Яхши ниятлар билан яшаш шукуҳи

60

Истиқлол байрами муносабати билан ҳамкасблар жамулжам бўлиб, байрамдан байрамга қадар оралиқда эришган ютуқларимиз ва амалга оширилиши лозим бўлган ишларни муҳокама қилдик. Албатта, қўлга киритилган муваффақиятлар билан мамлакатимиз иқтисодий ривожига муайян даражада улуш қўшаётганимиздан фахрландик ҳам.

Айни пайтда «Андижоннефт» акциядорлик жамиятига қарашли ташкилотларда 1096 нафар ишчи-ходим меҳнат қиляпти. Бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаоллари уларнинг ўз ишига бўлган қизиқишини ошириш, рағбатлантириш, муносиб дам олиши учун шароит яратиш йўлида баҳоли қудрат ҳаракат қилмоқдалар.
Анъанага кўра Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз байрами, Хотира ва қадрлаш куни олдидан бир пиёла чой устида маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Фаоллик кўрсатаётган ходимларга ҳамда бир гуруҳ меҳнат фахрийларига барча ҳамкасблар иштирокида совға-саломлар топширилди. Апрель ойида 30 нафар ишлаб чиқариш илғорлари ҳамда меҳнат фахрийлари учун Самарқанд ҳамда Бухоро шаҳарларига саёҳат уюштирилди.
Йилнинг шу даврига қадар ­аъзоларимизнинг 31 нафари ­«Чимён», «Чортоқ», «Косонсой», «Ниҳол», «Зомин» санаторийларида саломатлигини мустаҳкамлаб қайт­­ди. Корхонадаги 8 та цех ўртасида мунтазам равишда ташкил этилаётган спорт мусобақалари ҳам айни муддао бўлмоқда. Спорт-соғломлаштириш ишларининг узвий ҳолда олиб борилиши туфайли касб касалликларига чалинишнинг олди олинмоқда.
Маъмурият ва касаба уюшма фаоллари ҳамфикр бўлиб, жамоа шартномасига бир қатор имтиёзлар киритганмиз. Масалан, мана шундай қўшимча афзалликлар эвазига ҳарбий хизматга отланган 5 нафар ёш ходим учун тўлов пули корхона ҳисобидан ўтказиб берилди. Серфарзанд аёлларнинг 4 нафари учун 7 соатлик иш куни татбиқ этилган.
Ходим оилавий шароитидан, айниқса, фарзандларидан кўнгли тўқ бўлса, иш вақтида самарали фаолият кўрсатади. Шу тамойилдан келиб чиқиб, ходимларнинг болаларига ҳам эътиборлироқ бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, бу йилги мавсумда уларнинг 57 нафари оромгоҳда дам олди. Бунинг учун 22 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Кам таъминланган 10 та ­оиланинг болаларига янги ўқув йили олдидан ўқув қуроллари жамланмаси туҳфа қилинди. Айни пайтда қўмита маблағлари ҳисобидан 3 нафар ўғил-қиз шаҳардаги нуфузли ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганмоқда.
Ҳаёт тажрибасидан ўтган бир ҳақиқат бор: қаерда ижтимоий ҳимоя­­­га эътибор ҳамда меҳнат муҳофазаси барқарор бўлса, жамоада соғлом маънавий муҳит юзага келади, аҳиллик ва барака бўлади. Яхши ниятлар билан яшаш шукуҳи барчамизни мана шу муштарак мақсад йўлида янги марралар сари руҳлантираётир.

Расулжон МАМАЖОНОВ,
«Андижоннефт» акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар