Экспорт салоҳиятини ошириш импортнинг қисқариши ва янги иш ўринлари демакдир

31
Êîíòåéíåð íà êðþêå íà ôîíå íåáà

Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида қулай инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва 12 сентябрдаги «Банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда валютани тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини ошириш йўлидаги дастлабки муҳим қадам бўлганини таъкидлаш ўринли.

Айтиш керакки, иқтисодиётдаги бу каби таркибий ўзгариш­лар экспорт салоҳиятини юксалтириш, тайёр саноат маҳсулотларини кўпайтириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, мамлакатимиз инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, иқтисодиётимизнинг очиқлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтирган ҳолда хорижий инвестицияларни фаол жалб этишга муносиб хизмат қилаётир.
Жорий йилнинг 1 авгус­тида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони бу борадаги яна бир муҳим иш бўлди. Зеро, мазкур ҳужжат мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвес­тицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг бу борадаги давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулиятини оширишга йўналтирилгани билан эътиборга молик. Агар Фармонга диққат билан ­эътибор қаратилса, унда қатор муҳим ҳуқуқий меъёрлар ўз ифодасини топганини кўриш мумкин. Дейлик, ҳужжатда биринчи марта қўлланилган «Ишонч­­ни ҳимоя қилиш принципи» тушунчасини олиб кўрайлик. Ушбу тушунчага кўра, эндиликда давлат органининг маъмурий ҳужжати ҳақиқий эмас, деб топилса ёки бекор қилинса, инвес­тор ва тадбиркорга етказилган мулкий зарарнинг ўрни қоплаб берилади. Бу эса ўз навбатида, қонун бузилиш­ларини бартараф этиш ва мулк дахлсизлиги кафолатларини кучайтиришда катта ўрин тутади.
Фармондаги яна бир муҳим жиҳат шундаки, эндиликда инвестор ва тадбиркорнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлган маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш фақат суд томонидан амалга оширилиши белгиланди. Авваллари туман ҳокими ўзи чиқарган қарорга ўзи ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, ҳозирда инвес­тор ва тадбиркорлар судда ўз манфаатларини томонларнинг тенглиги принципи асосида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди.
Ваколатларнинг марказдан ҳудудларга олиб берилиши ҳам муҳим янгилик бўлди. Олдинги ҳолат билан солиштирадиган бўлсак, аввал инвестицион шартномалар фақат ҳукумат даражасида тасдиқланар эди. Энди эса Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига хорижий инвесторлар билан 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда инвестиция шартномаларини мустақил тузиш ҳуқуқи берилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга ер участкасини ижарага бериш ҳуқуқи ҳам ўзгарди. Бу ҳуқуқ ҳозирда туман ҳокимликларига берилди ва улар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга 50 йилгача муддатга ижарага бериш ҳақида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Президентимизнинг ушбу фармони билан белгилаб қўйилдики, 2018 йил 1 сентябрдан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахс­лар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл ­қўйилади. Бундан ташқари, ер участкаларини олиб ­қўйишда жисмоний ва юридик шахс­ларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулк­нинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулк­дорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади. Қолаверса, жисмоний ва юридик шахс­ларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи нав­батда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоп­ланади ҳамда кейинчалик айбдор шахсдан рег­ресс тартибида ундириб олинади. Меҳмонхоналар, савдо, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуа­лар, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўл инфратузилмаси ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуриш учун ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиш амалиёти жорий этилгани яна бир муҳим янгилик бўлди.
Фармон билан фермерларга ўз маҳсулоти учун ­мустақил нарх белгилашига рухсат берилди. Илгари экспорт шартномаларини «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамияти томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган қийматларда тузиши лозим эди. Эндиликда эълон қилинган нархлардан ҳам паст бўлиши мумкин.
Сирасини айтганда, мамлакатимизда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун энг қулай инвестиция муҳитини ­шакллантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ишлар иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бош­қарувини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда зарур инфратузилмани яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Рустам РАСУЛОВ,
Тошкент вилояти иқтисодий суди раиси

Бошқа хабарлар