Шаҳри Кешда мумтоз мерос тараннуми

28

Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қадимий ва ҳамиша нав­қирон Шаҳрисабзда барча-барчанинг катта қизиқиши, улкан ­эътибори, пировардида, меҳрини ўзига жалб қила олган биринчи Халқаро мақом санъати анжумани муваффақиятли якунланди.

Беш кун давомида жаҳон мақомотининг энг сара ижрочилари ўзлари тайёрлаб келган дастурларини намойиш этиб, мухлис ва мутахассисларнинг олқиши, эътирофига сазовор бўлди. Илҳом ва ижод, санъат ва маданият, мусиқа ва овозлар кўриги, иқтидор ва истеъдодлар намойиши том маънода, нуфузли ҳакамлар ишини қийинлаштиргани ҳақиқат. Жумладан, Белгиянинг «Ламекан» ансамбли ижросидаги мумтоз наволар, Буюк Британия вакили Удда Суфиан Саихининг Европа созларида ўзбек мақоми куйларининг моҳирона ижроси, тожик биродарларимиз томонидан тақдим қилинган «Наврўзи ажам», «Шикастаи наво», «Суруди савти», «Савти панжгоҳи Содирхон» куй ва қўшиқлари, туркман қардошларимиз ижросидаги «Туркман мақоми», Туркиядаги Ардахан университети нафис санъат факультетининг мақом ансамбли ижро этган ўзига хос дас­тур ихлосмандларнинг олқишларига лойиқ топилди.
Шунингдек, Покистоннинг «Қавалли» ансамбли ва унинг яккахони Осиф Али Хон бетакрор ижроси ҳамда кучли овози билан мухлислар меҳрини қозонди. Оқсарой майдонини тўлдириб ўтирган сомеълар «Қавалли» гуруҳига қўшилиб қўшиқ куйлади.
«Илоҳий наът» – Аллоҳ ва унинг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бағишлов тароналари юракларни сел қилди.
Ироқнинг «Нова» гуруҳи, Исроилнинг «Яффа Мақам квартет» ансамли, Озарбайжон, Эрон, Миср, Ҳиндистон давлатлари санъат усталари ижросини тинглар эканмиз, мақом гоҳ аллалагандек руҳимизга осойиш берди, гоҳ мудроқ туйғуларни уйғотиб, танимизга қувват улашди. Ўлмас туйғу ҳисобланган муҳаббат тараннуми, ҳижрон ва соғинчни ўзида мужассам этган оҳанглар юракларга гоҳ жунбушлик, гоҳ сокинлик улашди.
Ушбу халқаро санъат анжумани сабаб кўплаб юракларга ўлмас меросимиз, бебаҳо дурдонамиз ҳисобланган мақомга меҳр уйғонди, унинг маънавиятимиз, маданиятимизнинг ажралмас бўлаги эканини дил-дилдан ҳис этдик.
Айниқса, кўрик-танлов доирасида ўзбек санъаткорлари томонидан Бухоро, Хоразм, Фарғона-Тошкент мақом йўналишлари бўйича тақдим этилган ижролар кўксимизни фахр ва ифтихор туйғуларига тўлдириб, шу азиз Ватанга дахлдорлик ҳиссини янада кучайтирди.
7-8 сентябрь кунлари «Мақом санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида илмий-амалий конференция ҳам ташкил қилиниб, унда 18 та хорижий давлатдан 21 нафар ҳамда мамлакатимиздан 10 нафар мақомшунос олим иштирок этди.
Иштирокчилар маъруза ва илмий тадқиқотлари билан чиқишлар қилди, мақом тарихи ва назарияси, мақом ижрочилиги масалаларида фикр алмашилди.

Конференция якунлари бўйи­­ча декларация қабул қилиниб, мақом санъатининг нафақат назарий жиҳатлари, балки уни ижро этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, кўп асрлик ижро йўлларини пухта ўзлаштириб, уларни янгича усуллар билан бойитиб, ёш авлод вакилларига ўргатиб бориш, мақомчилар, мақомшунос илмий-педагог олимлар ва мутахассислар тайёрлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
– Шаҳрисабз шаҳри мезбонлик қилган Халқаро мақом анжумани юртимиз ва жаҳон миқёсида ушбу ноёб санъатни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, – дейди Ўзбекистон миллий мақом санъати маркази бош директори Соибжон Бегматов. – Мақом, авваламбор, илм, тарбия, назария ва тарихдир. Демак, бу омилларни билмасдан туриб мақомни ўрганиб, уни англаб, мукаммал ижро этиб бўлмайди. Шу жиҳатдан олганда анжуман доирасида ўтган илмий-амалий конференцияда олимлар ўз давлатларидаги мақомнинг тарихи, ўзига хослиги ва муштарак жиҳатлари ҳақида фикр алмашишди.
Шунингдек, Маданият вазирлиги ташаббуси билан Халқаро мақом санъати анжуманини аҳоли орасида тарғиб қилиш ва кенг жамоатчилик эътиборига етказиш мақсадида интернет тармоқларида «Maqom challenge» хэштеглари ташкил этилди ва аҳоли орасида ижобий тарғиботга эришилди. Танлов ғолиблари халқаро анжуманга таклиф қилиниб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, мақом санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий, ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар намойиши ва сотуви йўлга қўйилди.
Яна бир хушхабар. Халқаро мақом санъати анжумани доирасида 7 сентябрдан бошлаб «Afrosiyob» замонавий электропоездининг «Тошкент – Шаҳрисабз – Тошкент» йўналиши бўйи­­ча мунтазам қатнови йўлга қўйил­­ди.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти ҳудудига туристлар қизиқишини уйғотиш ҳамда туманларнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, хорижлик меҳмонларга воҳани яқиндан таништириш мақсадида 7-9 сентябрь кунлари Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Китоб туманлари ва Қарши шаҳрида Халқаро анжуман иштирокчилари бўлган 16 та давлатнинг 40 нафардан ортиқ созанда ва хонандалари, маҳаллий фольклор жамоалари ҳамда таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари, маданий тадбирлар юқори савияда ташкил этилди. Мазкур концерт дастурлари ва маданий тадбирларда 18 мингдан ортиқ томошабин қатнашди.
– Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида Юртбошимиз фармони асосида «Дўстлик» ордени билан тақдирландим, – дейди Китоб туманидаги «Мозийдан садо» мақом ансамбли бадиий раҳбари Ҳасан Қурбонов. – Бу мукофотни қилган эмас, қилинажак ишларим учун бўнак сифатида берилди, деб биламан ва санъатимиз ривожи йўлида бор кучим билан меҳнат қиламан. Жаҳон мақомоти улкан дарахт бўлса, унинг илдизи юртимиздадир. Бунга турли тарихий манбаларда мисоллар кўп. Шундай экан, Халқаро мақом санъати анжуманида Қашқадарё вилояти саҳнасида ўз дастуримиз билан қатнашганимиздан бахтиёрмиз.
Соҳибқирон бобомиз юрти, жаннатмонанд гўзал Шаҳрисабз шаҳри мезбонлик қилган биринчи мақом санъати анжумани ғолиб ва совриндорлари ҳам эълон қилинди.
Халқаро ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини учта – «Энг яхши мақом ансамбли», «Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси» ва «Энг яхши яккахон хонанда» номинацияси бўйича баҳолади.
Туниснинг «Al Gharbi Twins», Япониянинг «SPCP Japan» жамоалари ва Туркманистон вакили Сухонберди Оразбердиев учинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Эроннинг «Настар» ансамбли ва ҳиндистонлик Устад Иқбол Аҳмат Хон иккинчи ўринга муносиб кўрилди.
Озарбайжоннинг «Ҳайрати» жамоаси солисти Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг «Сақил» ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди.
Барча ғолибларга махсус дип­лом ва тегишли пул мукофотлари топширилди.
Кўрик-танловнинг бош мукофоти – Гран-при совринига Тожикистон мақом академияси жамоаси лойиқ кўрилди.
Шунингдек, бир қатор номинация эгалари номи ҳам ­эълон қилинди. Унга кўра, «Энг ёш мақом ижрочиси» – Ҳусан Қаюмов (Ўзбекистон), «Энг яхши мақом тарғиботчиси» – «Oʻzbekiston 24» канали, «Энг яхши мақом созандаси» – «Фаваз ал-Шахаб» ансамбли яккахони (Яман), «Энг яхши мақом хонандаси» – Ардахан университети халқ амалий санъати хонандаси Рахшан Тамай (Туркия), «Энг яхши мақом устаси» – Жу Хан Пак (Корея Республикаси) бўлди.
Шаҳрисабз осмони узра отилган мушаклар санъат байрами шукуҳига ўзгача жозиба бахш этди.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

 

Бошқа хабарлар