурлари кўнгилларга хушнудлик бағиш­лайди. Қадимий ва нав­қирон Хивага саёҳатлар, зиёратгоҳларга ташрифлар дам олувчиларга руҳий қувват бағишламоқда.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, ушбу муассаса 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийларига беминнат хизмат кўрсатаётган энг намунали сиҳатгоҳлардан биридир. Бу йил 265 нафар фахрийнинг саломатлиги мустаҳкамланиб, анча тетиклашди. – Кексалар дуосини олаётганимиз туфайли ишимизда унум ва барака бор, – дейди бош шифокор.
– Мақсадимиз, муассасамизни инновацион санаторийга айлантириш. Бизга берилаётган имконият ва шарт-шароитлардан самарали фойдаланган ҳолда бунга, албатта, эришамиз.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар